O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Путиннинг ғарбга нисбатан “санкция қўлловчи” фармони ва унинг ўзбек экспортёрларига таъсири

Путиннинг ғарбга нисбатан “санкция қўлловчи” фармони ва унинг ўзбек экспортёрларига таъсири
20 views
08 August 2014 - 9:32

1Шу йилнинг 6 август куни Россия президенти Владимир Путин “Россия Федерацияси хавфсизлигини таъминглаш мақсадида алоҳида махсус иқтисодий чоралар қўллаш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Мазкур ҳужжатга Европа Иттифоқи, АҚШ, Австралия, Канада ва Норвегиядан Россияга кириб келадиган гўшт, мева-сабзавот ва сут махсулотларига таъқиқ қўйиш ва чеклашни назарда тутади. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 7 августь куни Россия бош вазири Дмитрий Медведев таъқиқ остига тушадиган махсулотлар рўйхати илова қилинган тегишли қарорни имзолади. Қарорда Россиянинг ғарб давлатларига нисбатан жорий қилган ушбу санкциялари бир йил давомида амал қилиши белгилаб қўйилган.

Юқорида тилга олинган санкция чораларининг жорий қилиниши ортидан уларнинг Россияга озиқ-овқат экспорт қилувчи бошқа давлатлар, жумладан Ўзбекистонга таъсири борасида оммавий ахборот воситаларида кўплаб хабарлар пайдо бўлди. Хусусан, Фергана.ру ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган “Ўзбекистон Россия президентининг “санкция қўлловчи” фармонига тезкор муносабат билдирди” (Узбекистан оперативно отреагировал на «санкционный» указ президента России) номли мақолада Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот махсулотлари етказиб беришни икки баробарга ошириши ҳақида сўз борди.

Шу ўринда, Россиянинг ғарб давлатларидан кириб келадиган озиқ-овқат махсулотларининг бир қанча турларига нисбатан таъқиқ ва чекловлар жорий қилиши мева-сабзавот етиштирувчи ўзбек деҳқонлари ва экспортёрларига қанчалик наф келтиради деган ҳақли савол туғилади. Қуйида Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот махсулотлари етказиб беришни икки баробарга ошириши ҳақидаги фикрнинг куни кеча эълон қилинган Россия президенти фармонига нечоғлик алоқадорлиги ёки бу ҳужжатнинг Ўзбекистон экспортчиларига қанчалик наф келтира олишини мавжуд ҳолат асосида таҳлил қиламиз.

Биринчидан, Россиянинг чекловларни асосан Европадан келадиган қайта ишланган озиқ-овқат махсулотлари, яъни гўшт, балиқ ва сут махсулотларига нисбатан жорий қилиниши ҳужжатда аниқ кўрсатилган. Чеклов ва таъқиқларнинг нисбатан чегараланган қисмигина мева-сабзавотга оид. Бироқ бу ерда мева-сабзавотнинг ҳам қайси турларига оидлиги масаласи бор. Бу энди божхона ҳужжатлари билан тўлдириб борилади. Ўзбекистон Россияга асосан мева-сабзавот етказиб бериши инобатга олсак айнан мазкур норматив ҳужжат ўзбек экспортчиларига қандайдир имконият ёки имтиёзга ишорат дегани эмас.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг Россияга экспорт қилинадиган мева-сабзавотлар ҳажмини 2016 йилга бориб икки баробарга ошириш режаси айнан Путиннинг кечаги фармонидан сўнг пайдо бўлиб қолгани йўқ. 2013 йилда Ўзбекистонда мева-сабзавот махсулотларини ишлаб чиқариш 8,4% га ортгани ҳисобга олинса ҳар қандай экспортёр давлат сингари Ўзбекистон ҳам имкон қадар махсулотнинг ушбу тури экспорти ҳажмини оширишга интилади.

