Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева қирқ кунлик муолажа ортидан Тошкентдаги руҳий касалхонадан чиқарилган. У 5 апрелда ўз оила аъзолари томонидан касалхонага ётқизилганди. Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Елена Урлаева 2001 ва 2005 йилларда ҳам руҳий касалхонага мажбуран ётқизилган ва ўзига қарши куч билан психотроп моддалар берилганини даъво қилганди.
У жорий йил руҳий шифохонага қабул қилинишидан аввал Туркияга сафар қилиб, Ўзбекистон мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан учрашган. Урлаева хоним Би-би-си билан суҳбатда ана шу сафар, Исломни қандай қабул қилгани, руҳий ўзгаришлар, муолажаси ва махсус хизматлар билан учрашуви ҳақида сўзлаб берди.
Урлаева: Биласизми, март ойларида мен қаттиқ асабий стрессни сеза бошлагандим. Асабларим жуда чарчаганди. Чунки махсус хизматлар ва милиция деярли ҳар куни менинг хонадонимга бостириб кирарди, чунки мен ўз уйимда фуқароларни, мусулмонларни қабул қилардим. Мана шу воқеалар менинг руҳий соғлигимга таъсир қилди. Мен мартда халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Бу менинг SOS ишорам эди. Менинг мурожаатларимга биринчи бўлиб Туркиядан Муҳаммад Солиҳ жавоб берди. Мен бунинг учун ундан жуда миннатдорман. У менга Туркияга келиб дам олиб кетишни ва даволанишни таклиф қилди ва мен рози бўлдим, муҳитни ўзгартириш керак деб ўйладим. Милициянинг, эримнинг уришларидан чарчагандим. Оилам барбод бўлаётганди. Шу билан Туркияга кетдим, ёмон бир руҳий ҳолатда. У ерда бироз дам олдим, лекин менинг руҳий ҳолатимга нимадир таъсир қилди у ерда, менга Исломни қабул қилишни таклиф қилишди. Ва мен уни қабул қилдим.
Би-би-си: Ким буни сизга таклиф қилди?
Урлаева: Менга буни Муҳаммад Солиҳ ва унинг рафиқаси Ойдин таклиф қилдилар. Улар сиз шу динга муносибсиз дейишди. Мен, ҳа, мен ҳар доим мусулмонлар учун қайғураман деб ўйладим, лекин ахир мен кўпроқ мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламан. Лекин, у ерда шундай бўлдики, стресс остида мен, майли, динни қабул қиламан, нима қилишим керак деб сўрадим. Намоз ўқиш керак дейишди ва ҳоказо, кейин, мана сиз энди мусулмонсиз дейишди… Ҳаммаси жуда тез бўлди, мен афтидан ниманингдир таъсири остида эдим. Ёмон таъсир демоқчи эмасман мутлақо. Балки одамлар менга ёрдам беришмоқчи эдилар, лекин афтидан менинг руҳий ҳолатим бунга тайёр эмасди. Туркиядан қайтганимдан кейин, ҳақиқатдан ҳам, ўзимни ғалати ҳис қила бошладим, буни учоқда ҳам сездим. Мен тўхтамай Оллоҳу Акбар деб хитоб қилардим, Бисмиллиоҳир раҳмонир раҳим дердим, сураларни ўқирдим. Учоқда ҳам бир манқуртдек учиб келдим. Туркиядан қайтгач, одамлар айтишича, менда телбалик авж олаётгандек бўлди. Мусулмонлар тозаликни афзал кўрадилар дегани учун, мен ҳамма нарсани улоқтира бошладим. Қуръондан бошқа ҳеч нима бўлмаслиги керак, телевизор, китоблар дегандек… Менга бу гапларни яхшилик қилиб айтишган, мен эса бутун дунёни нотўғри дея қабул қила бошладим…
Би-би-си: Нималарни улоқтирдингиз? Нималардан воз кечдингиз?
