O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўрта Осиё лўлилари. Улар ким ва қандай яшайди?

Ўрта Осиё лўлилари. Улар ким ва қандай яшайди?
188 views
22 January 2019 - 10:00

«Лўли» сўзи келиб чиқиши яқин бўлган 80 га яқин этник гуруҳни ўзида бирлаштиради. Марказий Осиёда лўлилар узоқ йиллар олдин пайдо бўлган, дея хабар беради «Kaktakto».

Буюк Британия ва Испанияда улар «Gypsies », яъни мисрликлар деб, Францияда «bohémiens», Германия, Италия ва Россияда «рома» ёки «сиганлар» деб аталади. Марказий Осиё давлатларида эса улар «лўли, жугут, мазанг» дейилади. Ўрта осиёлик лўлилар эса ўзларини «мугатлар» деб атайди.

Келиб чиқиш ҳақидаги афсоналар

Қадимда бир камбағал ота-она бўлиб, уларнинг Лў исмли ўғли ва Ли исмли қизи бўлган. Кунлардан бир кун мамлакатга босқинчилар бостириб киради. Тўполонда ҳалиги ота-она фарзандларини йўқотиб қўяди. Лў ва Ли ота-онасини излашга тушади – ҳар бири ўз йўлини танлайди. Орадан йиллар ўтгач, Лў билан Ли учрашиб, бир-бирини танимасдан, турмуш қуради. Ҳақиқат очилганда, муллалар уларни лаънатлайди ва ўша вақтдан бошлаб бу лаънат «Лўли» сифатида уларнинг авлодларига ўтиб келади.

Марказий Осиё лўлилари (бошқа лўлилар каби) Ҳиндистондан келган бўлиб, бир пайтлар ҳинд халқининг қуйи кастларидан бирига мансуб бўлган.

Олимлар Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида V асрда келиб чиқиши Сосонийлардан бўлган Форс шоҳи Баҳром Гуруга совға сифатида Ҳиндистондан кўчирилган 12000 «лўри» санъаткорлари тилга олинганига эътибор қаратди.

Улар «Лўри» ёки «Лўли» номлари Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий вилоятларидан бири бўлган қадимги Синд рожалигининг пойтахти ал-Рур ёки Арур шаҳри номи билан боғлиқ деб таҳмин қилишган. Санъаткорлар гуруҳи янги жойга боргач, ҳунарини сақлаб қолиш ва бошқаларга аралашиб кетмаслик учун кастадан ўзига хос бўлган этник гуруҳга айланган.

Синд халқининг авлодлари Форс ва Марказий Осиё лўлиларига айланди. Форсча луғатда «лўли» сўзи «рақс ва қўшиқ билан шуғулланадиган одамлар» деган маънони англатади.

Нима билан шуғулланади ва қаерда яшайди?

Марказий Осиёнинг шимолий ҳудудларидаги эркак лўлилар асосан отларни кўпайтириш ва сотиш билан шуғулланган. Бундан ташқари, улар отларнинг йўлидан чачвон (мусулмон аёлларнинг юзини ёпадиган тўр) тайёрлаган.

Лўлилар, шунингдек, ёғоч қошиқ, чашка ва бошқа кичик уй анжомларини ишлаб чиқаришган.

Марказий Осиёнинг жанубий вилоятларида эркак лўлилар заргар бўлган. Билакузуклар ва зираклар ясаган, баъзан металл ва ёғоч идишларни таъмирлаган.

Аёл лўлилар кичик савдо билан шуғулланган – улар пардоз буюмлари, игна, иплар, ҳамда лўли эркаклар тайёрлаган маҳсулотларни сотган. Баъзилари фол очиш билан шуғулланган. Уларнинг орасида табиблар ҳам бор бўлган.

Баъзи лўлилар тўдасида аёллар дўппи ва камарларни тикиш билан шуғулланган. Лекин уларнинг асосий машғулотлари тиланчилик бўлган. Ёзда ва айниқса қишда аёллар болалари билан бирга елкасига хуржун осиб, садақа еғиб юрган. Итларни қувиш учун қўлида узун ҳасса (асо) бўлган. Аёл лўлилар майда ўғирлик ҳам қилган.

Тиланчилик ва табиблик билан баъзи эркаклар ҳам шуғулланган.

Лўли ва жугут эркаклар ишлаб чиқарувчи меҳнат билан кўпроқ машғул бўлиб, оиласини боқиш ҳақида қайғурган. Лўлиларнинг аксарияти учун даромаднинг асосий манбаси аёллар шуғулланадиган тиланчилик эди. Кичкина қоп ва ҳасса билан қуролланган аёллар ҳар куни ҳар куни шаҳар ва қишлоқларда ҳовлима ҳовли юриб, садақа йиғган. Йўл-йўлакай кўзгу ёки бир пиёла сув ёрдамида фол ҳам очган.

Мазанглар эса ҳеч қандай тиланчилик билан шуғулланмаган. Мазанг эркаклар дурадгор ва кичик савдогар бўлган.

Чодир лўлиларнинг анъанавий бошпанаси бўлиб хизмат қилган. Қишки чодир ерга қазилган икки ёки учта ходадан қозиқ қилиб, усти қўпол мато билан қопланган. Чодирни чиқиш яқинидаги ёқилган олов билан иситишган.

Ёзги чодир эса фақат қуёшдан пана, соя жой сифатида керак бўлган. У жуда кичикроқ ва одатда битта тўсинга қурилган. Чодир ичига кигиз тўшалган, чойшаб ёйиб, устига ёстиқ қўйилган.

