O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўғузхон тарихи

Ўғузхон тарихи
409 views
27 February 2018 - 9:00

Ўғузхон тарихи ҳақида асар – Анвар Шукуров: Ўғизхон қачон яшаган (1-боб)

Ўғузхон тарихи

Ушбу асарнинг ёзилишидан мақсад коинотдаги миллардлаб планеталар ичидаги бор-йўғи битта – Ер планетасидаги барча тарихчи ва тилшуносларни дунё тарихига бошқача  назар билан қарашга чорлашдир, холос

Муаллиф

Анвар Шукуров

* * * 

 I Боб

Ўғузхон қачон яшаган?

«Ўғузхоннинг замонидин Чингизхон замониғача Тин ва Атил ва Ёйиқ, бу уч сувнинг ёқасинда қипчоқдин ўзга эл йўқ эрди. Тўрт минг йилғача ул ерларда  ўлтурдилар. Анинг учун ул ерларни Дашти Қипчоқ дерлар (Абулғозий “Шажараи турк” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 22-бет)”.

Агар Абулғозий Баҳодирхоннинг ўзи 1603-1663. йилларда яшаганини эътиборга олсак, яна тўрт юз йил қўшамиз, демак Ўғузхон 4800 йил аввал яшаган!

Абулғозий бу муддатни қандай ҳисоблади? – деган савол келиб чиқиши табиий.

Юртимиз олимлари, хусусан Абу Райҳон Беруний ва унинг шогирдлари ҳисобига кўра, Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфон, ҳижрат (эрамизнинг 622 йили)гача 3725 йил деб олинган (М.Улуғбек “Тўрт улус тарихи” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 30-бет).

Абулғозий ҳижратнинг мингинчи йили ва ундан кейин яшаган. Яъни, Беруний ҳисобига 1000 йилни қўшсак,  1622 йилда тўфон бўлганига 4725 йил тўлади. Чингизхон Абулғозийдан 400 йил аввал яшаган. Демак, Абулғозий 300 йилни Нуҳ алайҳиссаломдан Ўғузхонгача бўлган даврга ажратади. Булар 1.Ёфас; 2.Турк; 3.Тўтак; 4.Аблачахон; 5. Диббоқўйхон; 6.Куюкхон; 7.Аланчахон; 8.Мўғулхон; 9. Қорахон; 10.Ўғузхон.

Ҳар бир ота-бола оралиғи 30 йил эканлигини инобатга олсак, йил ҳисоби ҳақиқатга жуда яқин айтилмоқда. Бундан ташқари Абулғозий Ўғузхон билан Чингизхон ўртасидаги 450 йилдаги оталарнинг исмини билмаганлигини айтади (Абулғозий “Шажараи турк” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 22-бет)”. Абулғози ўз асарида шундай деганини яхшилаб таҳлил қилинса, у 450 йил эмас бундан деярли 6 баравар – 2800 йиллик муддатга адашаётганини кўрамиз.

Абулғозийнинг фикрларини ўрганишда давом этамиз. Шу борада, Абулғозидаги оталар саноғи М.Улуғбек саноғидан фарқ қилишини кузатиш мумкин. Абулғозида Ўғузхон 10-ота бўлиб ҳисобланади.

Мирзо Улуғбекда эса Ўғузхон 9-ота ҳисобланади: 1. Ёфас; 2. Турк; 3. Абулчахон; 4. Дибадқўйхон; 5. Куюкхон; 6. Алмужаннахон; 7. Мўғул; 8. Қорахон; 9. Ўғузхон.

Яъни, М.Улуғбекда Туркнинг ўғли Тўтак йўқ. М.Улуғбек Абулғозийдан икки аср олдин яшаган бўлса-да, уни билмаслиги қизиқ.

Бу чалкашликни фақатгина битта фикр билан тушунтириш мумкин. Тарихни нафақат советлар, балки М.Улуғбекдан олдин ва кейин яшаган чингизийлар фойдаси учун сохталаштирилган экан.

Қадимда арабларда шундай ибора бўлган: «Тарихни туркийлар яратади, форсийлар унга афсоналар тўқийди, араблар эса (бу афсоналарни) эшитишни хуш кўради».

Ҳозирги Мўғулистон аҳолиси ҳам Монгол сўзи қандай пайдо бўлганлигини билмайди. Улар ўзларини монгол эмас «Халха» дейишлари шундан.

Туркийларнинг қадимги асари бўлмиш, ҳозирги кунда Авесто номи билан машҳур асари, аслида Айғистай – Ўғузнома бўлган, уни форсийлар кейинчалик кўчирган пайтларида Авесто бўлиб кетган.

