Бизнинг назаримизда тарих фани умумий холатда бутун Осиё миқёсида турли давлатларнинг билимдон олимлари билан бирлашган ҳолатда ёритилиши керак. Чунки тарихда шундай сулолалар бўлганки, уларнинг тарихи айнан Осиё минтақаси билан чамбарчас боғлиқ.
Хусусан, Аҳамонийлар, юнонлар, Кушон, Эфталийлар, Турк ҳоқонлиги, Сомонийлар, Тоҳирийлар, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, мўғуллар, Темурийлар, хонликлар ва бошқа сулолалар тарихини фақат битта давлат мисолида ўрганиш бизни тор қолипларга солиб қўйиши, барчага тааллуқли бўлган умумий тарихларни фақат бир давлатники қилиб кўрсатиш бошқаларнинг ғазабига сабаб бўлиши, миллатлар ўртасида адоват пайдо бўлиши мумкин. Тарих инсон ғурури, тириклигинги мазмун-моҳиятини белгилаб берувчи муҳим омил эканлигини инобатга олсак, бу ерда ҳамманинг ғурури, ори, шаъни ҳимоя қилиниши керак, тарихий обьектив ҳақиқатлар бизни шунга ундайди. Турли давлатлар олимлари бир давр ва сулола тарихини гўё ёлғиз уларнинг тарихи сифатида талқин этган. Холбуки улар бугунги 20 талаб давлатлар ўрнида шаклланган, ривожланган ва таназзулга учраган. Шундай экан, битта салтанат тарихи бугунги бошқа халқларга ҳам алоқадор бўлиб қолади ва албатта ҳамма шу даврни ўрганади. Қўшни давлатларда ҳамма учун бир тарихни ўзиники қилиб кўрсатиш, бошқалардан ўзларини баланд тутиш, ура-уралар кучайиб кетганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Тарихий жараёнларни бир томонга оғдириб олиш, бошқаларни инкор этиш миллатлар ўртасига низо солади.
Тарихга назар солсак, алоҳида олинган битта ҳудудда ва давлатда бугун бир миллатгагина боғлиқ бўлмаган халқлар тарихни, миллатлараро кўприклар ўтмишини кўришимиз мумкин.
Миграция тўлқинлари тарихи жуда ҳам узоқ тарихга эга ва улар тарихий босқичлардан иборатдир. Обьектив қаралганда бу табиий-тарихий жараёндир. Улар биз ўйлагандан кўра кенг ва ранг-барангдир. Қабилалар кўчиб юраркан, ўзларига маъқул ерларда умргузаронлик қилаверган ва вақти келиб кўчиб ҳам кетаверган. Баъзи ўтроқ ҳудудлар бундан мустасно.
Бу тарихлар орасида ростдан ҳам туркий халқлар тарихи жуда катта саҳифаларни ташкил этади. Бошқа халқларнинг тарихдаги ўрнини эътироф этган ҳолатда “туркий халқлар тарихини умумий тарзда ёритиш керак” деб ўйлаймиз.
Агар биз ҳеч бўлмаганда умумий кечмишимиз саналган Ўрта Осиё тарихини ёритсак, ўйлаймизки кўпгина низоли масалалар ўз ечимини топиши мумкин. Шунда олимлар келишиб ўша давр сулолалари тарихини ёритишга эътибор қаратган бўлармидилар?! Агар шу тарихлар умумий тарзда, бир-биридан ажратилмаган ҳолатда холисона ёритилса ва ана шу тарихларга Ўрта Осиё халқлари соҳиб чиқа олиши таъкидланса бундан қўшни давлатларда яшаётган қондош-жондош дўсту биродар халқларимиз ҳам рози бўлиши мумкин. Зеро ота-боболаримиз асос солган Туроннинг буюк давлатлари мана шу ерда яшаётган барча халқларнинг тарихидир.