Маълумингизки, жорий йил 1 сентябрида Истанбул шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси консуллиги олдида ЎХҲ Туркия бўлимининг Ўзбекистон ҳукумати сиёсий йўлига норозилик намойиши ўтказилди.
Ўзбекистонда айниқса сўнгги 20 йилдан кўпроқ замон давомида, яъни мамлакат ўз сиёсий мустақилигига эга бўлганидан кейинги даврда ўтказилган диктатура зулми оқибатида меҳнатга қобилиятли аҳолининг асосий қисми кунлик нонини топиши учун мамлакатни тарк этишдилар. Улар бир бурда нон пули топа олиш ниятида дунёнинг турли бурчакларида сарсон – саргардон юришибдилар. Жумладан уларнинг бир қисми Туркияга келиб тўхташганлардир. Масалан, 2005 йилдан (Андижон фожиаларидан) сўнгра фақат Истанбулга келишган Ўзбекистон ватандошлари мингдан ошиқ кишилардан иборатдир. Туркиянинг Антип исмли шаҳрида эса, БМТ қочоқлар билан ишлаш ваколатхонасига бошпана истаб мурожаат қилишган уч мингдан кўпроқ ўзбеклар яшаяптилар. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган И.Каримовнинг сохта, ясама байрами куни биз, Истанбулда жойлашган Ўзбекистон Республикаси консуллиги олдида золим Каримовнинг диктаторлик сиёсатидан қочиб Туркиягача етиб келишган бечора ўзбекларнинг норозилигини билдирадиган бир кўриниш (митинг-пикет) ташкил қилдик.
Митинг ўтказилган жойидан бевосита олиб кўрсатилган хабарларда кўрингани сингари, норозилик митингига қатнашувчилар сони жуда кўп бўлмади. Бироқ унинг самараси бизнингча анчагина таъсирли бўлди. Аммо бу кичик тадбирни ташкил этиш унча ҳам қулай, енгил бўлмади. Ҳозиргина айтилганидек, кейинги беш-олти йил ичида И.Каримов бошлик Ўзбекистон ҳукумати зулми ва нотўғри сиёсатидан қочиб Туркияга келишган ўзбекистонликларнинг сони бир неча мингни ташкил этсалар-да, Ўзбекистондан бунчалар узоқдаги Истанбулда ўз норозиликларини очиқ билдиришга одам топиш жуда қийин бўлди. Масалан, Истанбулда, бу ерга янгидан келишган мингдан ошиқ ўзбек қочқинлари бўла туриб, улардан бирор юзтасини норозилик намойишига чиқариш мумкин бўлмади. Уларнинг барчаси, худди тўти қушдек, “бизга бўлмайди, биз намойишга чиқа олмаймиз. Ўзбекистонда бизнинг унимиз ва бунимиз қолган, уларга азоб беришади,“ дейишди. Ҳа, бу бир томондан Ўзбекистонда зулмнинг қай даражада даҳшатлигини кўрсатади, албатта. Бироқ бошқа тарафдан халқнинг на қадар сустлигини, на қадар бефарқлигини ҳам кўрсатадиган бир қусур дейиш лозим бўлади.
Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, бу митингга тайёргарлик даври менга бир ҳолни, ўзбекларимиз орасидаги (ёки ўзбеклардаги) бир хусусиятни яна бир марта яққол исбот қилди. Бу ҳол ва ҳолат ёки тўғриси, ўзим ҳам мансуб бўлган миллатнинг бу салбий хусусияти ҳақида иншооллоҳ бошқа сафар батафсилироқ ёзаман.
Шундай қилиб, бу Истанбул митинггини ташкил этиш жуда жўн бўлмади. Анчагина юриш ва югуришлар қилишга тўғри келди. Масалан, митингга одам чиқариш масаласида Истанбулнинг Зайтунбуруни районида уч марта ўзбекларнинг йиғилишини ўтказдик. Чунки Истанбулга янгидан келишган ўзбекларнинг кўпчилиги шу районда яшашади. Туркистонликлар ёки Ўрта Осиёликларнинг янгидан расмий тузилган дарнак(жамият)лари раҳбарлари ва уларнинг баъзи аъзолари билан ҳам учрашдим, суҳбатлар ўтказдим. Уларнинг орасидаги ўзбекларидан (Ўзбекистонда жабр кўриб, бу ерга келганларидан) бизнинг ҳаракатимизда, масалан, 1-сентябрдаги намойишимизда қатнашишларини илтимос қилдим. Натижани, қадрли ўқувчилар, ўзларинг кўрдинглар.
