Туропов Рустам Ҳўжаназарович, 1969 йил 14 февраль Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Газа” маҳалласида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти ўрта махсус. Уч нафар фарзанди бор. Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жкнинг 169 моддаси билан айбланиб, Қашқадарё вилоятининг “Косон” туманига қарашли қамоқхонада 7 ой “ўтириб” чиққан…
“Туропов Рустам, 2007 йилнинг 23 апрель куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Газа” маҳалласида яшовчи фуқаролар, бригадир Ҳасанов Нурман, Самадов Холмурод ва 17 кишидан иборат бойсунликлар билан бирга, Россия давлатининг Москва области, Наро-фоминск районига қарашли бўлган, “Остов” фирмасида оддий ишчи бўлиб ишга борган.
Аввал, Туропов Рустам Россия давлатида бир-неча марта бориб-келган, қишлоқдоши фирма бошлиғи, тадбиркор Мажид Ҳолиқовнинг укаси Зокир Ҳолиқов билан бирга ҳамкорликда ишлаган. Ўша фирмада Рустам Туропов “прораб” бўлиб ишлаган. Унинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳозирги кунда бойсунлик, “Остов” фирмасининг бошлиғи Мажид Ҳолиқовнинг “сейф”ида сақланмоқда. Қизиғи шунда-ки, ўғлим билан бирга Россияга ишга борган биргадир, Ҳасанов Нурман беш йил давомида Москвага қатнаб юрди. “Ўғлим қаерда, оҳирги марта қаерга кўргансан? Ёки ўғлимни сотиб, ўлдириб юборганмисан?!”деб саволлар билан мурожаат қилдим. У эса, “ўғлингиз эрталаб чиқиб кетиб, шу билан қайтмади” деб мени алдаб юрибди.
Мен шу беш йил давомида Ўзбекистон Республикасининг орган ва ташкилотларига бир неча бор мурожаатлар қилдим. Хатто-ки, орган ходимларидан шу биргина илтимос билан: “Ҳасанов Нурманни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг “одам савдоси” тўғрисидаги банди ва моддалар асосида суриштирув ишларини олиб боришларингизни сўрайман…” деб талаб қилдим. Афсуски, натижа бўлмади. Нима қилишимни ҳам билмайман. Бошим қотиб қолган.
Ўғлимни кечаю-кундуз ўйлаб, тўлғониб чиқаман. Каттиқ касалликка чалиниб қолганлигим туфайли, бир йил давомида кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолдим. Эрта ўлсам, мени ким кўмади? Яккаю-ёлғиз ўғлим Рустам, қаердасан???
Куни-кеча, Рустамнинг катта ўғли, Ҳўжаназаров Хумойиддин отасини излаб-топиш учун, Россияга кетди. Хотини “Ўғлингиз келмади. Мен кўчага чиқиб “ишлайман”, пул топаман” деб кўчама-кўча юрибди. Мен ўғлимнинг фарзанларини ўйлайман…
Эй инсонлар! Россияда ўғлимни кўрганлар борми? Менга ёрдам беринглар? Ёки… Кўрганлар бўлса, ўлик ё тириклиги тўғрисида хабар беринглар” дейди 70 ёшли онахон Менглиева Қизларгул.
Мансуржон Фозилов,
мустақил журналист