Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(57-қисм)
Боя “шу ерда нуқталаб турамиз” деб озгина шошилибмиз, бу можароларнинг яна битта кулгили томони чиқиб қолди. Кулги бўлганидан кейин охиригача бўлсин-да. Мана бу кўчманчи сифатларга эътибор қилинг:
1.Россия тиббиёт фанлари академияси академиги Лео Бокерия суҳбатини: “Касбим тақозосига кўра, кўп мамлакатларда, шаҳарларда бўлганман… Аммо Тошкентни…” деб (2011.6.12.); Италиянинг “Болаларга ёрдам” халқаро хайрия ташкилоти вакили Арианна ПЛЕБАНИ хоним сўзини: “Мен дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Лекин Ўзбекистонда…” деб (2011.25.11.); Индонезия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Сламет ЮВОНО эса: “Касбим тақозоси билан дунёнинг кўплаб мамлакатларида уюштирилган тадбирларда қатнашганман. Аммо Тошкент…” (2011.30.11.) деб бошлайди.
Қалай?
Ажаб, бу гапларни учала четэллик бир-биридан хабарсиз айтганми ё учаласининг ҳам “ҳол”идан хабардор ўзбек журналисти тўқиганми?
2. Биз сал тепада жанубий қуриялик Но Бо КИМнинг 6 декабир сонида чоп этилган сўзларини келтирган эдик. Ажабланарли томони – “Халқ сўзи” бундан олдинроқ, 26 нўябир сонида ҳам худди шу муаллифнинг худди шу фикрларини босган. Яъни, газет битта суҳбатни 10 (ўн) кун ичида икки бор обуначисига тақдим қилган. Битта-иккита сўздаги бошқачаликни айтмаганда, бир хил гаплар: “Мен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб бораман. Айниқса, тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларни кўриб, тўғриси, ҳайратланаман. Давлатингиз раҳбари
ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида туб ислоҳотлар олиб борилиб, қатор давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилаётганини алоҳида таъкидлаш керак”.
Бунақа қайтариққа бир марта дуч келсангиз, ҳа, энди, журналистикада нималар бўлмайди, эсдан чиқиб тасодифан икки марта босиб юборгандир-да деб ўйлайсиз, аммо яна бошқа бир четэлликнинг “мадҳия”си ҳам сондан-сонга кўчиб юрганини кўриб, бунақа тажриба “Халқ сўзи”дай бир “жиддий матбуот”га хос анъана эканини англаб қоласиз. Газетнинг 26 нўябир сонида Гарвард университети профессори, Гарвард тиббиёт мактаби халқаро дастурлар бўйича илмий жамият қўмитаси раиси Эдвард Жеймс О’РУРК (АҚШ): “Ўзбекистонга биринчи марта бундан ўн йил олдин келгандим. Тўғриси, бу сафар Тошкент янада замонавийлашиб, чирой очибди. Ушбу янгиланишга монанд юртингиз тиббиёти ҳам шунчалик жадал ривожланмоқдаки, уни бир сўз билан ифодалаб бера олмайман. Педиатр бўлганим учун келишим биланоқ пойтахтингиздаги педиатрия илмий-амалий маркази фаолияти билан яқиндан танишдим. У ердаги шароит, қулайликлар юксак даражада. Бу ерда болаларнинг соғ-саломат камол топишлари учун неки зарур бўлса, барча-барчаси муҳайё қилинган. Пойтахтингизда ўтказиладиган ушбу нуфузли симпозиум халқаро тажрибаларни оммалаштириш, йирик мутахассислар билан танишиш баробарида, Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитиши шубҳасиз”, деган бўлса, худди шу гаплар 6 декабир сонида ҳам (яъни, атиги ўн кундан кейин!) деярли бир хил шаклда такрорланади. Фақат иккита ўзгариш бор: 1) биринчи мақолада “муҳайё қилинган” бирикмаси иккинчи мақолада “муҳайё этилган” деб берилибди; 2) биринчи мақоладаги “Пойтахтингизда…” деб бошланувчи охирги жумла иккинчи мақолада: “Бинобарин, юртингизга ташриф буюрган ҳар қандай инсон Ўзбекистон том маънода барқарор тараққиёт мамлакати эканлигини юракдан ҳис қилади. Мухтасар айтганда, Ўзбекистон бутун оламни ўзига маҳлиё этмоқда”, деб ўзгартирилибди (“Оламни маҳлиё айлаган диёр!”). Демак, ўн кун олдин симпозиум баҳона “Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларнинг янада бойиши”га эътибор
қаратилган бўлса, ўн кундан кейин сиёсий директива ўзгариб, энди диққат-эътиборни “Ўзбекистон том маънода барқарор тараққиёт мамлакати эканлиги”га қаратиш лозим бўлиб қолган! Қолаверса, бу газетни мунтазам ўқиб юрадиган айримлар ўзгартирилган бу охирги жумлани ҳам дарров таниб қолади – уни газетнинг бошқа сонида бошқа бир четэллик айтган бўлиб чиқади!