Ниҳоят, 1 сентябрда ўтказишимиз лозим бўлган митингга одамлар чақириш(даъват қилиш)дан ташқари тайрлаганларимиз қуйидагилар бўлди:
1. Туркия матбуот агентликларига тарқатиш учун ЎХҲ номидан “Турк дунёси интеграциясининг олдидаги тўсиқ“ сарлавҳали баённома тайёрланди. Баённоманинг матни қуйидагича эди:
Турк дунёси интеграциясининг олдидаги тўсиқ
Каримов Туркия иш одамларини иккинчи даражали кишилар деб ҳисоблайди ва шунга кўра ўз ишини, сиёсатини юргизади. Каримов шахсан ўзи ТВ га чиқиб, Туркия иш одамлари ишлаб чиқарган детержонни (кир ювадиган моддани) кўрсатиб, унинг нақадар сифатсизлигини намойиш қилади ва бу билан полицияга ва бошқа давлат тизимларига уларни текшириб, талашга кўрсатма бера олади. Масалан, фақат туркларда ҳам эмас, ҳатто турк тилида ўқитиладиган мактабларда ўқий бошлаган ўзбек ёшларини ҳам, айниқса Фатхуллоҳ Гулан мактабларида ўқиб чиқишган ёшлар ҳам Каримов деспотизмидан ҳиссасини олгандир ва олишмоқдалар. Бугун 100-дан кўпроқ ўзбек ёшлари “нурчи” тамғаси билан Каримовнинг зиндонларида исканжа чекмоқдалар. Уларнинг айби, каримовчилар айтишаётганларидек исломий радикаллар бўлганликлари эмас, фақат Гулан мактабларида ўқиганликларидир. Чунки Каримовнинг “турк” касали янгидан пайдо бўлгани йўқ. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришганидан буён Каримов Туркия билан илқ муомалада бўла олмади.
У 1994 йили бир онда қабул қилинган қарори билан Туркияда ўқиётган 2 минг 300 ўзбек талабаларини қайтариб олган эди. Кузатувчилар бу орқага қадам талашнинг сабабини, талабаларнинг Туркияда бўлинган ўзбек мухолифати раҳбарларига ёрдам беришлари мумкинлиги билан асослагандилар. Бу воқеалардан сўнгра, ўша замоннинг Туркия ҳукумати, Ўзбекистон билан алоқаларини бузмаслик ва уларни яхшилаш мақсадида Туркияда яшаб туришган ўзбек мухолифати раҳбарларини ва аъзоларини Овропага жўнатиб юборди. Ўша раҳбарлардан бири Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муассислар мажлисининг мавжуд раиси муҳтарам Муҳаммад Солиҳ эди. Бироқ Каримов Туркиянинг бу марҳаматини қабул қилмади ва Туркияга душман бўлиб қолишда давом қилди. Масалан, Каримов 1995 йили Олмания парламентида сўзлаб, “Менинг аждодим Тeмyрланг Усмонли подшоҳи Йилдирим Боязитни енгиб Олмонияни истилодан қутқарган эди,” дея олмонларга хушомад қилишдан тортинмади.
Туркиянинг шимолий Кипр сиёсатини Ўзбекистон бир турк давлати ўлароқ ҳеч бир замон тан олмади. Халқаро масалаларда ҳам ҳеч бир вақт Туркия ёнига яқинлашмади. 2005 йили Каримов ўз халқига нисбатан содир этган Андижон қатлиомини қоралаган ОГИТ қарорига имзо чеккан Туркияга Каримовда янгидан нафрат уйғонди. Аммо бу ҳақда шуларни айта оламиз: Каримовнинг Туркия касали асосида демократиядан қўрқиш ҳисси ётади. Туркияни бироз таниган ўзбек ёшлари, Каримов режими майдонга келтирган бўйинтуруқ остига киришни истамайдилар. Туркия тарафини тақиқлар, чеклашлар ва ёмонлашларнинг барчасига қарамасдан, интернет, ТВ каналлари воситасида Туркиянинг обрўи Ўзбекистонда (халқ орасида) ижобий йўналишда ривожланиб бораяпти.