Урлаева: Мен уй жиҳозларини синдирдим. Бизнинг яқинимизда президент қароргоҳи жойлашган. Мен эса уни, диний тушунчалардан келиб чиқсак, шайтон деб ҳисоблайман. У мен учун нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда биринчи ўринда турадиган ёвузлик рамзи. У ёнгинамда яшайди. Мен қароргоҳ томонга қараб, “Йўқол, шайтон” деб ҳамма нарсани улоқтира бошладим. Қўлимга нима тушса, идишми, соатларми, ҳаммасини деворга уриб чилпарчин қилдим. Биласизми, бу телбалик эди…
Би-би-си: Нима қилаётганингизни англаётганмидингиз?
Урлаева: Ҳа, англаётгандим, лекин тўхташни хоҳламасдим. Руҳим жуда бузилганди. Кўрсангиз эди, қандай қичқирдим.. Оллоҳу Акбар деб хитоб қилишларимни эшитиб, қўшниларим “ҳатто мусулмонлар ҳам бу ўрис Урлаевага ўхшаб Оллоҳга сиғинмайди” дейишарди. Овозимдан деворлар титраётганди дейишди. Кейин касалхонага тушганимнинг учинчи кунида овозим тикланди… Туркиядан 1 апрелда келган бўлсам, 5 апрелгача икки хонадонимиздаги ҳамма нарсани улоқтирдим ё чиқариб ташладим. Тунда оилам ухлаб ётганда, ҳеч кимга билдирмасдан, нарсаларни ахлатга олиб чиқиб ташлардим. Кундузлари эса мардикор болаларни чақириб, “Болалар, келинглар, диван, креслоларни олиб кетинглар” дердим. Озгина қўлларига пул ҳам бердим… Энг ёмони шуки, инсон ҳуқуқлари борасида бутун умр йиққан ва мен учун жуда қадрли бўлган барча китобларимни, барча мукофотларимни ахлатга олиб чиқиб ташладим. 5 апрелда аҳволим жудо ёмонлашди, ҳамкасбларим менга кеча айтишларича, мен уларни ўз олдимга қўймабман, мен уларга “мусулмон қоидаларига биноан, эрсиз келманглар” деган беъмани гапларни айтганмишман…
Би-би-си: Лекин ҳозир ўзингизни мусулмон ҳисобламайсиз, шундайми?
Урлаева: Йўқ, ҳисобламайман. Мен диний фанат эмасман. Мен ўз руҳим ва ақлим билан инсон ҳуқуқлари ҳимоячисиман. Мен мусулмонлар, насронийлар, одамлар, фуқаролар, умуман, ҳамманинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни истайман. Лекин, мен динга берилмаганман. Билмадим, қандайдир, таъсир остига тушгандирман.
Би-би-си: Таъсир деяпсиз. Қандай таъсир у, қандай қилиб сиз Ислом динини қабул қилдингиз?
Урлаева: Улар менга “Исломни қабул қилишга тайёрмисиз, бу энг соф, энг янги эътиқод” дейишди. Ҳамма яхши томонларини айтишди. Мен ўзим ҳам Ислом ҳақида ўқиганман, билардим яхши томонларини. Ҳа, бу дин инсониятга яхшилик олиб келади, лекин, биласизми, мен ҳуқуқбонман. Бу каби фанатизмга кирмаслигим керак эди. “Майли, Ислом динини қабул қилишга розиман” дедим. Биз Муҳаммад Солиҳнинг уйида эдик, унинг аёли Ойдин, “Елена, сиз муносибсиз, бугундан бошлаб барча гуноҳларингиздан кечилади” деди. Мен қандай сиғинишим кераклиги, исмим нима бўлиши кераклиги ҳақида сўраганимда, улар менга иккита исмни таклиф қилишганини, Авлиё София ва Марияни айтишди. Чунки, биз Туркияда турли масжидларга бордик, Авлиё София масжидига ҳам бордик. Менга Мария кўпроқ маъқул тушди, чунки қўлида чақалоғи бор Марияга ўхшаб, мен ҳам болаларни яхши кўраман. Шундай қилиб, Мария бўласиз дейишди, бўлди. “Беш вақт намоз ўқийсиз” деб, Ойдин менга вақтларини ёзиб берди. Намоз ўқишни ўргатишди, таржима қилиб беришди. Макка томонга қараб ўқишларимни айтишди… Шу билан беш кун жуда тез ўтди ва мен Ўзбекистонга қайтдим.
