Хориждаги бир қанча мухолиф гуруҳларни ўзида бирлаштирган Ўзбекистон халқ ҳаракати ғарб ҳукуматларини қисқа муддатли манфаатларга асосланиб эмас, балки инсон ҳуқуқлари қадриятлари, минтақа халқлари манфаатидан келиб чиқиб, митақада доимий барқарорликни таъминловчи лойиҳаларни амалга оширишга чақирган.
ЎХҲнинг бу баёноти АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейкнинг Ўзбекистонда олиб борган музокаралари ортидан эълон қилинди.
“Ўзбекистондаги Ислом Каримов диктатураси Марказий Осиёдаги нобарқарорликнинг асосий манбаидир. Бу режимнинг мамлакатимизда ва минтақамизда олиб бораётган ғайриинсоний сиёсати кутилмаганда бутун минтақани портлаш нуқтасига олиб келиши, бу билан ғарб давлатларининг ҳозирги шароитда минтақамизда мажбурий равишда ва вақтинчалик манфаатларга асосланган бутун уринишларини йўққа чиқариши мумкин, – дейилади Ўзбекистон халқ ҳаракати баёнотида.
Қўшма Штатлар ва НАТО Афғонистондан қўшинларини 2014 йилга қадар олиб чиқиш режаларини эълон қилгач, Марказий Осиё давлатлари орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғининг аҳамияти ошди.
Жаноб Блейк ўз Ўзбекистонга ташрифи сўнггида АҚШ Ўзбекистон билан хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир, дея баён қилган.