Шу йилнинг январида Ўзбекистон МХХ (Миллий Хавфсизлик Хизмати)нинг таниқли интернет сайти “Узметроном,” “Ҳар бир киши ўз ўтирган ўрнини билиши керак” (18.01.2011) сарлавҳали хабарида, “18 январда Тошкентдаги Улуғбек номли Халқаро мактаб ёпилди. Бу мактаб 1995 йилда Туркия ҳукумати тарафидан ўзбек ёшларига Ғарб стандартларига мос энг юксак савияда таълим бериш баҳонасида очилган эди,” деб ёзади. Аммо бу мактабни тамомлаган бир қанча ёшлар бугун Овропанинг энг юксак даражали университетларида докторлик ишлари бажариб, катта маош бериладиган иш жойларида ишлашаётганлари ҳақида ҳеч нарса демайди.
“Узметроном” яна шуларни ҳам ёзади: “Ўтган йил ноябрида турклар тарафидан қурилган Тошкентдаги “Мир Стар” номли марказий супермаркетлардан бири ёпилди.” Бу марказий Супермаркет, аслида бу маркетда ишлайдиганларнинг бирининг уйида Қуръони карим сақланилаётгани учун ёпилди, десангиз инсон зоти сизга ишонмайди. Бироқ ҳақиқат айнан шундайдир. Бу ҳодиса бўйича ва бошқа баҳоналар билан қўлга олинган турклар, моддий ва иқтисодий жиноятлардан кўра кўпроқ диний экстремизм параноисининг қурбонларидир.
20 йилдан буён Каримовнинг роҳатини бузиб келаётган бошқа бир нарса(фактор), “ўзбек мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳни Туркия қўллаб-қувватлаяпти каби параноидир.” “Узметроном” тарқатган хабарнинг бошқа бир параграфида, “Ўтган йилнинг сўнггида Ғарб давлатлари тарафидан қувватланаётган Эрк партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг ўзбек халқига мурожаати ёзилган ДВД Ўзбекистонда тарқатилди. Олинган маълумотларга кўра, ноқонуний тарқатилган ДВД сони 30 мингдан ортиқдир. Тахминларга кўра, ДВД дисклари Туркияда тайёрлангандир. Анқарада Муҳаммад Солиҳнинг махсус хизматлар тарафидан деярли ҳамиша қўриқланаётган буюк бир идораси (офиси) мавжуддир. У ерда Ўзбекистоннинг янги эгалари сифатида қайтишни истаган ўзбек муҳожирлари ЭРК газетасини нашр қилишмоқдалар. Ўша газетанинг нусхаларини Ўзбекистонда тез-тез учратишингиз мумкин.”
Муҳаммад Солиҳ ВВС ва Озодлик радиоларида шуларни сўзлаганди: “Ўзбек махсус хизмат ходимларининг топишган маълумотлари хатодир. Партиямиз ўша мурожаатдан 30 минг эмас, бир неча юз минглар нусха тарқатди ва тарқатиш давом этмоқда. Ўзбек махсус хизмат ходимлари шунчалар ақлларини йўқотдилармики, улар ДВД нусхаларини фақат Туркияда тайёрлаган дейишга бориб етибдилар. Бир жуда кичик карт билан дунёнинг кўринишини унинг бутун бурчакларига узатиш мумкин ва истаган жойда уларни кўпайтириш имкони борлигини билмайдиларми, улар? …”
Борди-ю, Каримов ўйлаётганидек Туркия ўзбек мухолифатини қўллаб – қувватлаганида эди, Каримов бугунгача иқтидорда ўтира олмаган бўларди. Демак, Каримов ҳалигача ҳукмдор экан, бунинг учун у фақат АҚШ ва Россияга бўйин эгишига эмас, Туркия ва кейинги 20 йил давомида унинг келиб кетишган раҳбарларининг “қардош Ўзбекистон”га бўлган жавобсиз ишқига (ошиқлигига) қарздордир. Туркиянинг ўша раҳбарларининг ҳеч бири Туркия ва Ўзбекистон орасида қардошлик муносабатларга зарар келмасин андишаси билан ўзбек мухолифатига ҳеч қандай бир ёрдам кўрсатмадилар. Ҳақиқатда эса, бутунлай акси бўлиб турди. Туркиянинг ўтмишдаги Бош вазирларидан баъзилари Каримовнинг Туркияга ҳар бир келишида, унинг ҳурмати учун ўзбек мухолифати аъзоларини Туркиядан чиқариб юборарди. Аммо шунга қарамасдан, Туркия ўзбек диктаторининг кўнглуни топа олмади.