Би-би-си: Сиз ўзингизга қандайдир гиёҳлар берилганини айтиб шикоят қилган экансиз. Шу тўғрими?
Урлаева: Ҳа, бу тўғри. Лекин, биласизми, очиғини айтаман, мен Муҳаммад Солиҳ ёки унинг аёли кимлигини билмасдим. Мухолифатчи эканини билардим, холос. Учиб борганимда, Ойдин менга табиб эканини айтди. Бу ҳақиқат эканига ўзим гувоҳ бўлдим, чунки унинг олдига одамлар келишарди, гиёҳлар билан даволаниб, раҳматлар айтаётганларини кўрдим. У халқ табиби. У менга буйракларим касал эканини айтди. Тўғри, буйракларим ва юрагим касал дедим. У кейин менга ер рангидаги кукун дори солинган тўртта идиш дори берди. Ярим литрлик банкаларда ҳеч нима ёзилмаганди. Кунига икки марта, бир чойқошиқдан ичасиз дегандан кейин, ичиб бошладим. Улар нимадан қилинганини сўрамадим ҳам, вақт ҳам йўқ эди, мен одамларга ишонаман. Шундай ўзаро ишонч билан ҳайрлашдик. Бу одамлар менга жуда ёқди, энди бу ерда ўтириб “Муҳаммад Солиҳ ва хотини шундай ёмон одамлар экан” демоқчи эмасман ҳеч ҳам. Улар менга жуда ёқишди. Улар ҳақиқатдан ҳам афтидан тоза одамлар, лекин бу менга унча тўғри келмагандир… Берган ҳамма дориларини қабул қилдим. Лекин, уйга қайтганимдан кейин гипнозга тушиб қолгандек эдим, мени тўхтатиб бўлмасди. Совет даврларида оммавий тарзда залларда одамларни гипноз қилишарди, мен ҳам ўшанда гипнозга тушгандим. Тушмаганлар эса устимиздан кулишганди. Баъзилар менга айтишганди ўшанда, “гипнозга осон тушадиган одамлар, бировнинг таъсири остига осон тушади” деб… Ўғлим, эрим, ҳуқуқбонлар руҳий касалхонага мурожаат қилиб, тўғри қилишди деб ўйлайман. Чунки, касалхонада бир нарсага гувоҳ бўлдим. Агар руҳи бузилган одамлар вақтида ортга қайтарилмаса, улар буткул ақлидан озар экан. Мени эса сақлаб қолишди.
Би-би-си: Касалхонада қандай даволашди сизни?
Урлаева: Мени биринчи кун олиб келишганида, жуда чарчагандим, икки кун кўзимни очмадим. Лекин, саволлар сўрашганда, афтидан ост онгимдан ҳамма жавобларни бердим. У ерда мени, эслайман, темир каравотга қаттиқ боғлаб қўйишди. Кўкракларим, қўлларим эзилиб кетди. Жуда ноинсоний муносабат эди. Мен “нафас ололмаяпман, сал бўшатинглар” дедим, лекин узоқ вақтга шундай қолдиришди. Икки марта ҳушимдан кетиб, яна ўзимга қайтдим. Қандайдир қора тунел кўзим ўнгида пайдо бўлди, мен унга кириб чиқдим. Миям ишлаётганди, ўзим сал камарларни бўшатишга уринардим. Эртасига камарларни ечишди, лекин бутун танам шишиб кетганди. Оёқларим, қўлларим, кўкрагим кўкариб қолганди. Улар мендан қон олишди, ва қўлимга укол уришди, лекин кейинроқ буни рад қилишди. Эртасига маҳкама бўлди, ва мени мажбуран даволашга қарор чиқарилди. Шундан кейин муолажа бошланди. Ундан кейинги муолажа борасида шикоят қилмоқчи эмасман, психотроп уколлар қилишди, кунига уч марта беш таблеткадан ичиришди, улар жуда кучли дорилар эди. Фақат ухлардим, мени фақат тушлик овқатга уйғотишарди. Қирқ кун шундай тормоз ҳолатида бўлдим. Бир томондан, мен руҳий касалхонадан миннатдорман, чунки улар мени шу ҳолатдан чиқаришди. Лекин, илк кунлари мени тинчлантириш ўрнига зўравонлик қилдилар.
