O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўрхун-Энасой обидалари ҳақида

Ўрхун-Энасой обидалари ҳақида
178 views
10 June 2019 - 6:00

Ўрхун-Энасой ёдгорликларининг топилиши ва ўрганилиши XVIII асрдан бошланади. Рус хизматчиси Ремезов бу ҳақда дастлабки хабарни беради. Швед зобити Иоганн Стралленберг, олим Мессершмидт ёдгорликларни Европа илм аҳлига илк марта тақдим қилган эдилар.

Дастлаб, Ўрхун, Селенга ва Тўли дарёлари атрофидан – Шимолий Мўғулистондан тошга битилган обидалар топилди. Энасой дарёси қирғоқларидан ҳам шундай ёдгорликлар топилган. Улар кейинчалик Ўрхун-Энасой ёдгорликлари номини олди.

Маълумки, туркий халқлар ўз давлатига эга бўлган энг қадимги дунё қавмларидан биридир. Ўрхун-Энасой обидалари ана шу тарихни бадиий тарзда ҳикоя қилади. Улар Ўрта Осиёдан бошлаб Дунайгача бўлган улкан ҳудудда ўз давлатларини идора қилишган. Ёдгорликлар, асосан, VI–VIII аср воқеаларини акс эттиради.

V–VI аср ўрталарида дунё харитасида Турк хоқонлиги деган мамлакат юзага келган. Бу мамлакат Ўрта Осиё, Еттисув, Шарқий Туркистон, Олтой ўлкаларидаги турли қабила ва халқларни бирлаштирган эди. Бу ерлар географик жиҳатдан ниҳоятда қулай, 43

бунинг устига Европа ва Шарқий Осиёни боғлаб турувчи, “Буюк ипак йўли” нинг устида эди. Шунинг учун ҳам туркийлар яшайдиган манзилларга қизиқиш катта бўлган.

Турли қабила ва элатларнинг доимий ҳукмронликка интилиши одатдаги ҳол эди. Бундан душманлар ҳам фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Ташқи душманга қарши ҳамкорликда курашиш қабила ва элатларнинг бирлашишига олиб келди ва 545-йилда Турк хоқонлиги юзага келди. Бу хоқонлик VIII асргача ҳукмронлик қилди.

Тошбитикларнинг катта қисми ана шу хоқонликнинг ўзига хос бадиий солномасидир.

Ёдгорликларни бутун дунё туркийшунослари илмий жиҳатдан ўрганмоқда. В. Томсон ва В. Радловдан кейин С. Э. Малов, С. Г. Кляшторний, И. В. Стеблева, Ҳ. Ўрхун, Т. Текин, Нажиб Осим, Г. Айдаров, ўзбек олимларидан А. Қаюмов, А. Рустамов, Ғ. Абдураҳмонов, Н. Раҳмонов, Қ. Содиқовлар ўрганишган.

Ёдгорликлар ҳозирги ўзбек тилига бир неча маротаба табдил қилинган. Руний ёзувдаги ёдгорликлар фақат тошга битилган эмас. Уларнинг қоғозга, турли буюмлар (кумуш кўзачалар, ёғоч, тери, ойна, қайиш тўқаси)га ёзилган намуналари ҳам бор. Масалан, “Ирқ битиги” (“Таъбирнома”) қоғозда ёзилган.

Сўзни “Тўнюқуқ” битиктошидан бошлайлик. Тўнюқуқ – шахс номи. У иккинчи турк хоқонлигига асос солган Элтариш хоқонининг маслаҳатчиси ва саркардаси бўлган.

Тўнюқуқ “Турк Билга хоқон давлатида бу битигни ёздирдим” дейди. Билга хоқон Элтариш хоқоннинг ўғли эди.

Битиктошдаги воқеалар Тўнюқуқ тилидан ҳикоя қилинади: “Мен – Доно Тўнюқуқман. Ўзим Табғач давлатида вояга етдим. Турк халқи Табғач давлатига бўйсунар эди…”

Сўнг ана шу даҳшатнинг – туркийларнинг ўз эркини қўлдан бериб қўйишларининг сабаби айтилади: “Турк халқи бошбошдоқликка, ўзибўларчиликка, бепарволикка йўл қўйди…ўзининг хони билан бирга бўлмади”.

