Ушбу савол мулоҳаза ҳаракатимизга қизиққан бир ҳамюртимиздан келган. Унга ҳафта навбатчиси Алибой ака Йўляхши жавоб берадилар:
Assalomu alaykum. Bu harakat tashkil topganda juda xursand bo`lgandik, biz oddiy o`zbeklarda xam ozodlik umidi uyg`ongandi. Keyingi qilgan ko`pgina ishingiz ham yanada xursand qilgandi. 20 yil muxolifat qila olmayapgan tadbirni qisqa 6 oyda qildingiz. Lekin afsus, oxirgi vaqtlar ba`zi kamchiliklarga ham yol qo`yilyapti menimcha. Andijonliklarni chiqib ketishi achinarlik hol bo`ldi, balkim ular bilan suhbatlashib, ularrning tashkiloti Harakatdan chiqqan bo`lsa ham ayrim insonlarning mustaqil a’zo bo`lib qolishiga erishilganida yaxshi bo`lmasmidi? Yana Hazratqul Xudoyberdievning hamma fikrlariga qushilmasak ham uni yaxshi siyosatchi deb bilar edik. Nima uchun ularning faoliyatlari cheklanib qoldi? Men http://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t301-topic dagi “Янги ҳаракат янгича фикрлаш ва янгича бошқарувга асосланиши керак”ni o`qigach, o`rtangizda kelishmovchilik bo`lgan deb tushundim. Sizdan iltimos ko`pgina o`zbeklar uchun umid bo`lgan bu harakatning parchalanishiga yo`l qo`ymang, uni mustahkamlab, birlashtiring. Parchalashga bo`layapgan tashqi fitnalardan ogoh bo`ling. Biz ko`pgina o`zbekistonlik yoshlar harakatga a’zo bo`lishga xavotir qilib qo`shilmagan bo`lsak ham, lekin uni doim kuzatib, shu harakatga hayrihoh bo`lib yashamoqdamiz. Unutmang harakatga hozircha a’zo bo`lmagan, lekin tarafdor bo`lganlar juda ko`p. Sizga omad, va yurtimizga, mazlum musulmon xalqimizga ozodlik, farovonlik tilab qolaman.
Isaxon (27/12/2011 at 07:17)
Ва алайкум ассалом қимматли Исохон! Ўзбекистон Халқ Ҳаракати(ЎХҲ) фаолиятига қизиқиш билан қараётганингиз, унинг самарали ишлашидан умидвор эканлингизни билдириш билан бизни мамнун эттингиз. ЎХҲ аъзолари ва унинг раҳбарияти, севимли Ватанимиз келажаги, қадрли ватандошларнинг эркин, фаровон ҳаёт кечиришлари йўлида бутун бор имкониятлари билан ҳаракат қилишга киришганлар. Бу йўлдан чекиниш йўқ ва бўлмайди. Эзгулик , халқ озодлиги, Ватан мустақиллиги учун кураш йўлида учраган ва учрайдиган машаққатлардан чекиниш бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ниятимиз холис, иншооллоҳ, истаганларимизга Оллоҳу таоло изни ила эришажакмиз.
Сиз, Ҳаракатимиз фаолиятида баъзи бир камчиликлар ҳам кўраётганингизни билдирасиз. Масалан, андижонликларнинг бизнинг сафимиздан чиқиб кетишини ачиниш билан тилга оласиз. Бу ҳолдан биз ҳам унча хурсанд эмасмиз, албатта. Бироқ биласизки, ҳаёт йўли жуда ҳам теп-текис эмас. Ундан ташқари иш бор жойда хатою камчиликлар бўлиши ҳам табиийдир. Аммо андижонлик биродарларнинг Ҳаракат таркибидан чиқишида ўзига яраша объектив ва субъектив сабаблар ҳам бор, албатта. Бу ҳолнинг содир бўлишида Ўзбек халқига душманликдан чекинмаётган И.Каримов бошлиқ Ўзбекистоннинг бугунги мустабид ҳукуматининг қўли ҳам йўқ эмас. Масала шундаки, ЎХҲ бу ҳолдан бирор сезарли зарар кўргани йўқ. Аксинча айнан сезиларли фойда кўрди, дейишга асосларимиз бор. Ҳақиқатан бу ҳолдан сўнгра Ҳаракатимизда алоҳида бир жипсликка интилиш пайдо бўлди. Иккинчидан, бу “ажралиш” И.Каримовнинг ЎХҲ фаолиятидан қанчалик ташвишда эканлигини яққол намойиш қилди. Учинчидан, кишиларимизнинг Ўзбекистонликларнинг зулмга қарши курашда қанчалар жиддий эканликларини, курашга чиқиш учун белларини қанчалик сиқиб боғлаганликларини ҳам кўрдик десак бўлади. Бу ёмон эмас, бундай ҳолатлар, келгувси режаларда, конкрет ишларда учраши мумкин бўлган нозик нуқталарни жиддий ҳисобга олишга ўргатади.
Шуни ҳам таъкидлашим лозимки, ЎХҲ таркибидан “Адолат ва Тикланиш” ташкилоти ўзини чиққан ҳисобланишини эълон қилди. У ташкилотнинг алоҳида олинган аъзолари билан алоқаларимиз дўстона ва фикру қарашларимиз бир-биримизга жуда уйғундир.
Ҳ. Худойбердининг Ҳаракатимиз сафидаги ўрни ва фаолияти ҳам сизни бирмунча ташвишга солаётган кўринади. Бу масалада ҳеч ташвиш қилманг. Ҳ.Худойберди Ҳаракатдан чекинган эмас. Аммо биласиз, кўпфикрлик Ҳаракат ғоясининг асосий қисмларидан биридир. Шу сабаб, Ҳ.Худойбердининг чиқишларига фикрлар хил-хиллиги шаклида қараш лозим бўлади.
Энди сиз айтаётганингиздек, ЎХҲ аъзо бўлмасдан, унга ихлосманд (хайрхоҳ деймизми) ва унинг фаолиятидан яхшиликлар, эзгуликлар кутишаётганларга келсак, сиз билан бироз мунозара қилишга тўғри келади. Сиз, “Биз кўпгина ўзбекистонлик ёшлар ҳаракатга аъзо бўлишга хавотир қилиб, унга қўшилмаган бўлсак ҳам, лекин уни доим кузатиб, шу ҳаракатга хайрхоҳ бўлиб яшамоқдамиз,” дейсиз. Бундай позицияни қандай исм билан атаса бўлади? Сиз, Ўзбекистонни нима сабабдан тарк этган эдингиз? Золимнинг ноҳақ зулмидан қочганлардан бири эмасмисиз? Ўзбекистондан ташқарида, узоқ-узоқларда туриб ҳам сизга зулм ўтказган золимга қарши курашишда бунақа хавотирланадиган бўлсангиз, Ўзбекистондан чиқишнинг нима кераги бор эди? Йўқ, укалар бундай бўлмайди. Агар сиз ҳам ўзингизни зулмга дучор бўлган ёки дучор бўлишингиз мумкин эди деб ҳисобласангиз ва айнан шундай сабаблар билан Ватанни тарк этган бўлсангиз, албатта золимга қарши курашаётганлар ёнида бўлишингиз ва улар билан баробар ҳаракатда бўлишингиз лозим бўлади.
Ҳурмату эҳтиромлар билан Алибой Йўляхши,
ЎХҲ Туркия бўлимининг Раиси