O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎХҲ раиси Муҳаммад СОЛИҲга

ЎХҲ раиси Муҳаммад СОЛИҲга
234 views
20 December 2012 - 22:19

Ассалому алайкум, Муҳаммад Солиҳ ака! Сизни табаррук Пайғамбар ёшингиз билан табриклашга изн берсангиз. Мазкур қутлуғ санани Ватандан йироқларда нишонлашингизга тўғри келаётган бўлса-да, ўзбекларимизнинг озод келажаги, Ўзбекистонимизнинг обод истиқболи учун курашлар йўлида ўзингизнинг олдингизга қўйган олижаноб мақсадларингиз тезроқ рўёбга чиқишига астойдил тилакдошман. Мазлум халқимиз ҳамда хориждаги миллион – миллион ватандошларимиз ҳам худди шу эзгу эврилишни интиқлик билан кутмоқдалар.

Фурсатдан фойдаланиб, баъзи мулоҳазаларни билдирмоқчи эдим. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ташкил топганидан буён унинг атрофида кўплаб асосли – асоссиз гаплар ўрмалаб юрибди. Хориждаги миллат ва мухолифат раҳнамолигига даъвогар анча – мунча ўзбекларимиз эса, мазкур Халқаро ташкилотнинг теварагига бирлашиш – жипслашиш ўрнига, уни муҳокама этиш билан оворалар.

Улар қандай иддаоларни олға суришларидан қатъий назар, ўзбек мухолифатини бирлаштириш ташаббусини кўтариб чиққанингиз ҳамда айни ҳаётий ғояни изчил амалга ошираётганингизнинг ўзи ҳар қанча таҳсинларга лойиқдир. Бундай қутлуғ ниятга нисбатан тўсиқ қўяётганларга эса, халқимизнинг: “Ит ҳуради – карвон ўтади” деган оқилона нақлини эслатиб қўйиш мақсадга мувофиқ кўринади.

Миллатдош мухолифатчиларимиз ҳамда ижодкорларимиз томонидан чет элларда очилган интернет нашрларни кузата туриб, улардан аксариятининг эл ғами-ю юрт дарди қайсидир пучмоқларда қолиб кетиб, шахсий муносабатларини ойдинлаштиришга тиришиб ётганликлари, бўлар – бўлмас бир-бирларига қора чаплашга уринишлари, ўзаро бўғизларини ғажишиб турганликларига, гўёки, кимларнидир фош қилиш ниқоби остида бир-бирларини ҳақоратлашлари, таҳқирлашлари, ҳатто, сўкишишгача бориб етганликларига куйишниям – кулишниям билмай қоласан. Наҳотки, ўзларини энг ками – миллатнинг жонкуярлари ҳисобловчи инсонлар шунчалик майдакашликка, тубанликка, маҳаллийчиликка бормоқдалар? Бу кетишда эрта бир кун – дориломон замонлар келганида, улар халқимизнинг, қолаверса, бир-бирларининг юзларига қандай қарай оладилар.

Кавлаштираверса – ҳаммадан ҳам қандайдир нуқсонлар топилишини, ягона беайб зот – фақатгина Парвардигорнинг Ўзи эканлигини, эндиликда – ўтмишни қўзғаш эмас, ўзбекларимизнинг ҳамда Ўзбекистонимизнинг ҳозири ва келажаги манфаатларини кўзлаган ҳолда иш тутиш даркорлигини улар қачон тушуниб етадилар, ахир?!

Кимлардир хоҳлайдиларми ёинки йўқми – Ўзбекистон Халқ Ҳаракати хориждаги ўзбек мухолифатининг етакчи ва раҳнамо кучидир, Халқаро инсонпарвар ташкилотлар ҳамда демократик давлатлар ЎХҲни аллақачон шундай юксак мақомга эга уюшма тариқасида қабул қилаётирлар ва у билан ҳисоблашаётирлар. Мамлакатимизнинг ичкарисидаям миллионлаб қашшоқ ҳамда йўқсил ватандошларимиз Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг истиқболий ғалабасига умид ва илинж кўзларини тикиб турибдилар.

Бу ёқда иблисларнинг-да устози – Ислом Карим (ИК) бошлиқ қашқирий галани ҳам таҳликага ва қўрқинчга солиб турган якка-ю ягона қудрат – Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидир. Шунинг учун ҳам, ИК ва унинг жосуслари-ю малайлари мазкур ташкилот сафларига зарба уришга, унинг орасига низо солишга жон – жаҳдлари билан уриниб келмоқдалар ва, таассуфлар-ки, баъзан бунга эришмоқдалар ҳам. Хориждаги кўпгина ўзбек ижодкорларимиз ҳамда зиёлиларимизнинг олаоғизликлари ҳамда торфаҳмликлари ИКнинг тўдаси учун ниҳоятда қўл келаётир ва улар мазкур нифоқ гулханини каттакон ёнғинга айлантириш учун ҳеч нарсани аямаётирлар ва аямайдилар ҳам.

Кўзимизни каттароқ очайлик, биродарлар! Ҳозир шахсий хусуматлар, хусусий ҳисоб – китоблар, ўзаро гина – кудуратларни муҳокама этишнинг вақти ё фурсати эмас. Бой берилаётган ҳар бир кун йиртқич ИК бошлиқ ваҳшийларнинг умрини, истибдод ҳукмронлигини ҳафталаб – ойлаб чўзмоқда, мухолифат ўртасидаги ҳар қандай зиддият ёвузлар ва золимларнинг тегирмонларига сув қуймоқда. Халқимизнинг оддий эса-да ўта теран “Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар!”, “Овул ити ола бўлади-ю бўри келса – бирга бўлади” мақолларидан бизлар қачон тегишли сабоқ чиқарамиз?!

* * *

Мен бу даъватларим билан кимларгадир “ота насиҳат” қилиш фикридан йироқман, албатта. Фақатгина, элим ғамидан – юртим дардидан куйган оддий бир ижодкор сифатидаги мулоҳазаларимни айтаяпман, холос. Ўйлайман-ки, ўзимнинг айни хитобларим билан мамлакатимиз ичкарисидаги ҳамда ташқарисидаги кўплаб ватандошларимиз ва миллатдошларимизнинг фикрларини-да ифодалаяпман.

* * *

Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ ака! Сизга бундан кейинги таваллуд саналарингизни она – Ватанда нишонлаш насиб этсин!

Эҳтиром билан: ТУРКЎҒЛОН
ТОШКЕНТ