O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

«Ўткан кунлар» таржимонига ваъда қилинган гонорар берилмаган

«Ўткан кунлар» таржимонига ваъда қилинган гонорар берилмаган
105 views
20 October 2021 - 18:27

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилган америкалик маданиятшунос Марк Эдуард Риз Twitter саҳифасида Ўзбекистондаги амалдорлардан бири президент томонидан беш ой олдин ваъда қилинган гонорардан кечиб юборишни сўрагани ҳақида ёзди.

«5 ой олдин мени яхшигина гонорар билан мукофотлаб, «Ўткан кунлар»нинг инглиз тилидаги таржимасидан минг нусха сотиб олиниб, элчихоналарга тарқатилишини ваъда бергандингиз», деб мурожаат қилди Марк Эдуард Риз Ўзбекистон президентига.

Таржимоннинг қайд этишича, у май ойида Тошкентдан кетишидан бир кун олдин ҳукуматда ишлайдиган кишилардан бири Абдулла Қодирийнинг невараси, таржимоннинг дўсти ҳисобланган Хондамир Қодирийга телефон қилиб, «Мен 7 дақиқадан кейин президент билан учрашаман. У Маркка ташрифи пайтида қанча гонорар берганимизни билмоқчи. Биз унга пул бермадик. Марк буни кечириб, унутиб юбора оладими?», деган.

«Мен эса ўша ҳукумат ходимига «Сиз мендан президент Мирзиёевни алдашимни сўраяпсизми? Бориб чойингизни ичинг», дедим. Менинг бундай муносабатимдан сўнг ўша ходим дўстимга таҳдид қилган.

Бундай кутилмаган ҳолатдан ҳайратда қолдим. Воқеадан бир кун олдин жаноб Султонов (президент маслаҳатчиси – Хайриддин Султонов) билан кўришган ва уни профессионал сифатида кўргандим. У ҳам таржималар қилган ва ўйлайманки, ҳозирги ўрнига муносиб. Бироқ хулосам шуки, топ лидерларнинг ҳаракатлари ўртадаги коррупционер одамлар сабаб ҳавога учяпти», деб ёзади Марк Эдуард Риз.

Таржимон ўзига Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университетидан иш таклиф қилингани, лекин уни рад этгани ҳақида ҳам ёзган.

Унинг айтишича, ушбу таклиф билдирилган онлайн учрашувда Ўзбекистон томонидан дўстига таҳдид қилган ва унга гонорарни «унутиш ва кечириш»ни таклиф қилган ходим ҳам иштирок этган.

«Мен ўғлим билан Тошкентга кўчиб бориш ва мени сизни алдашга ундаган, дўстимни қўрқитган ўша одамга хавфсизлигимни топширишни хоҳламайман.

Биласиз, охирги 3 йилда кўплаб интерьвюларда қатнашдим. Навоий институтида бирор нарса эвазига эмас, текинга онлайн дарслар ўтдим. Сафарларимни ўзимнинг шахсий маблағларим ҳисобидан қоплаганман.

Ишончсизлигим сезиларли ошган. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон халқи, сизнинг қўллаб-қувватлашингиз мени ушлаб турибди. Ўзбекистонда виждонсиз одамлардан кўра виждонли одамлар кўпроқ. Бироқ бир-икки одам сизнинг Ўзбекистонни ва сизнинг ислоҳотларингизни орқага тортиши мумкин», деб ёзади Марк Эдуард Риз.

Таржимон бу аккаунтни (@uzbekmodernist аккаунти) ўзбек адабиёти ва маданиятини тарғиб қилиш учун очгани ва ушбу каналдан айрим ҳукумат вакилларининг ножўя ҳаракатларига эътибор қаратиш учун фойдаланиш унга ёқимсиз эканлигини таъкидлаган.

Мазкур ҳодиса бўйича ўз саҳифасида муносабат билдирган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон шундай ёзади:

Жавобга боқинг: КЕЧИРИШ ва УНУТИБ ЮБОРИШ талаб этиляпти!

Бутун бошли рўманни ўзбекчада тушуниб ўз тилига ўгирган таржимон шу иккита ўзбекча сўз маъносини тушунмабди. (Тушунса, тентак бўлиб қолиши аниқ!) Тушунмаганидан ҳам, “Бу сўзларнинг маъносини тушунтириб беринг!” деб нақ президентга хат ёзибди.

Чунки у ўзбек эмас. Ўзбек халқи бу гапга осонгина тушунади ва парво ҳам қилмайди. Чунки:

Неча йиллардан бери қанчадан-қанча ваъдалар берилди, аммо бажарилмади, халқ эса, КЕЧИРИБ, УНУТИБ ЮБОРАВЕРДИ!

Ҳокимлардан оғир сўкиш-ҳақоратлар эшитади, халқ эса, КЕЧИРИБ, УНУТИБ ЮБОРАВЕРАДИ!

Ҳақлари оёқости қилинади, халқ эса, КЕЧИРИБ, УНУТИБ ЮБОРАВЕРАДИ!

Уйлари тортиб олиниб бузилади, халқ эса, КЕЧИРИБ, УНУТИБ ЮБОРАВЕРАДИ!

Халқнинг бутун бойлиги талон-тарож қилиняпти, халқ эса, КЕЧИРИБ, УНУТИБ ЮБОРАВЕРАДИ!

Тадбиркорлар хонавайрон қилинади, халқ эса, КЕЧИРИБ, УНУТИБ ЮБОРАВЕРАДИ!

Сардоба фожиаси, Шоввозсой… КЕЧИРДИК, УНУТИБ ҲАМ ЮБОРДИК!

Ва ҳоказо… Ҳаммасини ёзаман десангиз, бу ерга сиғмайди.

Нима демоқчиман?

Эй Марк, ўзбек халқидан ўрнак олмайсанми?! Ҳукумат одамимиз-ку сени ҳурмат қилиб: “Кечирсин ва унутсин”, дебди, халқимизга ҳали ҳеч ким “Кечиринглар ва унутиб юборинглар!” демаган! Демаса ҳам ва ҳамон ёлғон ваъдаларни қалаштириб ётган бўлишса ҳам, халқимиз ўзи ТУШУНИБ, КЕЧИРИБ, УНУТИБ келяпти мана.

Бўлади-ку шунақа келишиб яшасак. Ҳақингни талаб этиб бекор қилибсан. Ўзи бор-йўғи 10000 дўллар экан. Милярдлаб ҳақларимизни еса ва бермаса ҳам, ТЎҒРИ ТУШУНИБ, КЕЧИРИБ, УНУТИБ юрибмиз, ахир! Ўлиб қолганимиз йўқ…

Эрк ДП хабар бўлими