O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўғрини бой этди бу замон…

Ўғрини бой этди бу замон…
336 views
14 March 2017 - 6:00

Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР

Учбурчак шеър

Китобни тун бўйи кемирди, сичқон,
Узун тун тиллолар санади, сарроф.
Қони бўлмаса ҳам уларда бор жон,
Сабаби; уларга бизлармиз ғилоф.

Сичқоннинг ичида қалашди, сўзлар,
Нимадир, ялтирар, пайпаслаб кўрсам.
Кафтимга санчилди, игнадек улар,
Менинг жоним экан, аслини билсам.

Ташрифимни кутмай қўя қолсинлар,
Сичқоннинг оғзида, кўзим дамо-дам.
Еганлар еганин, энди қуссинлар,
Кўрмаса, ўлмайди, менингдек одам.

***

Очилар чоғида ғунча ҳамиша,
Олам сукунатга ғарқ бўлар, обдон.
Қалдироқ овозин босар, андиша,
Товушлар, ўз-ўздан бўларлар гумдон.

Сукунат қувлаган кунгабоқарлар,
Ўзларин қуёш деб ҳис қилади дам.
Қуёшга қўняпман, дея арилар,
Қанотин ёнида, бошин қилар хам.

***

Кошки, ичингдаги оловранг чироқ,
Сиртингда ҳам ёнса, ичдаги каби.
Оламда бўлмасдинг, сабабсиз қувноқ,
Барибир, ўзади ҳақнинг кавкаби.

Чироқ шуъласини юзингга тутиб,
Уқардинг, кўзингдан феълингни аён.
Сен учун кимлардир, ўзин унутиб,
Кимлардир, тутақиб ёзмасди баён.

***

Оловдек, бетийиқ бўлмасанг, магар,
Гўдакдек самимий бўларми, юрак.
Раққосдек, хаёлан учмаса заргар,
Сеҳрсиз ҳунари кимга ҳам керак.

***

Кўп куйинма, тасодиф тирик,
Топар уни умид учқуни.
Бизни севмаганлар бир кўприк,
Қаршилайди, устида бизни.

Узоқ оқиб турмас бу яра,
Нажаткор қўл босажак малҳам.
Тўхта-да, бир орқангга қара,
Ўтиб кетар, шамолдек дард ҳам.

***

Йиғлаётган сукунат балки,
Қотиб қолган ҳавонинг чангги.
Бошқа унсур бўлганда, хоки,
Ўпкаларни ютмасди, чунки.

Унга борар йўлларда сурон,
Кимса урар, бошини тошга.
Ҳамроҳ бўлмас, бу йўлда, инон,
Ёлғизгина, соянгдан бошқа.

***

Қафасдаги қушча ҳар тонгда,
Аквариумга қараб сайрайди.
Тутқун бор деб ёруғ оламда,
Бирда куйса, бирда яйрайди.

Балиқ мудом хаёли тароқ,
Жириновскйинни ўйлайди.
Руҳи тушиб кетганда бироқ,
Сувдан, ўзбекларга бўйлайди.

***

Боқи-беғам бўлса, раҳбарлар,
Руҳонийлар – ғоясиз китоб.
Чинга дўнар ҳатто мишмишлар,
Халқ бошига тушмайди офтоб.

Ёлғон, қорин тўйдирмаган ҳеч,
Ўғрини бой этди бу замон.
Мусулмонлар мол-дунёга ўч,
Дастурамал бўлмади Қуръон.

* * *

(давоми бор)