Мустамлака азоби, ўзга халқ таҳқири ёдгорликда қисқа ва лўнда, аммо ниҳоятда таъсирчан тарзда ифодаланади:

“… Табғачга таслим бўлганлиги учун тангри, ўл деган, шекилли, турк халқи ўлди, йўқ бўлди, тугади. Турк Сир халқи ерида бирорта ҳам уруғ қолмади”.

Тўнюқуқ етти юз кишини бирлаштириб, “шад” деган унвон олади. Бу турк хоқонлигидаги энг олий даражадаги ҳарбий унвонлардан бири эди.

Тўнюқуқ Бўгу тархон ҳамда Элтариш хоқон (Кул тигин ва Билга хоқоннинг отаси) билан бирга мамлакат мустақиллиги, эл-юрт фаровонлиги, юрт осойишталиги, чегаралар дахлсизлиги учун тинимсиз кураш олиб борди. У бу курашларнинг олдинги сафида эди. Аммо душманлар ҳам тинч ўтирмади. Улар кучларни бирлаштириш пайига тушишди.

Тасвир давомида вазиятнинг кескинлашиб бориши, бунинг натижасида Тўнюқуқ шахсиятидаги кучли нуқталарнинг тобора кенгроқ очилишини кузатиш мумкин. Хусусан, буюк саркардаларга хос бўлган таваккалчилик, довюраклик, жасорат, журъат, баъзан ниҳоятда кескинлик, чўрткесарлик, айни вақтда босиқлик, вазминлик хислатлари бу тасвирларда аниқ кўриниб туради. У катта тажриба эгаси сифатида намоён бўлади.

Тўнюқуқ буюк ватанпарвар шахс тимсолидир. Унинг ўз ватани, хоқони, қўшини, халқи билан фахрланиши, уларнинг борлигидан ўзини бахтиёр сезиши ёдгорлик матнига пухта сингдирилган.

Ҳатто душманнинг “хоқони баҳодир экан, маслаҳатчиси аллома экан” деган баҳосида ҳам шу руҳ мавжуд. Тўнюқуқнинг хотиржамлиги эса “халқнинг томоғи тўқ эди” жумласи орқали ифодаланган.

Душманнинг туркийлар устига ҳужум уюштириш ҳақидаги ёвуз ниятини эшитган Тўнюқуқнинг “тун ухлагим келмади, кундуз ўтиргим келмади” дейиши унинг ўз тақдирини халқ ва юрт тақдири билан нақадар яхлит ҳолда тасаввур қилишини кўрсатиб турибди.

Тўнюқуқ ифтихоридаги энг асосий нуқта шундай ифодаланади: “Бу турк халқига қуролли душманни келтирмадим, яловли отни югуртирмадим”.

Тўнюқуқ обидаси ватан ҳақидаги мадҳиядир. У воқеий ёки бадиий асар бўлишидан қатъи назар, унда ҳаёт ҳақиқати ҳам, тарихий ҳақиқат ҳам бадиий тарзда ўз аксини топган.

Туркий қабила ва элатларнинг ўзаро талашиб-тортишишлари ҳам, ташқи душман билан бўлган аёвсиз курашлар ҳам, аслида, тарихий ҳақиқатдир.

Элтариш, Бўғу, Билга хоқонлар ҳам тарихий шахслардир. Асарда тилга олинган кўплаб қабила, уруғлар тарихда мавжуд бўлган, уларнинг бир қисми ҳозир ҳам алоҳида халқлар ва миллатлар таркибида яшаб келмоқда.

Ёдгорликда мурожаат, ундов, чақириқ, етакчилик қилади. Тўнюқуқ табиатида тушкунлик, иккиланиш мутлақо кўринмайди. Унинг ҳаракатларида, сўзларида ўзига ҳам, бутун халқига ҳам буюк ишонч балқиб туради. Худди шу ҳолат унинг ғалабаларида асосий омил бўлади.

“Тўнюқуқ” битиктоши композитсион жиҳатдан етук асар. Унда ўзига хос бошланма, воқеалар ривожи, хотима мавжуд. Шу композициянинг ўзида ҳам катта бадиийлик бор. Бу мақсад тўлалигича амалга ошган.

Ёдгорликнинг тил хусусиятлари ҳам эътиборга лойиқ. У VIII асрдаги адабий тил намунасидир. Асар тилидаги кўплаб сўзлар ҳозирги ўзбек тилида айнан қўлланилади. Бир қисм сўзларда озгина товуш ўзгаришлари юзага келган, яна бир тоифа сўзлар эса бугунги истеъмолдан чиқиб кетган.

