Ўш шаҳар кенгаши куни кеча Айтмамат Қадирбаевни ҳоким этиб қайта сайлади. Унинг номзодини 41 депутат қўллаган. Яна бир номзод Алишер Мойдунов эса 4 овоз олган.
Кузатувчилар, бу сайлов одатий, кутилаётгандай бўлганини, бироқ овоз бериш жараёнида қонунбузарликларга йўл берилганини айтмоқда.
Жанубий пойтахт хисобланган Ўш шаҳар раҳбарлигига иқтидордаги ҳоким Айтмамат Қадирбаевнинг қайта сайланиши кутилган хол эди. Сабаби, унинг номзодини шаҳар кенгашида кўпчилик коалицияни тузган “Социал – демократлар”, “Бир Бол”, “Маконим Қирғизистон” партиялари таклиф қилган. Ушбу партияларда умумий 27 мандат бўлса, ҳоким бўлишлик учун эса 23 овоз олиш кифоя қилади.
Сайлов жараёнида шаҳар кенгашида озчилик коалициядаги “Қирғизистон” ва “Республика-Ота Юрт” партиялари ҳам Айтмамат Қадирбаевга овоз берганлар. “Онугуу-Прогресс” партиясининг тўрт депутатигина ўзларининг номзодини сайлаганлар.
Овоз бериш жараёнининг натийжасини Ўш шаҳар ҳудудий сайлов комиссияси раҳбари Абдижалил Муратов эълон қилди.
“Тарқатилган бюллетенлар сони 45. Қутичага солинган бюлеттенлар сони ҳам 45. Яроқсиз ёки барчасига қарши дея овоз берилганлар йўқ. Биринчи номзод Айтмамат Қадирбаевга 41 овоз, иккинчи номзод Алишер Мойдуновга тўрт овоз берилди. Натийжада Қадирбаев Ўш шаҳрининг ҳокими этиб сайланди” – дейди Абдижалил Муратов.
Сайлов натийжаси қандай бўлишини аввалдан билганми ёки шунчаки рақобат учун таклиф этилган “Онугуу-Прогресс” партиясидан номзод Алишер Мойдунов овоз бериш жараёнида шаҳар кенгашига келгани ҳам йўқ.
Фракция раҳбари Абдисаит Каримбеков номзодни сайловга келмаганини, унинг ўз ихтиёри эканини айтади. У ҳар иккала номзод ҳам шаҳар кенгаши депутатларига ўзларининг платформаларини таклиф қилмаганидан норози.
“Биз таклиф қилган номзод сайловнинг бошланишида келган. Сайлов комиссияси раҳбари номзодлар хохласа бу ерда ўтирса, хохламаса сайловга қатнашмай қўйса ҳам бўлади деб айтди. Шундан кейин Алишер Мойдунов ташқарида, эркин юрди. Умумий хисобда бу сайловда қўпол қонунбузарликлар бўлгани йўқ. Бироқ мен номзодларга ўз дастурлари билан таништиришга руҳсат берилмаганидан хафаман. Шаҳарни тўрт йиллик келажагини танлаяпмиз, сайлов олдидан номзодларнинг дастурларини, уларнинг фикрларини эшитайлик, кейин сўраб олганга ҳам яхши бўлади деб таклиф қилдим. Афсус, бу таклифим инобатга олинмади” – дейди Абдисаит Каримбеков.
Мустақил кузатувчилар сайлов адолатли ўтмаганини билдирмоқдалар. Улар овоз бериш жараёни маҳфийлиги сақланмаганини айтади. Сабаби, ҳукумат партиялари ўз депутатларига ишонмасдан, уларнинг ҳар бир бюллетенларини назорат қилиб турган.
“Сайлов жараёнида ҳамма депутатлар ташқарига чиқиб, бирдан кириб овоз беришди. Кузатувчи сифатида ҳар бир партиядан биттадан вакил қолди. Бошқа партияларнинг вакиллари узоқроқда ўтирса, СДПК партияси депутати Шакир Зулимов сайлов қутиси яқинига келиб, ўтириб олди. Баъзи депутатлар унга бюллеттенларини кўрсатиб, кейин қутичага солаётгани кўриниб турди. Бу сайловда овоз беришнинг махфийлик принципини бузилишидир. Бундан ташқари, шаҳар кенгаши раҳбари Жапар Ормонов ҳам қути яқинида овоз бераётганларни текшириб, сайлов комиссияси аъзоларига буйруқ бериб юрди” – дейди “Интербилим” нодавлат ташкилотининг Ўш бўлими раҳбари Гулгақи Мамасалиева.
Собиқ ва янги шаҳар ҳокими Айтмамат Қадирбаев 2013 йилнинг 15 январида Ўш шаҳар ҳокими этиб сайланган. Ўша пайтда собиқ ҳоким Мелис Мирзақматовнинг ягона рақобатчиси бўлиб, шаҳар кенгаши депутатларининг 25 овозини қўлга киритган.
ЎХҲ ахборот бўлими