Мазанглар чодири билан бошқа лўлилардан ажралиб турган. Улар кичик новдалар, қамиш ва ҳашакдан чайла қурган. Чайла узунлиги 3-4 метр бўлган, эшиклари қамишдан қилинган ёки мато осиб қўйилган.

Улар нима кияди?

Уларнинг кийими ўзбек ёки тожик кийимидан сира фарқ қилмайди. Ҳозирда ёши катта эркаклари халат ва кенг шим кияди, бошига дўппи кийиб, атрофини салла билан ўраб олади. Аёллар кийимида европа лўлиларига хос кенг юбка ва турли шақилдоқлар йўқ.

Марказий Осиё лўл аёлларининг кийими ўзбекларникидан ёрқин рангга мойиллиги ва рангли комбинациядаги ғайриоддийлиги билан фарқ қилади. Лўли аёллар турли хил заргарлик буюмлари — узуклар, зираклар, билагузуклар, маржонларни янада кўпроқ мойил бўлади, бироқ бу нарсалар ҳам ҳозирда миллий ўзига хослигини йўқотди.

Дин ва оилавий маросимлар

Диний эътиқодига кўра Марказий Осиё лўлилари мусулмон. Улар ўликларни мусулмонларга хос тарзда дафн қилади, ибодат қилади, рўза тутади, ўғилларини суннат қилади. Бироқ, ўтмишда улар, Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб халқлари сингари, исломга қадар турли исломий эътиқод унсурлари билан биргаликда православ эътиқодини уйғунлаштирган.

Лўлиларда турли хил илоҳийларга – жин, пари, алвасти, турли зиёнлардан асровчи тумор ва бозбандларга ишонч кенг тарқалган. Пиёз, қалампир, нон, ўткир нарсалар, қўчқор шохлари ёвуз руҳларнинг ва ёмон кўздан асровчи талисман сифатида қадрланган. Бўрига махсус муқаддас куч деб ишонилган: унинг қозиқтиши ва  қуритилган бурни кийимларга тикиб қўйилган.

Лўлиларнинг эътиқодига кўра, жайра ҳам худди шундай кучга эга бўлиб, уларнинг тикани тумор сифатида ишлатилган. Қарши лўлилари жайра гўштини еган, Самарқандда эса бу ҳайвоннинг гўштини ейиш тақиқланиб, жайра қачонлардир инсон бўлган деган афсонага ишонилган.

Лўлилар кичик оилаларда яшайди. Ўғиллар никоҳдан кейин дарҳол алоҳида турар жойга чиқиб кетади. Ҳар бир оила ўз хўжалигини юритиб, бошқалардан алоҳида бўлишга интилади. Аёл асосий боқувчи бўлса-да, оилада эрига бош эгади.

Қизлар 12-15 ёшида турмушга чиқади. Тўй маросимининг барча урф-одатлари атрофдаги аҳолиникидан фарқ қилмайди. Лўлилар орасида амакиваччалар никоҳлари кенг тарқалган бўлиб, одатда ич куёв қилиб олинади.

Лўлиларга хос хусусиятлардан яна бири қарши қудачилик, бундай ҳолатларда қалин пули тўланмайди.

Лўлиларда никоҳ тўйи билан боғлиқ бир афсона мавжуд. Тўйда келиннинг елкасига ёши каттароқ аёл хуржун осиб, қуйидаги қасамёдни айтдиради: «Қасамки, бу хуржунни бутун ҳаётим давомида олиб юраман ва фарзандларимни ота-боболаримиз каби озиқлантираман. Бу хуржун ҳеч қачон бўш қолмайди, чунки мен ҳар доим уйма-уй юриб, садақа сўрайман. Хуржунимни ташлаб, бошқа иш билан шуғулланадиган кунимга лаънатлар бўлсин.»

Никоҳ маросимида кўплаб меҳмонлар тўпланади. Тўйларда хўроз уриштириш ва эшак уриштириш каби ўйинлари ўтказилади. Шунингдек, югуриш бўйича пойга ҳам уюштирилади.

Мусулмонларга хос никоҳ ўқиш маросими келиннинг уйида бўлиб ўтган. Янги келин-куёвларни эрининг уйига олиб бориш, олов атрофида айланиш, кўзгуда бир-бирини кўриш ва шунга ўхшаш одатларга ҳам амал қилинади.

Биринчи фарзанди дунёга келгач, Лачак Бандон (турмушга чиққан аёлнинг бош кийими) маросими ўтказилади. Лўли аёл одатда садақани йиғиш учун мана шу маросимдан кейин ташқарига чиқади.

Қайси тилда гапиради ва ҳозирда қанча лўли қолди?

Лўлилар икки тилда гапиради: ўзбек ва тожик. Аммо ўзларининг махсус, яширин тили ҳам бор: «лавзи мугат» ёки «арабча» (улар ўзларини қора танли кўриниши ва кўчманчи турмуш тарзи ўхшаш бўлган арабларга қариндош деб ҳисоблайди).

Аниқроғи, у «махфий» яъни бошқа тиллардан кириб келган, маълум объектлар, тушунчалар ва хатти-ҳаракатларни ифодаловчи сўзлардан ташкил топганига қарамай, ўта «махфий» тил эмас.

Марказий Осиёда лўлиларининг сони аниқ саналмаган ва буни ҳисоблашнинг иложи ҳам йўқ. Чунки кўпчилик лўлилар бошқа миллат вакиллари бўлишга даъво қилмоқда. 1989 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Марказий Осиёда тахминан 25 мингта лўли бор эди.

Манба: daryo.uz