Уймизда “қиш”, ташқарида эса “баҳор” дейди биз билан суҳбатлашган, ЎХҲнинг фаол аъзоси Фахриддин Тиллаев. “Мана уч йилдирки, бизнинг хонадонмиздаги иситиш тизими, “отопление”миз ишламайди. Уймизни иситиш учун газдан фойдаланамиз. Газнинг ҳидидан тўйиб кетганмиз…
Мен шу йилларда Тошкент шаҳар, туман ва Ўзбекистон Республикасининг прокуратураларига аризалар билан мурожаат қилдим. Натижа бўлмади. Қачон қараманг, уйимизга келган “Тошиссиқликэнергия” бўлимининг ходимлари йиллар давомида тўланмаган хатларни олиб келишади. Мен уларга “баркатопгурлар, уч йилдан буён ишламай ётган “отопление”га қандай пул тўлайман?” десам улар “иссиқлик сув келиб турибди, шунга тўласангиз бўлгани” дейишади.
Бундан ташқари, қўшнимиз томонидан ўтқазиб юборилган сув туфайли электр симлари куйиб кетган. Ҳар йил аҳвол шундай. 2009 йили уймизни обдон таъмирлаб чиққан эдик, ҳаммаси бир тийин бўлиб кетди. Мендан бир этаж пастда ўтирган қўшнимиз, Тамара Иванова эса, менинг хонадонимига келаётган иссиқ ва совуқ сувларимга “вентиль” ўрнатиб олган. Ҳоҳласа сув беради. Ҳоҳламаса бермайди…
“Еттинчи коммунал сервис ҳизмати”нинг бошлиғи Саидолим акага юз марталаб мурожаат қилган бўлсам-да, у “Яқинда Сиз яшаётган домнинг “томи”ни таъмирлаймиз. Иссиқлик “отопление”ларни ҳам бир бошдан таъмирлаб чиқамиз. Ўшанда ҳаммаси яхши бўлади. Фақат Сиз “терпение” қилиб туринг” дейди. Уч йилдан буён, “терпение” қиламиз. Совуқда ўтиравериб, шу ҳолатга ўрганиб қолибмиз. Бу ҳолат “одатга” ҳам айланиб бўлди. Танамиз иссиқ нималигини ҳам билмайди…
Бу муаммолар етмаганидек, менинг уй телефонимни сунъий равишда қарздор қилиб қўйишган. Шу “қарздор”лик туфайли уй телефоним ўчириб қўйилган. Чиқиндидан ва иссиқлик сувлардан ҳам “қарздор”лик бор. Буни қандай тушуниш керак? Қиш чилласи ҳам кириб келганига 20 кундан ошди. Уймизда совуқлик -20 даражани кўрсатади. Ташқаридаги совуқдан ҳам уймиз баттар совуқ. Собиқ Иттифоқ даврида қурилган “Хрушёв” давридаги уйлар ўз вақтини ўтаб бўлган. Бетон ичида ўтириш ҳам бир “санъат”. Инсон ҳамма нарсага кўникар экан…
Мансуржон Фозилжонов