Ўзбекистон ҳукумати ўз қарори билан тадбиркорлик субъектларини хайрия ҳамда пул ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда norma.uz хабар берди. Эндиликда бундай ёрдам фақат ихтиёрий ва беғараз асосларда кўрсатилади.
2014 йилнинг 12 августида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 227-сонли Қарорида тадбиркорлик субъектларини хайрияга мажбурлаш маън этилиши, улар ўз ёрдамини фақат қонунчиликда кўзда тутилгани каби ихтиёрий ва беғараз йўсинда кўрсатиши мумкинлиги ҳамда бу ёрдам мақсадга мувофиқ сарфланиши лозимлиги қайд этилади.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Бюджет ташкилотларининг хайрия тартибида тадбиркорлик субъектлари воситаларидан фойдаланиши тўғрисидаги Низом”да тадбиркорлик субъектлари мазкур ёрдам воситасида амалга оширилаётган ишнинг исталган босқичида маблағларнинг мақсадга нақадар мувофиқ ишлатилаётганини текшириш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Ҳукумат қарорида тадбиркорлик субъектларини хайрия тадбирларига мажбуран жалб қилган давлат бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва бюджет ташкилотлари раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ равишда жавобгарликка тортилиши ҳам таъкидланган.
Ўзбекистон парламенти аъзолари йил охирига қадар тадбиркорлик субъектларини хайрия ҳамда пул ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни ўрнатувчи қонунчиликка ўзгартишлар киритишни режалаштиришмоқда.
Мазкур қонун ости актининг қабул қилиниши билан Ўзбекистон миллий қонунчилиги базаси яна бир қонун ижодкорлиги тамойилларига мос келмайдиган ғайриоддий норматив ҳужжат билан тўлдирилди. Буни қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин.
1. Демократик тамойиллар нуқтаи назаридан келиб чиқилса юқоридаги қонун ости актисиз ҳам ҳеч қайси тадбиркорлик субъекти бюджет ташкилотлари томонидан турли хил тадбирларга мажбуран жалб қилиниши мумкин эмас. Бюджет ташкилотлари ва давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашуви ёки уларни хайрияга мажбурлаши каби ҳуқуққа зид бўлган ҳаракатларга йўл қўймаслик хусусий тадбиркорлик фаолиятини тартибша солишга қаратилган умумий қонунчилик билан тартибга солинган. Хусусан, 2012 йил 2 майда янги таҳрирда қабул қилинган, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 11-моддасида: “Тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб
бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади”, -деган норма белгиланган.
Ушбу моддада эътироф этилган норманинг амалиётга тадбиқ этилиши учун алоҳида қонун ости акти қабул қилиниши талаб қилинмайди, балки унинг ҳар қандай тарздаги бузилиши ўз-ўзидан давлат органлари учун ҳуқуқий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Бюджет ташкилотларининг хайрия тартибида тадбиркорлик субъектлари воситаларидан фойдаланиши тўғрисидаги Низом”нинг тасдиқланиши айнан беғараз ва ихтиёрий равишдаги тадбиркорлик субъектлари ёрдамидан фойдаланиш қоидаларини белгилаб қўйилди. Шунга қарамасдан, мазкур Низомга тадбиркорлик субъектларини хайрия тадбирларига мажбуран жалб қилишни таъқиқловчи қоидалар ҳам киритилди.
Бу эса, юқорида тилга олинган “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 11-моддаси амалда ҳеч қандай аҳамият касб этмаганидан далолат беради. Бундан ташқари, хайрия ҳамда пул ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилиш каби ҳаракатларга норматив қонунчиликда меъёрлар ўрнатиш орқали таъқиқ қўйилиши жамиятда мазкур фактни тасдиқловчи ҳолатларнинг авж олганлигини билдиради.
2. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Низомнинг моҳиятига эътибор қилинса бу ерда гап фақат тадбиркорлик субъектларини хайрия ҳамда пул ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилишни таъқиқлаш ҳақида бормоқда.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддасига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари (тадбиркорлик субъектлари) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.
Демак Низом тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайдиган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига даҳл қилмайди. Шу ўринда, давлат органлари ва бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектлари бўлмаган жисмоний ва юридик шахсларнинг ёрдамидан фойдаланишни тартибга солишга қаратилган Низом қабул қилиш эҳтиёжи юзага келмайдими деган савол туғилади.
Чунки тадбиркорлик субъектларининг мажбурий тарзда турли хил хайрия тадбирларига жалб қилингани тадбиркорлик субъекти бўлмаган жисмоний шахслар, биринчи навбатда бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий равишда пул ажратиш билан боғлиқ турли хил тадбирларга ёки мажбурий меҳнатга жалб қилиниб келмоқда. Бунга, мактаб ўқитувчиларининг мажбурий тарзда турли хил газета ва журналларга обуна қилиниши, ёки пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳисобланган теримдан маълум миқдордаги пул бадаллари йиғиб бериш орқали озод бўлиши каби ноқонуний ҳолатларни мисол келтириш мумкин.
Ҳар бир жисмоний шахс, табиркорлик субъекти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар мажбурий меҳнатдан (тадбирлар) ҳимояланишини таъминлашга қаратилган нормалар биринчи навбатда Конституцияда ва умумий қонунчиликда жой олган. Худди шу сингари юқорида таъкидлаганимиздек тадбиркорлик субъектлари ҳам давлат органлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг улар фаолиятига ҳар қандай турдаги аралашувини таъқиқловчи нормалар умумий қонунчиликда мавжуддир.
Бундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, жамиятда маълум бир қатлам ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳукумат қарорларининг қабул қилиниши, мазкур жамиятда Конституция ва Парламент томонидан қабул қилинадиган қонунларнинг ҳаётга тўла равишда тадбиқ қилинмаганидан дарак беради. Албатта, бу умумий бир қоида сифати давлат органларининг хайрия тартибида тадбиркорлик субъектлари воситаларидан фойдаланишини тартибга солувчи Низом ёки бошқа ҳужжатларнинг қабул қилинишини инкор қилмайди.
Бироқ, асосий масала бундай ҳужжатларда бюджет ташкилотларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини бузувчи ҳаракатларига нисбатан таъқиқловчи нормаларнинг киритилишидир. Бу эса, тадбиркорлик фаолиятини муҳофаза қилишга қаратилган умумий қонунчиликдаги нормаларнинг такрорий равишда Низомга киритилганлигини билдиради.
Замир Малик