O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎХҲ Канада бўлимининг йиғилиши

29 ноябр куни ЎХҲнинг Канада бўлимининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Сўнгги икки ой ичида бўлим таркиби ва фаолиятида бир мунча ўзгаришлар юз берганди.

ЎХҲ Канада бўлимининг йиғилиши
391 views
01 December 2012 - 10:46

29 ноябр куни ЎХҲнинг Канада бўлимининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Ванкувер шаҳрида истиқомат қилувчи Ҳаракат фаоли Пирмуҳаммад Холмуҳаммаднинг айтишича, сўнги икки ой ичида бўлим аъзолари таркибида ва фаолиятида бир мунча ўзгаришлар бўлди.

Бўлим фаоллари Канадада истиқомат қилаётган Ўзбекистонлик орасида ўзларига маслакдошлар топиш хамда уларга ЎХҲнинг мақсад ва ғояларини етказиш бўйича ишларни сусайтиришмаяпти. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар ва электрон почталар, ҳамда мобил алоқа воситалари ёрдамида эса Ўзбекистонда яшаётган ватандошлар билан алоқалар ўрнатишаяпти.

Бўлим фаоли Ғайрат Холматовнинг билдиришича, рус тилида нашр этилиб, Канада ва Америкада тарқатиладиган ЎХҲ Канада бўлимининг расмий органи бўлган “Регистан” варақасини эндиликда хар ойда икки маротабадан чиқариш хам йўлга кўйилиш арафасида. Газета чиқаришдаги молиявий муаммолар ҳам ўз ечимини топди.

“Йиғилишда маслаҳатлашиб оладиган ишларимиз кўп. ЎХҲ олиб бораётган ишлар ҳақида биргина ўзимиз билишимиз кифоя эмас, мана шундай ташкилот борлиги ва унинг мақсади Ўзбекистонга эркинлик ва ҳуррият олиб кириш экани ҳақида ҳар доим ватандошларимизга хабар бериб туришимиз лозим. Матбуотда, хусусан интернетда чиқишларни кўпайтиришимиз керак ва бугунги йиғилишда кўпроқ шу ҳақда фикр алмашсак, яхши бўларди” деди йиғилиш олдидан ташкилот фаоли Ғайрат Холматов.

ЎХҲнинг Канада бўлими йиғилишини очар экан, бўлим фаоли Пирмуҳаммад Холмуҳаммад, ҳар ҳафта ўтказиладиган ЎХҲ Марказий кенгашининг охирги онлайн йиғилиши ҳақида йиғилганларга гапириб берди.

Марказий кенгашдан келган сўнгги тавсиялар ва кўрсатмалар муҳокамаси хам анчайин қизғин кечди. Йиғилиш иштирокчилари ушбу тавсиялар ҳақида бафуржа фикр алмашдилар.

Сўнгра кун тартибидаги биринчи масала бўлган, бўлимнинг молиявий ишларидаги вазият кўриб чиқилди.

Масала юзасидан чиқиш қилган Шуҳрат Қурбоннинг айтишича, бўлим фаоллари кейинги 1 ой ичида молиявий масалаларга эътиборни сусайтирдилар. “Бўлим аъзоларидан келаётган молиявий тушум пасайиб кетди. Агар сусткашликнинг олдини олмасак, бўлимимиз томонидан ташкиллаштирилаётган баъзи тадбирларнинг амалга ошиши савол остида қолиши мумкин” деди Ҳаракат аъзоси Шуҳрат Қурбон.

Шуҳрат Қурбон йиғилиш иштирокчиларига молиявий муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз таклифларини киритди. Таклифлар борасида мунозараларда сўз олганлар, масала фавқулодда мухимлигини эътироф этган ҳолда, Шуҳрат Курбоннинг фикрларига кўшилишларини билдиришди.

Йиғилишда кўриб чиқилган иккинчи масала, “Регистан” варақасини нашр этиш масалаларига бағишланди.

“ЎХҲнинг дунёдаги биронта ҳам бўлими ўзининг расмий босма нашрига эга эмас. Ҳозирча фақат бизнинг Канада бўлимимизгина ўзининг расмий нашрига эга” деди масала бўйича чиқиш қилган журналист Улуғбек Ҳайдаров.

“Тўғри, бизнинг “Регистан” газетамиз “ВАНКУВЕР ЭКСПРЕСС” кўп тиражли газетага илова тарзида чоп этилаяпти. Бироқ шунинг ўзи ҳам Канадада ҳамда Американинг баъзи катта шаҳарларида яшайдиган ва рус тилида сўзлашадиган аҳоли ўртасида бизнинг фаолиятимиз ҳақида маълум бир тасаввур уйғотяпти”, деди У.Ҳайдаров.

Журналист ўз чиқишида, молиявий муаммо, “Регистан” иловасини нашр этишдаги катта тўсиқ бўлиб қолаётганини айтди.

“Газетамиз бир маромда ва узлуксиз чиқиб туриши учун бугун мана шу ерда ушбу муаммонинг ечимини топиб кетишимиз керак, зеро биз бунга қодирмиз” деди яна У.Ҳайдаров.

Муҳокамалардан сўнг, газета учун лозим бўлган маблағни йиғиш бўйича масъул тайинланди ва хар ойнинг 15 санасида бўлим раҳбарига ушбу масала бўйича ёзма хисобот берилиши келишиб олинди.

Йиғилишда кўриб чиқилган яна бир масала, ЎХҲ Канада бўлими фаолларининг аъзолик бадаллари миқдори хақида эди.

Қўпчилик масала бўйича ўзларининг аниқ таклифларини киритди. Мунозаралардан сўнг, аъзолик бадалининг реал миқдори белгиланди ва ҳар ойнинг белгиланган куни йиғилган маблағ ташкилотнинг молиявий масалалар бўйича масъулига топшириладиган бўлди.

Йиғилиш сўнгида, ЎХҲнинг Канада бўлими раисини қайта сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Харакатнинг раиси Марат Насибуллин Канада бўлимининг ички лойиҳалари бўйича олиб борилаётган ишларда банд бўлиб қолаётгани учун, бўлим раислигидан ўз хоҳишига кўра бўшатилди.

Ҳаракатнинг Канада бўлими раиси этиб, кўпчиликнинг овози билан Шухрат Қурбон сайланди.

Шу билан ЎХҲнинг Канада бўлимининг навбатдаги йиғилиши ниҳоясига етди.

ЎХҲ хабар маркази