Ёдгорликда ўрни-ўрни билан сўзларнинг кўчма маъноларда қўлланиши сезилади. Шунингдек, мажоз, матал, мақоллардан фойдаланиш кучли:

“Табғач, Ўғуз, Қитан – бу учови қамал қилса, қамалда қолажакмиз. Унда вужудининг ич-у ташини – мол-у жонини топширган кишидай бўламиз. Юпқа йиғин тор-мор қилишга осон эмиш, ингичка йиғин узишга осон эмиш. Юпқа қалин бўлса, тор-мор қиладиган баҳодир эмиш, ингичка йўғон бўлса, узадиган баҳодир эмиш”.

Асарда олтинга “сариқ”, кумушга “оқ”, туяга “егри” сингари эпитетлар – сифатлашлар қўлланган.

Ундаги асосий тасвир воситаси аллитерациядир. Аллитерация – товушлар оҳангдорлиги, асосан, бир хил товушларнинг такрорланиши натижасида юзага келадиган оҳангдорликдир. Унда унли ва ундош такрорланиши мумкин.

Ўнгра қитайнйиғ ўлуртачи терман,

Бани ўғузуғ ўлуртачи – ўқ терман.

Сўз такрори ҳам ёдгорликда кўп учрайди.

Табғач қаған яғимиз эрти

Ўн ўқ қағани яғимиз эрти.

Ундаги ўзига хос тасвир усулларидан яна бири воқеа-ҳодисаларга муайян ёндашиш билан изоҳланади. Кўпинча бир неча воқеа-ҳодисалар ёки улар билан боғлиқ деталлар кетма-кет саналади:

“Турк будун ўлти, алқинти, йўқ бўлди”. Бу ердаги кетма-кет саноқ воқеа замиридаги даҳшатли мусибатни, кучли фожиани жуда ёрқин намоён этади. Ёки:

“Табғач, барданайин тег. Қитанй, ўнгдалайин тег. Бан йирдантайин тегайин”. (Табғач, сен ўнгдан ҳужум қил! Қитан, олдиндан ҳужум қил! Мен чапдан ҳужум қилай!).

Бу ўғузлар орасидан келган кузатувчи нутқидан парча. У ўғузлар фикрини ифодаламоқда. Бу ердаги саноқ душман томонидан солинаётган таҳдид ва хавф-хатар доирасининг нечоғли катталигини тасаввур этишга имкон беради.

Буларнинг ҳаммаси Тўнюқуқ битиктошининг юксак ватанпарварлик руҳи билан суғорилган қадимий нодир бадиий асар эканлигини яна бир марта тасдиқлаб туради.

Ёдгорликларда инсон шахси ва, айниқса, унинг эрки билан боғлиқ масалалар теран бадиий таҳлил қилинган.

Сўзлар такрори ёдгорликдаги асосий тасвир воситаларидан биридир. Аммо улар матнда ғализлик туғдирмаган, аксинча, муаллиф фикрининг таъкидланишига, алоҳида урғу билан кўринишига ёрдам берган. Буларнинг барчаси ёдгорликларнинг жуда катта маърифий ҳамда бадиий-эстетик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Туркий халқларнинг бадиий ижоди мозийнинг жуда қадим қатламларига туташади. Эрамиздан олдинги даврлардаёқ юнон тарихчилари аждодларимиз орасида мавжуд бўлган оғзаки ижод намуналари: эртак, ривоят ва афсоналар ҳақида айрим маълумотларни ёзиб қолдиришган. Шунингдек, эрамиздан олдинги Хитой тарихчилари ҳам туркийларнинг ўзига хос қўшиқ ва достонлари бўлганини манбаларда қайд этишган.

Шу ўринда қадимги даврларда яшаб ижод этган айрим адибларнинг номларини эслатиб ўтиш жоиз. Бизгача Апринчур Тегин, Кул Тархон, Сингку Сели Тутунг, Пратяя-Шири, Асиг Тутунг, Чусуя Тутунг, Калим Кейси, Чучу, Йўллуғ Тегинларнинг номлари етиб келган.

Турли-туман тарихий маълумотларга таяниб Ўрта Осиёни эпослар бешиги деб номлаш мумкин бўлади. Эрамизгача бўлган V асрда яшаган Ҳеродот Тўмарис билан боғлиқ воқеалар тафсилотини келтирган. Яна бир юнон тарихчиси Полиэн эса Широқ ҳақидаги афсона мазмунини ёзиб қолдирган.

facebook.com