2012 йилнинг 2 май куни Бойсун туманига қарашли бўлган, “Деҳқон бозори” атрофида жойлашган савдо дўкони Сурхондарё вилоят МХХнинг бир гуруҳ ходимлари томонидан тафтиш қилинди. Тафтиш давомида савдо дўконидан, 300 минг АҚШ доллари, 5 миллион ўзбек сўми ашёвий далиллар ҳисобида тортиб олинди. Савдо дўконида фаолият кўрсатиб келаётган 3 кишидан иборат савдо ходимлари эса, МХХ томонидан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига олиб кетилди…
Ушбу ҳолатни кузатиб турган бир йигит: “Ҳеч нима ўзгармайди, пулларини олиб яна қўйиб юборишади…” деганди. Биз ўша бойсунлик йигитга, “Сиз нимага асосланиб бундай демоқдасиз?” деб савол билан мурожаат қилганимизда, у “Агар менинг исмим ва фамилиямни ҳеч кимга айтмасангизлар, мен ҳаммасини бир бошдан айтиб бераман…”деди. Биз охири рози бўлдик.
Унинг сўзига қараганда: “2010 йилнинг баҳори эди. Чори ака, (савдо дўконнинг эгаси, у кишини бойсунликлар, “Чори мискар” деб аташади.) 50 минг АҚШ доллари билан Тошкент шаҳрининг “Ўрикзор” бозорида “валюта” сотиб турган вақтда СНБ ходимлари қўлга олишган. Бу “воқеа” Бойсунда шов-шувга сабаб бўлди. Ўшанда ҳам, одамлар бу гапга ишонишмади. Баъзи кишилар эса, яқин кунлар ичида, “Чори мискарни, Ўзбекистон телевидениесида кўсатар экан…” деб ҳар-ҳил гаплар тарқатишди.
Орадан бир ой ўтар-ўтмас, Чори мискар, Бойсунда пайдо бўлиб қолди. Бу ҳолатни кўрганлар эса, “Ана, Чори мискарнинг СНБда “одами” бор экан. Дарҳол қўйиб юборишибди” дейишди.
Мен Чори Бозоровнинг яқин дўсти бўлганлигим учун, саволларга “кўмиб ташлаб”, унинг суҳбатини олдим. У бўлса, “ҳақиқатдан ҳам, мен 50 минг АҚШ. долларини Тошкент шаҳридаги, “Ўрикзор” бозорида сотиб тургандим, СНБ ходимлари мени қўлга олишди. Шундан сўнг, мени СНБнинг “подвал”ида, 3-4 кун сақлаб, қўлимдаги барча пулларимни тортиб олишди. Охири ҳамма томонимни шиб-шийдон қилиб бўлганларидан сўнг, қўйиб юборишди…” деб айтганди.
Ҳозирги кунда Чори ака, Тошкент шаҳрида яшайди. У киши, Бойсунда фаолият кўрсатиб келаётган дўконлари учун, керакли бўлган ҳом-ашёларини Тошкент шаҳридаги “Ўрикзор” бозоридан юбориб туради. Бойсундаги савдо дўконларида эса, Алишер, Беҳрўз, Акмал исмли жиянлари фаолият кўрсатиб келмоқда эди…
Ўзи бу дўконда савдо-сотиқ ишлари яхши йўлга қўйилган. “СНБ ходимлари бу дўконга кўп кириб туришади” деган гапни кўп эшитардим. Нега бунақа эканлигини билмайман. Буни кўрган бойсунликлар эса, “Чори мискарнинг жиянлари, СНБнинг агенти бўлса керак!” дегувчилар ҳам топилди. Мен бу гапга ишонмай юргандим.
Нима бўлди-ю, мен ҳам, бир куни қурилиш материалларини сотиб олиш учун, Чори аканинг савдо дўконига кирдим. Қарасам, Бойсун СНБга қарашли бўлган, “УАЗ” русумли автомашинаси савдо дўконни олдида турган экан.
“Тинчликми?” деб, Алишердан сўрадим, у бўлса, кўзи билан имло-ишора қилиб, СНБ ходимини “кўрсатгандай” бўлди. Мен Чори акадан бу ҳолатни сўрагандим. У киши, “Бойсунда қайси фуқаролар кўпроқ доллар сотади. Қанча суммада, фамилияси ва исми, кўриниши, кийиниши, муомаласи, қандай товарлар билан кўпроқ савдо қилади…” деб айтганди.
Шундан сўнг, мен Чори акадан, узоқлаша бошладим. Шунинг учун ҳам, одамларимиз бежизга айтамас экан-да. “Ўғрини қароқчи урди!”, дегани рост экан…” дейди биз билан суҳбатлашган бойсунлик исми ва шарифини сир тутишини илтимос қилган шахс…
Маҳмуджон Фозилов,
мустақил журналист