Би-би-си: Сиз Ўзбекистон махсус хизматлари билан учрашдингизми? Яъни улар сизнинг Туркияга сафарингиз борасида билишни истадиларми?
Урлаева: Ҳа, буни сездим. Лекин, улар ўзларини махсус хизматлар деб таништирмадилар. Касалхонага тушганимнинг эртаси шифокорлар мен чақиртириб, ҳолимни сўрадилар. Йиғиндаги ҳаммани руҳий шифокорлар дейишди, лекин менга яққол намоён бўлган нарса, баъзилари костюм-шимлардаги махсус хизматлар ходимлари эди. Улар менга тиббиётга алоқаси бўлмаган, сиёсий руҳдаги саволларни беришди, “Туркияда ким билан учрашдингиз, бунинг халқаро террорчиликка алоқаси борми, Исломни қандай қабул қилдингиз?” қабилидаги саволларни сўрашди. Яширинча ёзув аппаратларини ҳам кўрдим, ёзиб олишаётганди. Мен билганимча жавоб бердим. Сезганим шуки, электрон почтамдаги тафсилотларни улар билиб олишганди, ва ўша тафсилотларга алоқаси бор саволларни беришарди… Кейин бундай учрашув такрорланмади, шифокор мени касалхонадан чиқаришдан аввал учрашиб, аҳволим яхши эканини айтди…
Би-би-си: Демак, сиз руҳий касалхонага тушиб қолишингиз учун Муҳаммад Солиҳ ва унинг рафиқасини айбламайсиз, шундайми?
Урлаева: Йўқ, мутлақо айбламайман. Ягона айтмоқчи бўлганим, руҳий ҳолатим Исломни қабул қилишга ёки бошқа жиддий ўзгаришларга тайёр эмасди. Мен ҳатто Туркияга кетаётганимда ҳам касал эдим. Муҳаммад Солиҳга ўшанда ёзгандим “Чипта сотиб олишга чиқишга ҳам уялаяпман, эримнинг уриши, милициянинг судрашларидан юзларим кўкарган, Туркияга боришга уялаяпман” дегандим. Бу сафарга чиққанимда ҳам соғлом эмасдим. Кейин, у ёқдаги воқеалар ҳам бироз таъсир қилди. Лекин, мен Муҳаммад Солиҳнинг ақлига, унинг нақадар фаол мухолифатчи эканига қойил қолдим. Мен бундай одамлар билан танишганимдан жуда хурсандман.
Би-би-си: Энди нима қилмоқчисиз? Режаларингиз қандай?
Урлаева: Ҳозирча, масалан, интернетда нималар ёзилаётганини ҳали ўқий олмадим. Мен учта ҳисобот тайёрлаётгандим. Улардан бири мажбурий болалар меҳнати ҳақида бўлиб, уни БМТ 2013 йил январида кўриб чиқиши кутилади. Июн ойида Женевада бўлиб ўтадиган тайёргарлик сессиясига боришим керак эди. Энди ҳозир мен ақлимни бир жойга йиғиб олиб, соғлигимни тиклашим керак, чунки мен бу доклад билан чиқишим шарт деб биламан. 2007 йилдан бери жамоамиз билан мажбурий болалар меҳнатини кузатиб келамиз ва катта материал йиққанмиз. Яхшиям уларни БМТга жўнатиб улгурган эканман. Ундан ташқари, Қирғизистондан келган қочқинлар, қийноқлар, аёлларга қарши зўравонликлар борасида ҳисоботлар тайёрлаганман. Женевага борсам, ҳаммасини бир тартибга тушираман деб ўйлаяпман.