Масалан, Эрк партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳ охирги марта 1999 йил, 24 апрелда Туркиядан чиқариб юборилди ва 2005 йилнинг август ойигача у Туркияга киришга ҳатто виза ололмади. Ниҳоят, Каримов, Андижонда унинг режимига қарши бош кўтарган халқни ўққа тутиб, уч мингдан кўпроқ кишиларни, бола-чақа, қария, аёл-эркак демай қириб ташлаганидан кейингина Муҳаммад Солиҳ АҚШ ва Туркияга кира олиш имконига эга бўлди. Муҳаммад Солиҳ бугунлар ҳам Туркияга келиб кета олади. Чунки унинг бу каби келиб-кетишлари Туркия ва Ўзбекистон муносабатларига зарар бермайди. Аслида зарар бериладиган нарсанинг ўзи йўқ, яъни мамлакатларимиз орасида йиллардан буён бирор тижорий ёки иқтисодий муносабатларда илгарилаш бўлгани йўқ. Каримов эса, туркиялик иш одамларининг энг сўнгги гуруҳини ҳам ер билан бир қилиш вазиятида турибди.
Ўзбекистондаги бугунги сиёсий вазиятни бир сўз билан ифодалайдиган бўлсак, ўлка бугун инқилоб арафасида турибди, дейишимиз лозим бўлади. Ўрта шарқ ва Араб дунёсидаги кейинги воқеаларни Каримов режими халқ оммасидан қанчалик яширишга уринмасин, ҳалқ бугунги техник алоқалар воситасида улардан хабардордир ва уларни кузатиб туришибдилар.
Масалан, Ўзбекистоннинг пайтахти Тошкентда аҳволнинг қандайлигини ҳатто шаҳар такси шоферларидан ҳам ўрганишингиз мумкин. Улар билан суҳбатга киришсангиз, Каримов ва унинг режими амалга оширган “реформалар-ислоҳотлар”ни уларнинг қандай нафрат билан сўзлаганларига гувоҳ бўласиз.
Бугун Каримовнинг катта қизи Гулноранинг Швецияда 50 миллион ЕВРОга олинган моликхона(малика сарайи)дан бошлаб, кичик қизи Лоланинг Ўзбекистоннинг тонналарча олтинларини Францияда яшириб ўтирганларигача халқ жуда яхши билади.
Каримов оиласига бўлган халқнинг нафрати кундан кунга ортиб бормоқда. Халқнинг жуда чуқур ичкарисидан бугун бир тўлқин кўтарилиб келаётганини сезмаслик мумкин бўлмай қолди. Ўзбекистонда бугун зилзилага ўхшаш бир қимирлаш, силкиниш саси мавжуд. Бу сас эса, 22 йилдан буён Каримов бўйинтуруғи остида йўқлик ва фақирлик оловида қаврулган ва “энди етар” дейишга тайёр бўлиб қолган, аччиғи ва аламини кимдан олишини билмай турган кўпчилик(омма)нинг сасидир. Бундай бир вазиятда мухолифатнинг муҳим вазифаси, ўша саснинг аҳамиятини ва ўрнини яхши тушуниб, халқ кўчага чиқиш қилганида уларнинг ёнида бўлиш, қон тўкилишининг олдини олиш ва Каримовнинг ёлланган қотилларининг яна бир марта қон тўкишига йўл бермасликдан иборатдир. Биз ана шунинг учун ҳам янги бир Ўзбекистон Халқ ҳаракати таъсис этдик.
Бу сафар бизнинг янгидан бошланган курашимизда Туркия бизни ҳам қўллаб-қувватлашини жуда истардик. Ҳеч бўлмаганда Туркия, адолат, инсон ҳақлари ва демократия масалаларида Ўрта Шарқ ва Араб дунёсига чўзаётган меҳр ва мадад қўлини Ўрта Осиё Турк Жумҳуриятларига ҳам узатишини орзу қиламиз.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати.”