Учинчидан, Ўзбекистон умумий мева-сабзавот махсулотлари экспортининг 80%и Россия ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари РИА Новости агентлигига маълумот берган қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакилининг сўзларига кўра Ўзбекистон 2013 йилиёқ ушбу махсулот турининг Россияга экспорти ҳажми бўйича йирик етказиб берувчилар бўлган Польша, Испания, Аргентина, Маракко ва Италиядан ўзиб кетган. Фақат бу ерда эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат бор – бу ҳам юқоридаги тилга олинган фармон Ўзбекистоннинг мева-сабзавот экспорти ҳажмининг ортишига нечоғлик таъсир қилиши масаласи. Бу борада Россиянинг юқоридаги қарори ўзбек экспортёрлари учун бирор жиддий таъсирга эга деб айтиш қийин. Чунки, Ўзбекистон шундоқ ҳам бор имкониятни ишга солган ҳолда экспортни максимал ҳажмда амалга оширмоқда. Бундан ташқари, вазирлик вакили айтганидек, мева-сабзавот махсулотлари етказиб бериш ҳажмининг ортишига тўсқинлик қилаётган омиллардан бири Ўзбекистондаги ихтисослашган транспорт воситалари техник ҳолатининг талабга жавоб бермаслиги ва Россия божхона чегараларидан ўтишдаги карантин чораларининг кучайтирилганидир.

Шундай экан, юқоридагилардан келиб чиқиб Россия ҳукумати томонидан ғарб давлатларига нисбатан санкция чоралари сифатида қабул қилинган қарор ва унинг ўзбек экспортёрларига таъсири борасида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

1. Россия ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорга илова қилинган махсулотлар рўйхатиги асосан ғарб давлатларидан кириб келадиган махсулот турлари киритилган. Махсулотларнинг мазкур турлари эса ўзбек экспортида салмоқли улушга эга эмас.

2. Бу ерда гап ушбу махсулотларнинг баъзи турларига нисбатан таъқиқ қўйиш ва баъзиларига нисбатан чеклов ўрнатиш ҳақида бормоқда. Бу эса юқорида санаб ўтилган баъзи махсулот турларининг Россияга кириб келиши чекланган миқдорда бўлса ҳам давом этади.

3. Россия ҳукумати қабул қилган қарор моҳиятига ва унинг қайси давлатларга нисбатан жорий қилинишига эътибор қилинса ушбу “жазолаш” характерига эга ҳужжат асосан икки томонлама ва Жаҳон савдо ташкилоти доирасида ушбу давлатлар билан келишилган преференциялар ва имтиёзларни чеклашга қаратилганини кузатиш мумкин. Бу билан ички ишлаб чиқарувчи ёки махсулот етиштирувчиларни ҳимоя қилинади, айни пайтда Россияга нисбатан санкция жорий қилган ғарб давлатларига қайсидир маънода жавоб чораларини қўллаш назарда тутилган.

4. Ушбу чоралар Россияга асосан мева-сабзавот етказиб берувчи ўзбек экспортёрларига қандайдир имкониятлар туғдиради деб айтиш қийин. Чунки, Ўзбекистонга нисбатан амалдаги преференция режими ҳеч қандай ўзгаришсиз қолаверади.

5. Ўзбекистон Россияга асосан мева-сабзавотлар экспорт қилади, санкция қўллаган Европа давлатлари эса қайта ишланган махсулотлар – биринчи навбатда консерваланган, музлатилган ёки дудланган махсулотлар экспорт қилади. Демак бу ерда махсулотлар орасида жиддий кесишим мавжуд эмас.

Аслида Ўзбекистон ташвишланса арзийдиган бошқа бир ҳолат бор. Бу ҳам санкциялар оқибатида Россия иқтисодиётининг издан чиқиши Россиядаги кўп миллионлик меҳнат муҳожирларининг даромадларига таъсир қилмасдан қолмайди. Меҳнат муҳожирлари томонидан бир йилда юбориладиган пул миқдори Ўзбекистон ялпи ички махсулотининг қарийб 15%ини ташкил қилиши инобатга олинса, бу миқдор камаядиган тақдирда аҳолининг иқтисодий аҳволи янада ночорлашиши тайин.

Замир Малик