O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўтган асрнинг “Турғунлик йиллари”да ёзилган шеърлар

Ўтган асрнинг “Турғунлик йиллари”да ёзилган шеърлар
351 views
28 January 2016 - 13:56
Муҳаммад Солиҳ 70-йилларда

Муҳаммад Солиҳ 70-йилларда

Қуйидаги шеърлар ўтган ХХ асрнинг 70 йиллари ўрталарида битилган, яъни роппа роса 40 йил олдин.

Қирқ йил!..

Бу орада кўп вокеалар бўлиб ўтди, уларнинг энг каттаси Советлар Иттифоқи йиқилши эди Ўзбекистон мустақил бўлди, аммо Совет даврида бу мустақиллик учун курашган қуйидаги шеърлар муалллифи “хоин” деб эълон қилинди, Совет давлатининг химоячилари эса мустақил давлатнинг бошига келиб “мустақиллик қахрамонлари” дея олқишланди.

Қуйидаги шеърлар муаллифи “хоин” сифатида юртида қувилди ва “Ёзувчилар Союзи” аъзолигидан ўчирилди…

Bilet MS

Муҳаммад Солиҳга берилган “Совет Иттифоки Ёзувчилар Союзи” аъзолиги гувоҳномаси

Ва ўзбек ватансеварларининг тақдирида янги, даҳшатли бир саҳифа очилди. Бу саҳифа хали ҳам ланг очиқ, ўртада ҳувиллаб турибди…

Шеърлар эса… Улар бир марта ёзилди, улардан осонликча қутула олмайсиз, бир баҳона топиб қаршигизга чиқаверади.

Мана, улар.

Уларни бугун ўқиган ўқувчи билан 40 йил олдин ўқиган ўкувчи олган таассуротини қиёслаб ўлчайдиган бир ускуна бўлганда эди, бу шеърларнинг хақиқий қийматини ҳам айтиш мумкин бўларди. Аммо бундай бир ускуна йўқ ва бу шеърларнинг бугун учун нақадар янги ёки эскирганини айтиш ҳам имконсиз.

Балки, бу матнларнинг бугун ёзилаётган шеърлар билан муқоясаси жараёнида ўртага чиқар?

Бунга шеър мухлислари қарор берсин.

Мухаммад-Салих,-Мозжинка,-Звенигород,-Московская-область,1975-год.

Муҳаммад Солиҳ Москва вилояти, Звенигороддаги “Мозжинка” номли Академиклар далабогчасида. Октябр 1975 йил

Ҳар холда, эълон қилинаётган бу матнлар 40 йил аввал Модерн Ўзбек Шеъриятининг илк одимлари эди.

Бугун бу Шеърият қайси манзилларда?

kitob surati

(Шеърлар Муҳаммад Солиҳнинг 1980 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда 10 минг нусхада босилган “Оқ кўйлаклар” китобидан олинди)

***

ХОРАЗМ МАНЗАРАЛАРИ

I
Чўккан кема узра, денгиздай,
Кўпикланиб турар шўр тупроқ…
Тоғлар чўкиб кетган бу ерда —
Оёғимни чўққилар тирнар…

II
Кафтдай текис…
Бу ерда баландлик қўрқинчли жардай.
Кимдир, қаердадир инграйди — ВОҲ-А!
Кафтдай текис!… Тутга суяндимг…
Кимга мени чўзмоқда бу кафт?!

III
Сўнгги марта сайради ҳаққуш.
Сукут қайта чўкар овулга.
Катталар ухлайди, кичиклар ухлар —
Оқшом узра елканлар каби
Сузар оппоқ пашшахоналар…

IV
Адашиб кетгиси келарди қизнинг,
Иигитнинг адашгиси келарди.
Қани, улар бирга адашиб кетса!
Лекин бу шўр тупроқ уларга таниш —
Адашиб кетолмас ошиқлар шўрлик.

V
Бунча зерикарли далалар —
Пахтасиз!..
Ана, пайкалларда
Кўкка анграяр
Деҳқоннинг қўлидай бўм-бўш чаноқлар!

1977

***

БАҲОР ҚУШИҒИ

Одамлар, бу қушлар
Сизни севмоқ учун учиб келишди!

Гуллар кўкаради яқинда,
Албатта кўкарар –
Гуллар адашмайди ҳеч қачон!

Иўловчи, ортингга ўгирилсанг-чи —
Боладай эргашар сенга мусича!

1976

***

ФАСЛ

Гуллар рўй кўрсатди,
Юз берди севги,
Очилди кўнгиллар кутилмаганда!
Биз журъатни не қилар эдик
Агар дафъатанлик ўтилмаганда?!