***
2. Шиорлар ёзилган плакатлар ( уларни тайрлашда хизмат қилган укаларимиздан Оллоҳ рози бўлсин). Шиорларнинг матнларини бу ерда келтиришга ҳожат йўқдир. Уларнинг асосий қисмини қадрли ўқувчиларимиз тезкор хабарларда кўришди.
***
3. Ўзбекистон халқ ҳаракати ТурКия бўлимининг матбуот учун хабарномаси. БУнинг матни туркчада юқорида исмлари тилга олинган йигитларимиз тарафидан тайёрланди. Уни мен тубандагидек ўзбекчага ағдардим:
– 1 Президент
– 4 ноқонуний (иллегал) сайлов
– 20 йиллик диктаторлик
– Ватанини тарк этишга мажбур бўлган 5 миллион дарди бошидан ошган инсон (аҳоли)
ИСЛОМ КАРИМОВ
Бундан 20 йил муқаддам Ўзбекистон газеталари “Мана сизга Озод, мустақил Ўзбекистон“ каби сарлавҳалар билан хабарлар тарқата бошлаганди. Ҳа, ўша замон бир қисқа вақт давомида совет истилосидан қутилиб, мустақиллигини эълон этган бир ўлка ўртага чиққан эди. Озодлик, Мустақиллик каби бир севинч борди. Бироқ бу севинч узоқ умр кўрмади. Ўзбек халқи, кутилмаганда коммунистик режим сарқити бўлган бир диктаторнинг бошқаруви остига кириб қолганини сезмай қолди. У диктаторни, Ислом Каримов деб аташардилар.
Каримов деганлари мавжуд Асосий Қонунни паймол қилиб, ўз мансабининг муддатини 4 марта узайтирди. Каримов ўтган 20 йил давомида ўзбек халқига ақл бовар қилмас даражада тазйиқлар ўтказди, зулм қилди. Унинг мухолифини қўллаб-қувватлаганлар эса, аявсиз ўлдирилди, иканжада қолишди ва кўплари ватанини тарк қилишга мажбур бўлди. Бугун ҳам Ўзбекистонда ҳукуматга мухолифатда бўлиш, ҳатто бирозгина бўлса-да уни танқид қилиш жиноят ҳисобланмоқдадир.
ЎЗБЕКИСТОНДА НАМОЗ ЎҚИШ ВА УЙДА ДИНИЙ КИТОБ САҚЛАШ ЖИНОЯТДИР …
1990-ларда мамлакатда демократик ўзгаришларни истаган либерал ҳаракатларнинг овозини ўчирган Каримов ва унинг ҳукумати, Каримовни мақтамаган мусулмонларни ва исломий билими бўлганларни ўлимга маҳкум этди ёки қамоқларда оғир жазоларга дучор қилди.
Шу кунларда ҳам “жиноят“лари фақат ва фақат мусулмонлик, ва Каримовни мақтамаганликдан иборат бўлган 18.000 аёл, бола, ёшу қариялардан иборат Ўзбекистон фуқароси қамоқхоналарда исканжада қолмоқдалар. У қамоқхоналарда зулм ва исканжа оқибатида жони қурбон бўлганларнинг сони бир неча юзларни ташкил қилади.
Мана 20 йилдир Ўзбекистонда фақуллодда ҳалот сақланиб қолмоқдадир. Бу ерда кўчада паспортсиз юриш қамоққа тушиш демакдир. Ўтган йили Қирғизистонда ўзбекларга қарши амалга оширилган ваҳшийликлардан қочган миллатдошларига чегара дарвозаларини ёпиб қўйиши билан Каримов режими, фақат унга мухолифатни эмас, бутун ўзбек халқини ўзига душман ҳисоблашини яна бир бор яққол кўрсатди.