3.Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа Минтақавий Бюроси директори Жужанка ЯКАБ: “Ўзбекистон – жадал ривожланиб, нуфузи тобора ошиб бораётган навқирон мамлакат. Хусусан, бугун дунёнинг кўплаб давлатларида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсири яққол сезилаётган бир шароитда юртингиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларда юксак ютуқларга эришмоқда”; “Таъкидлаш жоизки, мамлакатингиз мустақилликка эришган илк йилларданоқ Президент Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан аҳоли фаровонлигини юксалтириш, айни чоғда жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга катта эътибор қаратилди”.
Бу гапларни яна қайдадир ўқигандай бўляпсизми? Тўппа-тўғри, ўқигансиз. Аниқроғи, сал тепада, Франсия меҳнат, бандлик ва соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мери Камель Кенорманд номидан ўқидингиз. Ишонмасангиз, сал орқага қайтиб, бошқатдан ўқиб кўринг. Имзо қўювчилари бошқа-бошқа давлатдан, бошқа-бошқа миллатдан бўлишса ҳам, мақола муаллифи биттага ўхшайди. Мана, солиштиринг: “Ўзбекистон – изчил тараққий топиб, нуфузи тобора ошиб бораётган давлат. Бугун дунёнинг кўплаб давлатлари, хусусан, евроминтақада молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсири яққол сезилиб, ўткирлашиб бораётган бир шароитда юртингиз ижтимоий-иқтисодий соҳада юксак ютуқларга эришаётгани эътирофга лойиқдир”, деган эди Мери Камель Кенорманд.
Фарқ кўряпсизми? Мен ҳеч қандай фарқ кўрмаяпман!
Радио-телевидениемизда ҳам аҳвол бу каби, балки бундан ҳам баттардир. Яхшиям бу шўрлик четэлликлар ўзбекча билмайди, яхшиям “Халқ сўзи”ни ўқиёлмайди, ўзбекча радиони эшитмайди (эшитса ҳам, тушунмайди), ўзбекча телекўрсатувларни кўрмайди (кўрса ҳам, тушунмайди). Ўқиса, орқасидан нима ишлар қилинаётганини, гапи теле-радиога қанақа ўгирилаётганини, газет-жўрноллар унинг номидан нималарни ёзиб юбораётганини билса, совғага берилган дўппи-чопонниям итқитиб (нонкўр!), матбуоти одамга ўхшаб ёзадиган юртларига тирақайлаб қочиб кетган бўлар эди. У юртлар
бошида жиддий молиявий инқирозлар кечаётган бўлса ҳам. Улар иқтисод соҳасида Ўзбекистон ўрнакларига жуда-жуда муҳтож бўлса ҳам. Бошида “Ислом Каримовдай доно ва оқил раҳнамоси” бўлмаса ҳам!
Кичкинагина лирик чекиниш.