Сўнгги бўсаларнинг устидан тунда
Идрок босилади манглайга — муздай.
Лекин тонгда биздан рухсатсиз,
Ҳаёт бошланади томиримизда —
Такрор!

1976

***

ҚЎШИҚ

Лабларинг жипс.
Гўё хайрлашар улар мангуга.

Вужудинг тош.
Тош — шиддатнинг юксак нуқтаси.

Кўзинг томирлари оқимни тўсган
Атлант мускулидай қабарар…

Лабларинг жипс –
Улар хайрлашар мангуга —
Бесабр кутади уларни
Қўшиқ.

1976

***

БЕПОЁНЛИК

Мен мадҳ этган бу мовий осмон
Сени олиб кетди узоқ-узоққа.
Мен куйлаган ҳайбатли тоғлар
Сени мендан яшириб қўйди!..

Энди мен,
Энди мен,
Йиғлаб куйлайдирман бепоёнликни!

1976

***

СЎНГГИ ҚАРАШ

Бундай қарамаслар одамга,
Дарахтга, дарёга, осмонга
Бундай қарамаслар ҳеч қачон!

Шундай қараш мумкин йўқликка, холос.
Шундай қарар одам, агарда
Кўзларини юммай ухласа!

1974

***

СЎҚМОҚ

Шом тушар.
Сўқмоқ жим кириб кетар боғ томон
Шу заҳоти майсалар уни
Қитиқлай бошлайди икки тарафдан.
Сўқмоқ қиқирлайди,
Буралиб, буралиб кулади… яна
Давом этар йўлнда сокин.
Аммо боғнинг тўрида бирдан
Эҳтнросли, яшил дарахтлар
Ҳансираб энгашар унинг устига!

Шунда сўқмоқ эриб кетади…

1976

***

ФЕЪЛЛАР

Тонгда бирдан чўчиб уйғонмоқ
Эшикнинг бемаҳал тақиллашидан.
Телеграмма олмоқ. Суянмоқ
Эшикнинг муз каби кесакисига.

Букилиб кетаркан тиззалар,
Кўз олди қоронғи, хонага кирмоқ
Ва гиламга тушиб узала
Ваҳший овоз билан ўкирмоқ.

1975

***

ДЕРАЗАДАН БАҲОР ҚАРАШИ МУМКИН

Деразадан баҳор қараши мумкин,
Тикилиши мумкин осмон.
Сен ётибсан юзингни ёстиққа дафн этиб —
Кўксингда парчинланган Туғён.

Деразадан баҳор қараши мумкин.
Тикилиши мумкин осмон.
Сен ётибсан юзиигни ёстиққа дафн этиб —
Сен кетиб қолгансан бу уйдан.

1976

***

БЎШАБ ҚОЛГАН УЙ

Эшикнинг олдида, офтобда
Бўшаб қолган уйдай ўтирибди чол:
Қизи самолётда учиб кетди унииг,
Қайгадир жўнади ўғли поездда.
Кейин, ташлаб кетди уни
Тишлари,
Сочлари,
Мадори.

Энди кўксидаги сўнгги дўсти
Юрак бисотини йиғиштирмоқда…

Эшикнинг олдида, офтобда
Исиниб ўтирар бўшаб қолган уй –
Ёлғиз кампир яшар бу уйда.

1975

***

ПОЕЗД

Поездга чиқасан.
Онанг қўл силтар.
Хотинингнинг ҳўл рўмолчаси
Ҳилпирамас — ул синган қанот.

Лекин
Лекин
Қўл силтамас дарахтлар,
Ҳўмраяр тоғлар,
«Видо» айтолмайди сенга пахтазор-

Улар сендан хат ҳам кутмайди!..
Сен ҳалок бўлдинг-ку, жигарим!..

Жасад эса купеда чой ичиб
Бемалол кетмоқда Ватандан…

1975

***

КАЛИТ

Қўлини чўнтагига тиқиб
Сесканиб кетар у —
Куйдириб юборар бармоқларини
Кимсасиз уйининг муздай калити!

1978

***

У БИРДАН ЎЗИНИ БАХТИЁР СЕЗДИ

У бирдан ўзини бахтиёр сезди —
Юраги капалак сингари енгил.
Унинг ҳазил қилгиси келди,
Алдагиси келди унинг кимнидир.

Чўнтагига ноннинг ушоғин солиб,
Хиёбонга борди. У ерда
Дайди кабутарга нон бераётиб,
Секин шивирлади: «Мен—бойваччаман!»

1978

***

СОНЕТ

Қалб ажиб ҳисларни бошдан кечирар —
Барча ёнадиган нарсалар — ёнинг!
Бу мовий, бу зангор аланга ичра
Кўзлари ёрийди қари дунёнинг!

