Матбуотда маълум қилингани каби ЎХҲ нинг Туркия бўлими ўз ишини бошлади. Бўлим Раиси этиб мухолифат оқсоқоли Алибой Йўляхши сайланди. Ушбу муносабат билан у кишига баъзи саволлар билан мурожаат қилдик:
1. Нега Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаолиятига қўшилдингиз?
– Советлар империяси тугатилиши муносабати билан бизнинг ҳам ватанимиз – Ўзбекистонда инсоний, фуқаровий, инсонлар эркин бир нафас ола биладиган жамият қурармиз деб орзу ва умид қилгандик. Мустақилликдан аввалги бутун ҳаракатларимиз ана шу мақсадга қаратилганди. Афсуски, ундай бўлмади. Мамлакат, советлардан қолган инсофсиз коммунистлар қўлида қолиб кетди.
Асли олганда мен, мустақилликдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам мана шундай жамият қуриш учун ўз ҳиссамни баҳоли қудрат қўшишга уриниб келганман. Ўзбекистон мухолифати кўп йиллик сарсон саргардонликлардан сўнгра мана шу савобли эзгу мақсадда бугун бирлашди ва менинг бундай ҳаракатга қўшилмай кузатувчи бўлиб туришим эса, мумкин эмас эди, албатта. Шунинг учун ҳам мен ЎХҲ да фаол иштирок этишга қарор қилдим …
2. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг долзарб вазифалари нимадан иборат, деб ўйлайсиз?
– Биринчидан, ЎХҲ-нинг мақсад ва асосий ғоясини халқимизга ва дунё прогрессив жамоатчилигига яхши танитиш ва унинг аъзоларини ва тарафдорларини кўпайтиришдан;
– Иккинчидан, самарали амалий ишлар қилиш: Масалан, Ҳаракатнинг Ватанда ва хорижда маҳаллий бўлимларини тузиш ва уларнинг олдига аниқ вазифалар қўйиш ва уларни амалга оширишдан;
– Учинчидан, мадомики биз янги жамиятни қуришни истасак, буни амалга ошира оладиган тараққийпарвар кадрларни етарли миқдорда Ҳаракатга жалб этиш ва уларни тайёрлашдан иборат деб биламан …
3. Ўзбекистонда мавжуд диктатура тузуми қандай йўллар билан ўзгаради, деб ўйлайсиз?
– Энг муҳими ва яхшиси Президент Ислом Каримов бошчилигидаги ҳукуматнинг мамлакатимиздаги оғир ижтимоий-сиёсий вазиятни эътиборга олиб, тинч ва зарарсиз йўл билан истеъфога чиқишидир. Бу ҳолда Президент вазифасини вақтинча бажарувчи ва Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа бир қатор миҳим бўлимлари ЎХҲ берилиши лозим бўлади ва Ўзбекистон ҳукумати бир муддат (бу муддатни ўтиш даври деса ҳам бўлади) мавжуд Асосий Қонун ва қонунлар асосида ишлаб туради. Парламент ўз ваколатини сақлаши мумкин.
Аммо бошқарувнинг ўзгариши бундай тинч йўл билан амалга ошишига ишониш қийин. Борди-ю Ўзбекистоннинг И.Каримов бошлиқ бугунги ҳукумати вазиятни ва атрофдаги воқеаларни соғлом бир шаклда баҳолай олмаса, халқнинг сабру тоқати чексиз деб ўйлаш ҳам ақлга зиддир. Яъни халқ, ўз норозилигини намойиш қилиши ва худди “Араб баҳори” деб аталаётган воқеалар рўй бераётган давлатларда бўлгани каби, ҳукуматни истеъфога чиқишга мажбур этишини ҳам хотирада сақлаш лозим деб ҳисоблайман. Бироқ, бундай бўлишини биз ҳеч замон истамадик, бугун ҳам истаётганимиз йўқ. Аммо бу, халқнинг охирги чора сифатида қўл уриши мумкин бўлган бир ҳоллигини унутмаслигимиз керак. Айниқса бу ҳолни Ўзбекистоннинг бугунги ҳукумати жуда яхши тушуниши лозим деб ўйлайман. Андижон фожиаларини такрорлаш энди иш бермайди, оғайнилар! Буни ҳар ким (жумладан Ўзбекистоннинг бугунги ҳукумати ҳам) жуда-жуда яхши билиши шарт. …
4. ЎХҲга турли гуруҳлар бирлашган. Шу жумладан Исломий қарашдаги гуруҳлар ҳам бор. Буларнинг ҳаракатдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?
– Биринчидан дўстим, “Исломий гуруҳлар” дейиш тўғрими? Шунга қарамасдан агар мамлакатимизда фуқаровий, эркин жамият барпо бўлиб, адолатли давлат тизими ўртага чиқадиган бўлса, барчанинг тенг ҳуқуқлиги сақланиб, кўпфикрлилик амал қилади. Шундай экан мамлакатимизда ҳамма бирдай эркин фаолият олиб боришга ҳақли бўладилар, жумладан сиз айтаётган кишилар ҳам. Мен, баъзи ўзларини демократ атаб юрган шаввозларнинг мусулмонлар билан умуман бирга бўлмаслик керак, улар билан ҳамкорлик қилмаслик керак, деган ғализ тушунчаларига қўшила олмайман. Ҳатто бундай қараш демократияга ҳам мутлақо мос эмас, ахир. Иншооллоҳ, ундайлар бундан буён Ўзбекистонда бошқарувга чиқа олмаслар. Биз ҳақиқатан тараққиёт тарафдори бўлсак, барча тарафлар билан, шу жумладан исломий қарашда бўлганлар ва бошқа хил диний қарашда бўлганлар билан ҳам мулоқот ва ҳамкорликни мунтаззам йўлга қўйишимиз керак, деб ҳисоблайман. Мусулмонларга ҳам, бошқа дин вакилларига ҳам албатта эътиқод ва ибодат эркинлиги берилиши керак. Шу билан бирга биз ҳозирда Ислом давлатлари дея аталаётган мамлакатлардаги турли диктатура ва қироллик режимларининг ҳақиқий маънода динимизга мос эмаслигини ҳам яхши биламиз. Келажакда Ўзбекистонда фуқарога ҳеч қандай эркинлик бермайдиган ва фақатгина динимизни суистеъмол қилиш билан шуғулладиган бундай зўровон режимларнинг пайдо бўлишини истамаймиз. Чунки Ислом дини илму маърифат, тинч-тотув яшашни тарғиб қилувчи ва бошқа кўплаб ижобий хусусиятларни ўз ичига қамраб олганлиги ҳам очиқдир. Шунинг учун баъзи бир Исломдан тамоман бехабарларнинг васвасаларидан чўчимасликка ундайман.
ЎХҲ Туркия Бўлими Раиси ҳурматли Алибой Йўляхши билан ушбу е-маил орқали хабарлашишингиз мумкин: aliyulyashi@hotmail.com
Суҳбатни Намоз Нормўмин ёзиб олган.