Бугун (18 июнь) Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Муҳожирлар платформаси” ва бир гуруҳ ноҳукумат ташкилотлари “Қумқапи” депортация маркази биноси қаршисида бошпана изловчи мусулмонлар, шу жумладан, ўзбекистонлик фуқаролар ҳимояси учун норозилик акцияси ўтказмоқчи.
Бу ҳақда Туркияда фаолият кўрсатаётган “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Адем Чевик маълум қилган.
“Қумқапи Гуантанамога айланмасин!”, “Ҳукумат муҳожирларни ўлимга юбораяпти!” каби шиорлар остида ўтиши кутилаётган ва Муҳожирлар платформаси томонидан уюштирилаётган бу тадбирда, Адем Чевикка кўра, Мазлумдер, Имкандер, Ўзбеклар, АкДАВ, Фотиҳ Оқинчилари, Адолат платформаси, Озод Ўзбекистон платформаси, Туркистон платформаси, Ғариблар, Турксўйлилар бирлашмаси, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва Ўзбеклар бирлиги вакиллари қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, ташкилотчилар мазкур намойишда “барча виждон соҳиблари” иштирок этиши мумкинлигини билдирмоқдалар.
Истанбул вақти билан соат 12-00 да бошланажак акцияда ўзбекистонлик, қозоғистонлик, чеченистонлик, германиялик ва жазоирлик мусулмонларни депортация марказида ноҳақ тутиб турган, уларга инсонлардай муомала қилмаётган ва улардан айримларини ватанига бадарға қилган Туркия расмийлари, хусусан, миграция хизмати ходимлари хатти-ҳаракати юзасидан норозилик изҳор қилиниб, улардан бу каби ҳаракатларни бас қилиш ҳамда қочқинлар ва бошпана изловчилар масаласи бўйича халқаро ҳуқуқ меъёрларга риоя қилиш талаб этилажаги айтилмоқда.
– Масалан, ўзбек аслли Муҳаммадали Абдураҳмоновни Туркия мулозимлари Чанқара вилоятига юбормоқчи бўлди. Хотини Фотима Абдураҳмонова Истанбулда даволанаётгани учун у Истанбулда қолишга рухсат сўраб, Бош вазир идорасига мурожаат қилганди. Унинг илтимоси қондирилиши айтилди. Бироқ кейин у бирданига қўлга олинди ва 8 ойдан буён Қумқапи ҳибсхонасида тутиб турилибди. Халқ орасида бу Қумқапи “Гуантанамо” деган ном билан танилган. У ер ҳашоратларга тўлалиги, димлиги, овқатларининг ёмонлигидан ҳамда тутқунлар таҳқирланаётганига оид шикоятлар тушган бизга. Биз Туркия ўз халқаро мажбуриятларига риоя қилган ҳолда, буларга чек қўйишини, Қумқапи ҳибсхонаси ёпилишини, ҳатто маҳбусларга ёмон муомала қилганлар жазо берилишини талаб қилаяпмиз, – дер экан Адем Чевик Қумқапи депортация марказида тутиб турилган бу мусулмонлар ўз ватанида исломий ҳаёт кечира олмагани ва ўлим таҳдидига дуч келгани учун Туркиядан бошпана сўраганини қўшимча қилди.
“Ўзбеклар бирлиги” раҳбари мазкур муассасада шу кунда ўзбекистонлик Шоҳмурод Қосимов ва Бахтиёр Олимов ҳам тутиб турилганини ва уларга депортация хавф солаётганини айтади.
– Шоҳмурод Қосимовнинг икки яшар қизи ва беш яшар ўғлига ҳам булар террорчиларга қилингандай муомала қилганлар. Туркия полицияси худди катта бир иш қилгандай икки ёшли бир “террорчи”ни қўлга олаяпти. Уларнинг ҳозир қаерда экани маълум эмас. Бизга бу ҳақда дадаси хабар юборибди “оиламни топишга ёрдам беринг” деб. Улар қайси полиция бўлимида ё қайси ҳибсхонада, уларга ёмон муомала қилинаяптими, калтакланаяптими – тўрт кундан буён хабар тополмаяпмиз. Шоҳмурод Қосимовнинг ўзи ҳам беш кундан буён ҳибсхонада. Бахтиёр Олимовнинг эса (у икки ойдан буён ҳибсхонада) хотини билан икки фарзанди озодликда, уни ҳам анча уринишлардан кейин куни кеча хотини билан кўриштиролдик. Уни ҳам Сабиҳа Гўкчен аэропортида оч қўйишган, нон-сув беришмаган, бу ҳам бир қийноқдек гап. Улар анчадан бери прокурор суриштирувисиз, суд ҳукмисиз, полициянинг ўзбошимчилиги билан ушлаб турилибди, – дейди Адем Чевик.
“Ўзбеклар бирлиги” раҳбари 8 ойдан буён ҳибсда тутиб турилган Муҳаммадали Абдураҳмонов тақдири ҳақида шахсан Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғлига маълумот бергани, вазир Муҳаммадалининг қийноқларга дучор қилиниши мумкин бўлган ватанига депортация қилинмаслигига сўз берганини, бироқ у ҳалигача полициянинг маънавий қийноқлари қаршисида қолаётганини маълум қилди.
– Тунов куни тўрт адвокат билан Қумқапига бордик. Довутўғлининг гапини айтсам, “биз ҳеч қанақа вазирни билмаймиз” дейди, худди бу ер бошқа мамлакатдай. Уларга Ташқи ишлар вазирлигидан бу бўйича қўнғироқ бўлган экан, аммо улар оғзаки гап билан кифояланмай, қоғоз талаб қилишаяпти. Уларга учинчи мамлакатга чипта олинганди, бироқ учинчи мамлакатга чиқиб кетишга ҳам рухсат беришмаяпти. Гунтекин деган бир полициячи: “Ўзингнинг юртингга юборамиз”, деб айтибди. Ўз юртига юборилган тақдирда эса, сиз Ўзбекистондаги вазиятни яна-да яхшироқ биласиз, қамоқда қийнаб ўлдирилади. Биз шу жиноятга шерик бўлмаслигимиз керак, – дер экан Адем Чевик бугунги норозилик тадбиридан мақсад туркиялик масъулларни инсофга чақириш ҳам эканини қўшимча қилади.