(“Чипполино” лақабли ўқувчимиздан редакциямизга келган мактуб)
Совет империяси даврида коммунистлар ғояси ҳукм суриб, ҳукмронлик қилганини яхши биламиз. Коммунистлар ўзга ҳар бир ғояни инкор этиб, қаттиқ таъқиқлаганлар ва таъқиб қилганлар. Бундан шу фикр келиб чиқадики, собиқ совет империясида, коммунизм ғоясидан ўзга ғоя бўлмаган. Лекин чуқурроқ аҳамият берсак, коммунизм ғоясидан ташқари, катта кучга эга бўлган, тоталитар тузум билан қадамма-қадам ҳукм суриб келган иккинчи бир ғоя бўлган ва у ғоя бугунги кунгача ўз ҳосилини бериб, «гуллаб-яшнаб» келмоқда. Бу ғоя коммунистларни ўзи барпо этган ўғри ғояси, яъний, рус тилида айтганда «воровская идея».
Совет империяси тузумининг сояси, «жиноят олами империяси». Советлар хукуматида ЦК секретарлари бошчилик қилган бўлса, унинг сояси бўлган, жиноят оламида тож кийган ўғрилар яъний, «вор в законе»лар ҳукмронлик қилишган ва жуда катта қудратга эга бўлганлар. Бошланишида коммунистлар ўз манфаатлари йўлида барпо этган бу «империя» яъний, «ўғрилар дунёси» кейинчалик коммунистларни улар билан ҳисоблашишига, вақти келганда таъзим қилишларига мажбур этди. Қудратли империя ичида яна бир қудратга эга бўлган кўринмас «империя» мавжуд бўлди. Ер юзида жуда катта ҳудудни эгаллаган давлат индустрияси – ишлаб чиқариш, импорт, экспорт ва қолган фойда келтирувчи ҳамма соҳалар «блатной»лар яъний, ўғрилар томонидан назоратга олиниб улуш ажратиб, бўйсинишга мажбур эдилар. Хатто Кремлдаги мансабдор шахслар, генераллар, КГБ ва МВД ходимлари ўғри номини эшитсалар, ҳавотирга тушадиган бўлиб қолган эдилар. Уларни кўпчиликлари эса, «ўғри-блатной»лар билан хамтовоқлик қилиб, жиноятларига ошно бўлгандилар.
Тоталитар тузумнинг ўғриларга бир шарти бор эди, у ҳам бўлса сиёсатга аралашмаслик. Ўғрилар бу шартга охиригача содиқ қолдилар. Қайта қуриш даврлари сўнгида, бутун дунё советлар империяси парчаланганидан, коммунизм ғояси йўқ қилинди деб завқланишди. Лекин империя парчаланган бўлсада, империянинг энг асосий икки қолдиғи, жуда катта қудратга эга бўлган, захарли нишлари, ҳеч нарса бўлмагандай даҳлсиз қолдилар. Булар КГБ ва уюшган жиноят дунёси, яъни ўғрилар салтанати эди. Парчаланиш даврида қудратли таъсир кучларини йўқотган КГБнинг асосий «козир»лари яъни устунлиги, жуда кўп ахборотга эгалиги, ҳамма нарсадан хабардорлиги бўлса, ўғриларни устунлиги эса катта таъсир кучига эгаликлари эди. Лекин биламизки “ахбортга эга бўлган, дунёга эгалик қилади” – деган нақл бор. Молиявий инқирозга учраган КГБчилар, «тож кийган» ўғриларга қарши режаларни амалга оширишни бошладилар. Ўғриларга бўйсунмаслик ва улар эгалик қилаётган ҳудудларни яъни катта молиявий фойда келтирувчи манбаларни тортиб олиш ҳаракатини бошладилар. Бу катта уруш эди. Улар ёшларни, спортчиларни жалб этиб янги кўринишдаги ОПГ яъни уюшган жиноий гурухлар ташкил этиб, юқоридан туриб назорат қилиб бошқаришни ва «вор» ва жиноят олами лидерларини «авторитет»ларни жисмонан йўқ қилишни бошладилар.
Собиқ совет давлати ҳудудларида бу урушлар хар хил кўринишда бўлса ҳам, лекин жиноят оламининг эволюцияси яъний, ниқоб ўзгариши бир-бирига жуда ўхшаш эди. Бугунги кундаги СНГ давлатларида пайдо бўлган олигархларни ҳеч бирлари КГБ иштирокисиз чексиз бойликларга эга бўла олишмасди. Балки, бугунги кунда СНГ давлатларида КГБ номини ўзгартирилиб, бошқа номлар билан аталаётган бўлсада, лекин уларнинг илдизи, ишлаш усули ва отаси ўша-ўша эски империя маҳсули. Жон сақлаб қолган ўғрилар ва уларга душманлик қилган «бандит»лар яъний, уюшган жиноят гурухлари хали ҳам, гуллаб-яшнаб, ўз ишларини давом эттириб келмоқдалар. Балки, уларни бугунги кундаги ниқоблари ўзгарган бўлиши мумкин, бири иккинчисининг бошини узиб, ўрнига эгалик қилиб олаётган бўлиши ҳам мумкин, лекин ишлаш, тўғрироғи. ўғрилик ва муттахамчилик усуллари, ўша эски ғояга яъний, ўғри ғоясига бориб тақалади.
Албатта, сувдан қуруқ чиқиш учун улар, пастки «эшелон»даги югурдак «шестёрка»ларини намойишкорона қурбон келтириб, «мана, жиноятчилар, улар билан курашаяпмиз» деб ўзларини оқлайдилар. Аслини олганда, асосий жиноятчилар уларнинг ўзлари. Диктатор Каримов ҳукуматга эгалик қилиб олган давридан бошлаб, бугунги кунга қадар уюшган жиноятчилар гурухига раҳнамолик, оталик қилиб келмоқда. Совет тузумини фақат салбий, халқ учун зарарли бўлган амалиётларини кучга киритди. Атрофига эса ҳеч қандай разилликлардан тап тортмайдиган жирканч, ўғри-муттахамларни («отморозокларни») йиғиб олди. Чунки, у коммунизм ва ўғри ғоясидан бошқасини билмайди ва билишни ҳам ҳохламайди. Фақат бир фарқи борки, Каримов у ғояларни ҳам бузилган ҳолатга келтириб, хатто бу аҳволдан коммунист ва ўғрилар ҳам жирканадилар. Шундай экан, савол туғилади. Кўзи кўр,қулоғи кар Каримов халқни адаштириб, қаерга чорламокда? У айтмоқчи бўлган порлоқ келажак қаерда ва ким учун? У муттаҳам, аравани олиб қочмоқчи бўлаётган йўл, фақат иймонсиз жоҳиллар, муттахам-ўғрилар, иккиюзламачи, мунофиқ — риёкорлар жамияти, яъний, тубанликка олиб боради. Бу дегани эса, бутун бир миллатни, халқни, келажак авлодни, шайтон каби жаханнам қаърига етакламоқчи. Каримовлар оиласи ва уни ҳукумати амалдорлари сўзсиз, халқимиз душманлари, ўғри-жиноятчилар ва улар қаттик жазоланишлари керак!
ЎХҲ ахборот бўлими