O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎшТВ телеканали национализация қилиниши мумкин

ЎшТВ телеканали национализация қилиниши мумкин
32 views
24 May 2014 - 11:55

o`sh tv23 май куни “Вечерний Бишкек” тарқатган хабарга кўра яқин кунларда Ўшдаги “ЎшТВ” телеканали маҳаллий ҳокимият ихтиёрига ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда агентликнинг ҳокимиятдаги манбалари маълумот берган. Маълумот телеканал ходимлари тарафидан ҳам тасдиқланган, бироқ бунинг сабаблари улар учун номаълум.

Маълум бўлишича туманлараро Ўш суди телеканалнинг 2010 йилдан кейинги барча сотиш ва қайта сотиш билан боғлиқ шартномаларнинг барчаси ноқонунийлиги ҳақида қарор чиқарган. Бу билан охирги уч йил ичидаги барча олди-сотди битимлари бекор бўлган. Ҳозирда “ЎшТВ” телеканали ҳуқуқшунослари Ўш шаҳар судига аппеляция шикояти топширишган. Биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиш учун уларнинг керак бўлса Олий судгача етиб бориш ниятида эканликлари айтилади. Бироқ, эътибор тортадиган бир жиҳат бор.

Суд ҳозирда 2010 йилдан кейинги барча олди-сотди битимларни бекор қилган экан ҳуқуқий жиҳатдан “ЎшТВ” унинг биринчи эгаси – Халилжон Худойбердиевга тегишли ҳисобланади. Қирғизистонда 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Худойбердиев АҚШдан бошпана топган. Энди эса Қирғизистон ҳукумати телеканални национализация қилиб маҳаллий ҳокимият ихтиёрига топшириш ниятида. Янада тўғрироқ қилиб айтганда Ўш шаҳар мэри Айтмамат Кадирбаевга. Агар телеканалнинг ҳуқуқий жиҳатдан эгаси Худойбердиев бўладиган бўлса акциялардан воз кечиш эвазига унга қандайдир енгилликлар берилиш эҳтимолини ҳам йўқ эмас.

“Вечерний Бишкек” манбасининг сўзларига кўра Қирғизистон давлат мулки жамғармаси телеканалнинг асбоб-ускуналари, мулки ва ҳаттоки кичик ашларигача қийматини ҳисоблаб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил июнда бўлиб ўтган қонли воқеалардан кейин “ЎшТВ” раҳбариятига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди. Телеканалнинг ўша вақтдаги директори Ҳалилжон Худойбердиев эса АҚШдан бошпана олганди. Бироқ, Худойбердиев ББС билан суҳбатда Мирзақматов уни ўз уйига чақириб, “ЎшТВ” ҳиссаларининг 51 фоизини бошқа киши номига ўтказишни талаб қилгани ҳақида гапирганди.

“Бу учрашув 1 июлда бўлди. У ўз уйига таклиф қилди. Фрунзе бозорини ёнида уйи бор. Ўз ўғлим билан бирга борганман. Уйига борганимда ўнтами, саккизтами, автоматлари бор фуқаролик формасидаги ёш йигитлар бор эди, ҳовлида учта қора джип бор эди. Кириб айтдим, нимага оиламизни бундай қийнаяпсиз, деб. У ўғилларимга “отангни қамаймиз” деб таҳдид қилган, катта ўғлимга қарши ҳам жиноий иш очилганди. Мақсадинглар нима, десам, у телекомпаниянинг 51% ҳаққини мен айтган одамга ўтказасиз ва телекомпанияни ишлатиб берасиз, деган. Атрофда қуролланган одамлар бўлгани учун, розилик берганман”, деганди Ҳалилжон Худойбердиев.

У ўзи бу ҳиссаларни 1,5 миллион доллар дея баҳолагани, бироқ Мирзақматов ҳиссалар қийматини 400 минг доллар деб топганини ва у мажбуран бу нархга рози бўлганини айтганди.

ЎХҲ ахборот бўлими