ЎХҲ раҳбариятининг навбатдаги йиғилиши ҳар сафаргидек якшанба куни бўлиб ўтди. Кун тартиби бўйича ҳаракатимизнинг Ўзбекистондаги фаолияти, Корея ярим оролидаги зиддиятли вазият, ЎХҲ сайтидаги муаммолар ва ҳаракатимизнинг “Файсбок” ижтимоий тармоғидаги “Каримов Кет” гуруҳининг фаолияти ҳақида фикр алмашилди.
Йиғилишда ЎХҲ нинг сўнгги уч ой ичида Ўзбекистонда ўз таъсирини сезиларли даражада оширгани, бутун вилоятларимизда инсонларимизнинг ҳаракатимиз фаолиятини яқиндан кузатаётгани ва тарафдоларимиз сонининг кун сайин ошиб бораётгани таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга ЎХҲ сафидаги “ЭРК” партиясининг ҳам сўнгги ойларда ўз фаолиятини қайта тиклай бошлагани ва шу сабабдан партия аъзоларига турли тазйиқларнинг ортгани ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, партиянинг Сурхондарё вилояти фаоллари қўлга олинганлар ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам мажлисда кўрилди.
Маълумки, Корея ярим оролида ҳозирги кунда вазият таранглашган ва Шимолий ва Жанубий Корея давлатлари орасида уруш чиқиш эҳтимоли ҳақида дунё матбуоти турли хабарлар тарқатмоқда. Шу муносабат билан ЎХҲ раҳбарияти йиғилишида Жанбуй Кореяда турли тахминларга кўра бир миллионга яқин ҳамюртларимиз яшашлиги ва ҳаракатимизнинг уларнинг тақдирига бефарқ эмаслиги айтиб ўтилди. Ҳозирги кунда халқимизнинг энг камида ярми ЎХҲга хайрихоҳ, қолган ярми эса бетараф бўлиши мумкин. Бунинг далили, масалан Викиликс ҳужжатларида айтилгани каби халқимизнинг бутунининг Гулнора Каримовадан нафрат қилишидир. Демак, халқимиз диктатор Каримовдан ҳам, унинг эркатой ва ахлоқсиз қизи Гулнорадан қутулишни истайди. Бундай эркинлик ва адолат курашини эса ЎХҲ бошлади ва бошқармоқда. Шунинг учун ҳам халқимизнинг асосий қисмининг бизни қўллаб қувватлашига шубҳамиз йўқдир…
Йиғилишда ЎХҲ расмий сайтида кузатилаётган муоммаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Маълумки сайтимиз бир неча марта хакерлар ҳужумига учраган эди. Шундан кейин унда турли техник муаммолар кузатилиб келинмоқда. Ушбу муаммолар билан шуғулланадиган биродарларимиз сайтдаги муаммоларнинг қисқа вақтда тузатилиб, сайтнинг нормал фаолияти тикланишини айтдилар.
“Файсбок” ижтимоий тармоғидаги “Каримов Кет” гуруҳи аъзолари 10000 дан ошиб кетди. Ушбу лойиҳа ўзбек мухолифати ичида Ўзбекистондаги диктатура режимига барҳам беришга қаратилган энг жиддий лойиҳалардан бири эканлиги йиғилишда таъкидланди. “Каримов Кет” гуруҳида ҳаракатимиз вакиллари ва хайрихоҳлари билан бирга турли ижтимоий, сиёсий ва диний гуруҳларга оид ҳамюртларимиз ҳам қатнашиб келмоқдалар. Кейинги ҳафталарда “Ҳизбут таҳрир” гуруҳининг вакиллари ҳам ушбу лойиҳада ўз материаллари билан иштироқ эта бошладилар. Бу масалада ушбу гуруҳнинг Каримов диктатурасига қарши руҳдаги мақола ва бошқа материлларини эркинлик ва адолат нуқтаи назаридан гуруҳ сайтида ёритиш мумкинлиги, бу ҳизбчиларнинг фуқаровий жараёнларига мослашишларига ёрдам бериши, аммо ҳизбчиларнинг ўзларидан бошқа мусулмонларни куфрда айблашлари ёки ўзларига дастур қилиб олган утопик халифалик ғоясини (чунки уларнинг бу ғояси Ислом уммати тарафидан қабул қилинмаган) ЎХҲ оммавий ахборот воситаларида ёритилмаслиги таъкидланди.
ЎХҲ Ахборот Бўлими
07. 04. 2013