Би-би-си: Лекин, бошингиздан кечирган ҳодисалардан кейин ҳам ҳуқуқ ҳимоячиси фаолиятини давом эттиришим керак деб ўйлайсизми? Ё бироз дам олишингиз учун вақт керак деган фикрдамисиз?
Урлаева: Дам олиб олдим. Кеча 13 май эди, сизга маълум. Бутун вужудим, руҳим билан Андижонда эдим. Жасорат ёдгорлигига чиқиб, анъанавий тарзда гулчамбар қўймоқчи эдим. Лекин, соғлигим йўл қўймади. Кейин эрим “Юр, балиқ овлашга ҳеч бўлмаса олиб борай” деб, Анхорга олиб чиқди ва дарё бўйида бироз дам олдик. Менимча, шу дам олиш менга етади. Биласизми, мен ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти билан касалланганман, буни давом эттиришни хоҳлайман, одамларни, ишимни жуда соғиндим. Афсуски, ҳозир уйимда китобларим, йўлланмалар қолмади, лекин интернетда олиб бораман.
Би-би-си: Бироқ, сизнинг яқин кунлардаги беқарор руҳий ҳолатингизни ҳисобга олган ҳолда, сизнинг докладларингиз ва ҳисоботларингизни қандай қилиб жиддий қабул қилиш мумкин?
Урлаева: Биласизми, ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида ишламаган одамлар учун мени тушуниш қийин бўлади, буни биламан. Биз, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари, бу репрессив режимда, мана шу шароитларда ишлаётган эканмиз, бизни ҳақиқатдан ҳам телба деб қабул қилишлари мумкин. Кеча мана олдимга ҳамкасбларим келишди, улардан бири Аделаида Ким айтаяпти, “Елена, бу яна қанча давом этади, мана қизимга ҳам тазйиқ ўтказа бошлашди” деб. Ахир биз темир одамлар эмасмиз, биз роботлар эмасмиз. Буларнинг ҳаммаси соғлигимизга таъсир қилади. Агар менинг докладларим ва ҳисоботларим Ўзбекистондаги вазиятни акс эттиради дейишса, шуларга қарашсин. Мени шу ишим орқали қабул қилишсин. Бу каби босимлардан ҳар кимнинг руҳий ҳолати издан чиқиши мумкин. Лекин, тоқат қиламиз, ҳеч қаерга кетмаймиз. Охирги кучимиз билан бардош берамиз, бу Ўзбекистонда қийин бўлса ҳам. Менинг олдимга муслималар йиғлаб келади, уларнинг кўз ёшларини кўраман. Олдимга мусулмон эркаклар келмайди, уларни қамаб ташлашган. Бу эрсиз қолган муслималарни эса беш вақт намоз ўқигани учун тамғалаб қўйишган, улар менга келиб йиғлашади. Қандай қилиб руҳим бузилмасин? Қандай қилиб ёрдам бермай? Ҳуқуқшунос уёқда турсин, ҳар кимнинг ҳам руҳий ҳолати издан чиқади. Мен ишимни давом эттираман. Чет элга чиқиб кетишни таклиф қилишаяпти, лекин мен кетмайман. Буткул ақлимдан озмаслик учун, сал ўзимни тийиб, мувозанат билан ҳозирча иш олиб бормоқчиман, лекин тўхтатиш ниятим йўқ. Мен инсон ҳуқуқлари ҳимоячисиман.