БИЗ ЎЗБЕКИСТОН РЕЖИМИДАН БАРЧА АНТИДЕМОКРАТИК ТАҚИҚЛАРНИНГ БЕКОР ҚИЛИНИШИНИ, МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ ТАЪМИНЛАНИШИНИ, СИЁСИЙ МАҲБУСЛАРНИНГ СЎЗСИЗ ОЗОД ЭТИЛИШИНИ, СУРГУНДАГИ МУХОЛИФ ГУРУҲЛАРНИНГ ВАТАНГА ЭРКИН ҚАЙТИШИ ТАЪМИНЛАНИШИНИ, БАРЧАГА МАЪҚУЛ БИР МУДДАТ ИЧИДА БУТУН МУХОЛИФ ТАШКИЛОТ, ПАРТИЯ ВА ҲАРАКАТЛАРНИНГ БЕМАЛОЛ ҚАТНАШИШИ МУМКИН БЎЛГАН БИР ШАКЛДА ЭРКИН, ОДИЛОНА САЙЛОВЛАР ЎТКАЗИЛИШИНИ ТАЛАБ ҚИЛАМИЗ.
Мамлакатимиздаги Каримовнинг диктаторлик режимига қарши норзилигимизни ва демократик принсипларга содиқлигимизни кўрсатиш ва Ўзбекистондаги мавжуд ҳукуматнинг ҳам ўшандай принсипларда ишлашларини талаб қилиш мақсадида айни бир вақтда дунёнинг АҚШ, Канада ҳамда Овропа мамлакатларидан Олмония, Швеция, Чек Жумҳурриятида намойиш ўтказишга қарор қилдик. Яшасин Мустақиллик!
Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Туркия бўлими
МИТИНГ АДРЕСИ:
Şehit Halil İbrahim Cad. No 23, İstinye, Sarıyer, Istanbul
1 Eylül Saat 11:00. Özbekistan Konsolosluğu önünde,
İrtıbat için: Alibay Yolyahshi, ÖHH’nin Türkiye temsilcisi, tel.: 0554- 987- 32-94 ;
e-mail: aliyulyashi@hotmail.com; skype: aliboi2007
***
4. Каминаи фақир, мингда сўзлашга мўлжалланган тубандаги матнни ҳозирладим:
“Халқ, Озодлик! Адолат! Демократия! Фаровон яшашни истайди!
Ҳа, бизнинг жонажон ватанимиз сиёсий жиҳатдан бундан 20 йил муқаддам мустақил бўлди. Бироқ, халқ озод бўлмади ва ҳурриятига, эркига эриша олмади. Чунки Ўзбекистонда болшовойларнинг эски коммунистик режими сақланиб қолди. Шу сабаб бугун Ўзбекистон дунёнинг энг золим диктатори И.Каримовнинг зулми остида қолмоқда.
Шунинг учун кечмишга айланган 20 йиллик тарихда Ватанда бирор бир иқтисодий, сиёсий – ижтимоий ислоҳотлар юз бермади. Аксинча Каримов ва унинг қизлари ҳеч ким ва ҳеч қандай бир қонуну қоидалар тарафидан чекланмаган диктатураси ўрнатилди. Ўтган 20 йил давомида Ўзбекистон аталмиш бир ўта бой ва гўзал мамлакат, Каримов, унинг оиласи ва гумашталарининг полиция режими остида ҳаробага айлантирилди. Аҳоли оч қолди ва ночор ҳолга келди. Шу кунларда аҳолининг меҳнатга қобилиятли қисмининг энг озида 70% кунлик нонига пул топиш учун мамлакатни тарк этишганлар ва уни тарк этиш давом қилаяпти.
Бу муддат ичида бошланғич ва ўрта мактаб системаси батамом издан чиқарилди. Мамлакатнинг Олий малктабларида ва чет элларда фақат Каримиовнинг лаганбардорлари болалари ўқийдиган бўлишдилар. Иқтисодда замонавий ислоҳотлар амалга оширилиши ўрнига мамлакат Каримов ва унинг қизлари ҳамда гумашталарининг шахсий кирим манбаларига айлантирилди. Яъни мамлакат бир гуруҳ нопок кишиларнинг ҳаром мулк топиш бозорига айлантирилди.
Каримов, унинг қизлари ва уларнинг гумаштлари ҳуқуқ, қонунларга мутлақо амал қилмайдиган бўлишди. Оқибатда Коррупция, гуруҳбозлик, ўғирлик, қиморбозлигу фоҳишабозлик мисли кўрилмаган даражада авж олди. Мамлакатни адолатсизликнинг, инсон ҳақ-ҳуқуқлари паймол қилинишининг мудҳиш бир кўриниши қамраб олди.