“Ҳаммамиз учун ҳурматли, оташин лелинчи, жонажон Коммунистик партиянинг содиқ йўлбошчиси, коммунизмнинг толмас курашчиси” ўртоқ Леонид Илич Бирежнев ўзига кетма-кет берилаётган орден-медалларни кўксига тақиш билан овора бўлиб, мамлакатни бошқаришга, бошқариш не, ҳатто бош қашишга вақт тополмай қолган паллаларни ҳали ўрта авлод эсидан чиқариб улгурмаган бўлса керак. Кейинроқ у даврга “турғунлик йиллари” деб от берилди. Турғунлик энг учига чиққан ўша йиллари босилган газетларни, хоссатан, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг органи “Совет Ўзбекистони” газетининг 1981 йилги сонларини бир-бир варақлаб чиқишимга тўғри келди. Ҳозирги матбуотимиз билан солиштирмоқчи, ўхшаш томонлар топмоқчи бўлдим. Бугунги матбуот илгариги матбуот йўлидан заррача чекинмаган, фарқи – у замонда ҳамма ишларнинг ташаббускори Компартия бўларди, бугун – президент; у замонда мамлакат Компартиянинг доно ва оқил раҳнамолигида изчил ривожланиб борарди, бугун – муҳтарам юртбошининг доно ва оқил раҳнамоликларида; у замонда эришилган ҳамма ютуқ Компартияники, хато ва камчиликлар “жойлардаги ташкилотлар…”ники бўларди, бугун барча ютуқ президентники, хато ва камчиликлар халқники, жуда нари борса, “жойлардаги раҳбарлар”никидир; у замонда мустамлака бир халқ эдик, ҳозир эса, тепадагилар қистов мияларимизга қуяётгани рост бўлса, “ҳеч кимдан кам бўлмаган мустақил халқмиз!..” ва ҳоказо… деган тезисимни исботламоқчи, исботлаб, бугунги матбуотимиз пўстагини роса қоқмоқчи бўлган эдим. Аммо…
Аммо аҳвол кутганимча бўлиб чиқмади. Мени ниҳоятда ажаблантирган нарса – раҳбарларни улуғлаш, мақташ, уларнинг паноҳига сиғиниш ҳатто совет даври матбуотида ҳозиргидек кўп бўлмаган экан! Инсоф билан айтганда, раҳбарга ё раҳбар ташкилотга ҳамду сано борасида илгариги “Совет Ўзбекистони” ҳозирги “Халқ сўзи”нинг чангида қолиб кетибди! (Лекин у замонларда бизга шу ҳам кўп кўринар, кўнгилларимиз айнигудек бўлар эди.) Битта сон газетнинг бирда-ярим жойида партия шаънига мақтов ё бирнима учрайди. Шу билан бўлди. Бошқа йўқ. Қолгани – ҳаёт. Албатта, кўтаринки ҳаёт. Ишонмасаларинг, эринмасдан Алишер Навоий кутубхонасига келиб (чунки энди совет даврига тегишли архивларни,
матбуот органлари ва китобларни туман ё вилоят кутубхоналаридан тополмайсиз – ҳаммаси йўқотилган!), ўқиб кўринглар. Мана, уруғлиққа мен топган учтагина мисол, лекин шу учта мисолни ҳам топиш учун газетнинг анчагина сонини титкиладим:
1.“Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети раҳбарлигида республикамизда қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари ҳам шаҳдам ривожлантирилиб, маҳсулот етиштириш кўпайтириляпти”. (Илгари Марказий Комитет эди, ҳозир – президент раҳбарлигида! – Н.М.Р.)
2.“Партия, унинг Марказий Комитети, Сиёсий бюроси ва шахсан Л.И.Брежнев мамлакатимизда адабиёт ва санъатнинг ривожи тўғрисида доим оталарча ғамхўрлик қилиб келдилар ва ғамхўрлик қилмоқдалар. Бу ғамхўрлик совет ижодкор зиёлиларининг қалбида қизғин миннатдорчилик, партия ишига садоқат ва эътиқоднинг самимий туйғуларини қулф урмоқда”. (Шахслари алмаштирилса, худди бугунги гап! – Н.М.Р.)
3.“Ривожланган социализм шароитида барча совет республикалари билан бирга, Ўзбекистон халқлари ҳам ажойиб муваффақиятларга эришдилар. Улар КПСС ХХIII, ХХIV, ХХV съездлари, партия Марказий Комитети Пленумлари қарорларини, КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари, СССР Олий Совети Президиумининг раиси ўртоқ Л.И.Брежневнинг кўрсатмалари ва йўл-йўриқларини изчиллик ва фаоллик билан амалга оширмоқдалар”. (“Изчиллик” совет даврида ҳам бўлган экан! – Н.М.Р.)
Ўтмиш билан ҳозирни ҳар ким ўзи солиштириб, ўзи хулоса чиқарсин.