Куйлайди, титрайди, билмайди осмон:
Йиқилсин у қайси уфқ пойига?!
Мен бўлса бу ерда шафқатсиз ёшман
Чидаш мумкин эмас бахтлар ойига!..

Лабларим қақраган бу арафада
Оёғим остига бир олис шамол
Тоғлар бўсасини тинсиз тўкарди.

Юрак ҳам қўзғалди, шошқин, дафъатан
«Ўлди» деб саналмиш чечаклар шу он
Кўксимдан чинқириб кўкарди.

1977

***

НИМА КЕРАК СЕНГА

«Нима керак сенга,
Нима излайсан —
Кўнсанг бўлмайдими шу ҳаётга».

Дўстларим кўрсатган ўша ҳаётга,
Атир ҳиди анқиб турган ҳаётга,
Узоқ тикиламан.

Яна тикиламан.

Кўнмайман.

1977

***

МЕН ЎЗ ЮРАГИМДАН ҲАЙРАТЛАНАМАН

Мен ўз юрагимдан ҳайратланаман;
Унда ҳар бир туйғу
Бахтга айланишга тайёр!

…Иўқ, энди учмайсан.
Майли, зое кетсин бу осмон.
«Сенсиз яшолмайман», десам,
Бу ёлғонга ишон, ёлғизим.

Сенга тўлсин Бугун.
Лим тўлсин Эрта ҳам сенга.
Кетма.

1976

***

ДЕРАЗА ОЙНАСИДАГИ ЁЗУВ

Ташқарида дарбадар кезар
Ёғмоқчи қорларнинг иси.
Деразанинг кўзида эса
Нафис бармоқларнинг изи.

«Айланиб кел. Муҳими — тоқат.
Муҳими — қорларнинг иси.
Унут деразани, унут фақат
Нафис бармоқларнинг изини…

…Иўқ. Бемаъни ҳар қандай сайр».
Мен ҳолсиз чўкаман гиламга.
Нафис ханжарлардай «Хайр!»
Ялтирар тўрт бурчак туманда.

1977

***

ОРЗУ

Айвон оддий бўлса — бўлмаса тўри.
Ундан ҳам оддийроқ бўлса дўстларинг.
Оёқ чалиштирган кимнидир кўриб,
Киноя қилмаса зийрак кўзларинг.

Тепангда чайқалиб турса бир фонус.
Хоҳламаган қуйиб, хоҳлаган ичса.
Суҳбатлар туғилса ўзидан-ўзи —
Улар ўсимликка ўхшаб ўсишса.

На енгилтак бўлсак, ё на такаббур.
Бир текис жимирлаб турсайди этлар.
Осмонга тикилиб одамлар каби,
Бир ёзиб ўтирсак ойдин сонетлар.

1977

***

ҚЎЙИБ ЮБОРМАГИЛ МЕНИ ҲАЁТДАН

Сен ҳамиша мана шундай кул,
Кулгили кўринсин токи ғам-алам.
Иссиқ лабларингда исинсин буткул,
Қувонч — совуқ еган рангин капалак.

Доим қувон, мана шундай сен,
Қалб инграб юборсин кўриб ўз Пирин.
Даҳлизда қадамлар товушин эшитсин
Умид — эшик қоқиб турган ўспирин.

Сен ҳамиша мана шундай кул —
Мана шундай ғуборсиз, содда.
Мени қамра, қамраб ол буткул —
Қўйиб юбормагил мени ҳаётдан!

1977

***

НИМА ҲАҚДА СЕНИНГ ЖИМЛИГИНГ?

Хона гўё совуқ бир бағир —
Бизнинг бошларимиз қўйилган.
«Ахир»… «Ахир»… «Ахир»…
Идрокка уч бора ўйилган.

Юзимни сен томон бургани
Қўрқаман, етмайди журъатим —
Ўзингдай қорага бурканиб
Кўзингда бир шарпа юради.

Гапир. Ҳеч бўлмаса ингра,
Нима кўзларингда мени имлаган?
Нима ҳақда бу синиқ чеҳра,
Нима ҳақда сенинг жимлигинг?

1977

***

ҚАЙТАСАН ҚЎРҚИНЧЛИ ФИКРДАН

Қалб! Бу барглар сендан ҳам юфқа.
Гуллар фавқулодда киртайди.
Сени қийнар кундузи шубҳа,
Кечалари умид ўртайди.

Сен билмайсан, бўйинг ва энинг
Нима билан ўлчар бу атроф?
Фақат кўзда қалққан ёш сенинг
Борлигингни этар эътироф.

Яна тирилади жон танда,
Яна фарқинг бор сенинг кўрдан.
Оғир саёҳатдан қайтгандай,
Қайтасан қўрқинчли фикрдан.