Мамлакатда фикрлар хилмахиллиги бутунлай йўқ қилинди. Бугун Ўзбекистонда мухолиф ҳаракат, мухолифат кабилар у ёқда турсин, ҳатто бирор бир мухолиф фикр билдириш жиноят ҳисобланадиган бўлди. Кишиларнинг диний эътиқодларига тажовуз қатағон шаклини олди. Мусулмонлар уйларида ҳатто Қуръони карим сақлай олмайдиган ҳолатга туширилди.
Хуллас, мамлакат фақат Каримов, унинг қизлари ва уларнинг бир нечагина лаганбардорлари ҳаётлари қўриқланадиган бир полиция ва советлар кгбси сарқитларининг казармасига айлантирилди.
Ўзбек халқи сабру чидамли, адабли бир миллатдир. Аммо ҳар қандай сабр, адаблилик “косаси“нинг чегараси – гартиши бор. Бугун ўзбек халқининг сабр косаси тўлди, мана-мана тошиш вазиятида турибди.
Эй И. Каримов! Ва унинг ёнидагилар кўзингизни яхшироқ очинг! Силар золимсилар, бироқ ақлсиз кишилар эмассиз-ку, ахир. Халқнинг сабр косаси тўлиб тошганидан сўнгра барчангизни шундай оқизадики, пушаймон бўлишга ўрин ҳам, вақт ҳам қолмайди.
Шунинг учун дунёга очиқ ва уйғоқ кўз билан дурустроқ боқинг! Х.Муборак, М.Кадаффий ва бошқаларнинг ҳоли бошингизга тушмасдан ҳаракатингизни қилинг, яъни мансабларингдан воз кечинг!
Ўзбек халқи, Ўзбекистон аҳолиси, Адолат! Озодлик! Демократия истайди! Улар, ниҳоят эркин ва фаровон яшашни истайдилар!
Сўзланганлар билан бир қаторда Ўзбекистон режимидан тубандагиларни талаб қиламиз:
1. Барча антидемократик тақиқлар бекор қилинсин.
2. Ҳақиқий матбуот ва сўз эркинлиги таъминлансин.
3. Сиёсий маҳбуслар сўзсиз озод қилинсин.
4. Сургундаги мухолиф партиялар ва гуруҳларнинг Ватанга қайтиши учун барча ҳуқуқий ва сиёсий – иқтисодий шароитлар яратилсин.
5. Барчага маъқул бир муддат ичида бутун мухолиф ташкилот, партия ва ҳаракатларнинг бемалол қатнашиши мумкин шаклда мамлакатнинг барча давлат органларига ва президентликка эркин, очиқ, одилона сайловлар ўтказилсин.“
***
Бизнинг бу намойишни ташкил этишимизда Туркиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти “ Мазлумдор“ нинг Истанбул шуъбаси, уларнинг “Адолат“ гуруҳи ва Туркия Буюк бирлик партияси, Шарқий Туркистонликлар жамияти(дарнаги) маслаҳатчи ва ёрдамчи бўлдилар. Исмлари саналган ташкилотлардан Шарқий Туркистоликлар дарнагидан бошқа барчасидан намойишда қатнашишга вакиллар келишди. Уларнинг барчасига ЎХҲ Туркия бўлими номидан қардошлик миннатдорлигимизни билдираман.
Намойишни матбуотда тарқатиш учун ТGRТ, IHLAS хабар агентликлари ва Doğan хабар агенти (агентликнинг хабари мана бу адресда : http://www.sondakika.com/haber-ozbekistan-konsoloslugu-onunde-kerimov-protestosu-2966257/) каби хабар агентликлари ва матбуот органларидан мухбирлар келишди. Улар намойиш қатнашчилари билан суҳбат қилишди ва уларни ҳамда намойишни расмга туширишдилар. Туркияда намойишимиз ҳақида хабарлар тарқатишган матбуот органларининг рўйхати Озодлик радиосининг ўзбек бўлими интернет саҳифасида келтирилгани сабабли уларни бу ерда такрор ёзишни лозим кўрмадик.
Алибой Йўляхши.
02.09.2011, жума.