1978

***

КУЗАТМОҚ

Мана, кузатмоқ ҳам мен учун лаззат.
Ҳар ким ўз пальтосин… киямиз.
Бу қўлми?
Титрайверсин хоҳласа,
Мен уни билмайман. Меники эмас.

Балким, оғриқ бордир, ҳаётдир балким.
Аммо у бизлардан узоқда оғрир:
Кўрмаганга солиб ўтади ҳар ким.
Ўзининг юраги ёнидан мағрур.

Бу — мен эмасдирман. Бу ҳам — сен эмас,
Йиғласанг, фарёдлар чексанг ҳам ҳатто!
…Ипакдай жимликда, бир сўз демасдан
Кўчага чиқади иккита пальто…

1978

***

БИР КУНИ ҚАЛАМИНГ СИНМАС

Бир куни қаламинг синмас тўсатдан,
Қофиялар тугаб қолмайди бир кун.
Ҳузн қайта-қайта йўлинг тўсади,
Юрак қайта-қайта кетади ҳуркиб.

Тунлари кўзингнинг олдига секин
Ҳеч қачон келмаган нарсалар келар —
Оний саодатга тикилар экан,
Кўзларингнинг чоки шошиб сўкилар!

Бир кун қофиялар бўлмайди тамом,
Бир куни қаламинг синиб қолмайди.
Сени олижаноб этар бу само,
Қайта тарбиялар сени гул ҳиди!

1978

***

Муҳаммад Солиҳ рафикаси Ойдин Солиҳ билан Москвада. Декабр 1975 йил

Муҳаммад Солиҳ рафикаси Ойдин Солиҳ билан Москвада. Декабр 1975 йил

СЕВГИНИНГ БЕШ БАРМОҒИ

I
Мени енголмади бу Вақт — учқур,
Мен ундан севгимни асрадим.
Беморнинг кўзлари сингари чуқур
Менинг муҳаббатим — ҳасратим.

Тушлар идрокимга сени йўғирди.
Тонг эса алдади — шафқатсиз рўёб.
Юрак ой ва кунлар узра югурди —
Синиқ шишаларнинг устидан гўё.

Мана, сен! Қалб шўрлик базўр ишонар,
Бу бахт меникийди, менга буюрди,
Илоҳий бир ўтда ёнар пешонанг —
Менинг исмим ёнар бу ерда!

II
Нега ҳеч шошилмай кезяпман мен,
Нечун бу соатнинг тиллари жимдир?
Вужуд интилмайди.., Сезяпман мен:
Мени кутмай қўйди тўсатдан кимдир!

Ўша сенга таниш юрак ўксиниб
Бир зум тўхтаб қолар ҳайрон, ҳангу манг.
Сўнгра жон ҳолатда титар кўксимни —
Ёки йўқотдимми сени мангуга?

Вужуд парча-парча. Сўзларим узуқ.
Таний олмаяпман ўз сасимни.
Қорачиғим кесар машъум бир чизиқ —
Ким йиртиб ташлади менинг расмимни?

III
Бу гал бир-бировдан, севги ўрнига,
Учрашдик, сўрамоқ учун кечирим.
Занглаган ўқларни — қалбда юринган —
Суғуриб оламиз аста, бежирим.

Худди ўқлар каби мўлжалга етар,
Чиройли қўйилган дори-дармон ҳам.
Дафъатан кулгили кўриниб кетар
Севги ҳам, нафрат ҳам, армон ҳам…

Айтиб бўлдик, ахир, гапнинг сирасин —
Манглайга лабини теккизар роҳат.
Севгининг кўксида янги бир расм —
Чиннигул шаклида битган жароҳат.

IV
Сен қайтиб келасан қорачиғингда
Менинг аксим ҳали ўчмасдан бурун.
Сен қайтиб келасан, менинг йўғимда
Иккимизга махфий тўшайсан ўрин.

Пайдо бўлган оним йўлакда, мендан
Суюнчи сўрайди сен ечган кийим.
Англаб бўлмас энди барин дафъатан-
Бўйнимда қўлларинг йиғлайди юм-юм!

Юрак энг қадимий ҳисда ўйноқлар,
Сен ҳам бу жаҳонни унутасан…
Бўсалар бошланур мунис, қийноқли
Ва севги — кунлардай мунтазам!

V
Биз бу фожиани, — бир-биримизни
Соғинмай қўйишдан, бошладик.
Севгини, арслонлар пойига каби,
Эрмаклар олдига ташладик.

Бизда севги тасаввурлари
Эртак каби ҳур эди, ўзга,
Иўқ, бу муҳаббатни кўп эмас,
Оз кўрди юраклар ўзига!

Ахир, улкан эди севгидан
Севги ҳақидаги тасаввур!

1976