Бу ердаги Ай, араблар айтадиган Ёфас сўзидаги «Ё», яҳудийлар Иафет дейдиган сўздаги «Иа»нинг туркийдаги номидир. Мисол учун аслан туркий бўлган Иброҳим пайғамбарнинг исми яҳудийларда «Аврам» дейилади. Унинг туркийдаги исми Айрам бўлади. Ай бу ерда Ота, одам маъносини беради. Туркийларнинг қадимги достонларидан бири бўлмиш   «Улуғ Хон битиги» асарида шундай дейилади:

«Ulu Han Ata Bitiği diğer adı ile Ulu Han Ata Kitabı, Türklerin ilk babasının yani Türk ırkına mensup ilk kişi olan Ulu Ay Ata’nın ve ilk Türk kadını ve annesi Ulu Ay Ana’nın yaradılışını anlatmaktadır».

Яъни, илк туркийлар ичидаги энг биринчи кишилар Ай ота ва Ай она бўлганлиги эътироф этиляпти.

Мамлакатимиз ҳудудига ислом дини кириб келиши билан юртимизга араб ва форс тили ҳам кириб келди. Амир Темур даврида эса сарой тили форс тили бўлганлигини биламиз. Араб лашкарбошиси Қутайбанинг барча туркий тилда ёзилган китобларни йўқ қилиб юборганлигини инобатга олсак, нега барча туркий ёзма манбалар форсий ва арабий тилда қайтадан ёзила бошлаганлигини тушунтириш мумкин.

Бошқа тилларда эса сўзлар бошқача кўринишга эга бўла бошлайди.

Бизда араблар орқали кириб келган  Мусо пайғамбарга туширилган китоб номи «Таврот» сўзи инглизларда «Тора» шаклида турибди.

Сизларнинг эътиборингизга ўзбек олими Фаррух Атаевнинг «Дунё ва туркий тил» мақоласидан бир парча келтираман:

«Писанд қилмас олимлар бизни айтғон туркини,

Маънисиға  етғонлар  бошдан  олар  бўркини» (Аҳмад Яссавий).

… Тангри Таолонинг энг бирламчи сифати, арабча айтганда “Ҳақ, Жаноби Ҳақ”дир. Туркчада эса бу ўз-ўзидан “Тўғри” бўлади. Сабаби, тилшуносликдан маълумки, “г” ва “ғ” товушлари “нг” ва “нғ” дифтонг (қўшалоқ) товушлари билан, “ў” ҳарфи “о” ва “а” ҳарфлари билан алмашиш ҳоллари кўп учрайди. Масалан, “вағирла-ванғирла”, “зиғирча-зинғирча”, “ўт-оташ”. Ўйлашимча, яҳудий динининг муқаддас китоби арабча “Таврот”, ибронийча “Тўра, Тора” ҳам асли “тўғри (тўри, туври, туйри)” сўзидан келиб чиққан. Сабаби, бу муқаддас китоб, асосан, тўғрилик ҳақида хабар беради. Сирасини олганда, яҳудийлик дини энг қадимий дин ҳисобланган зардуштийлик дини билан уйғун бўлиб, ҳар иккисида ҳам “тўғри” ва “эгри” тушунчалари етакчи ўринни эгаллайди. (Буни қуйида батафсил таҳлил қиламиз). Инглиз тилида “тўғри” сўзи “true [тру]” бўлиб, инглиз парламентида қадимдан иккита қараш – тори (консерватив, ўнг қараш) ва уиг (либерал, сўл қараш) мавжуд бўлиб келган. “Тори” ва “уиг” сўзларининг ҳам ўзаклари “тўғри (тўри)” ва “эгри” бўлиб, маълумки, консерватив қарашли кишилар анъаналарга содиқ қолиш, тўғри келаётган йўлдан оғмаслик тарафдори бўлса, либерал қарашли кишилар ислоҳот ва ўзгартириш, тўғри келаётган йўлдан оғиб, эгри йўлларни синаб кўриш тарафдорлари бўлади. Ҳатто, ўйлашимча, инглизча “God [год]” ва форсча “худо” сўзлари ҳам туркча “тўғри” сўзи билан ўзакдошдир. Чунки “тўғри” сўзини тескарисига ўқисангиз, инглизча “right [райт]” (тўғри, ҳақ, ўнг) сўзи ҳосил бўлади. Бу сўздан эса “Got, God (худо), good (яхши)” сўзлари келиб чиққан. Қолаверса, “right” сўзи “ўнг” деган маънони ҳам англатади. “Сўл” сўзини аксига ўқисангиз эса, инглизча “paralysis [пэре’лисис] паралич, фалаж” сўзидан келиб чиққан “left [лефт] чап” сўзи ҳосил бўлади».

Амир Темур «Темур тузуклари» асарида «Агар давлат дин-ойинга, тўра-тузукка бўйсунмас экан…» деган жумласида «Тўра» деганида айнан Қонунни назарда тутаётганини англашимиз мумкин.

Шунинг учун инглизлар ишлатаётган «Тора» туркий тилнинг классик манбаси ҳисобланади.

Товушларнинг тилларда ўзгариб кетиши назарияси Европада «Тилшуносликда тарихий таққослаш назария»си дейилади. Бу фан Ўзбекистонда бўлмаган.

Унинг пайдо бўлиши европада XIX –асрнинг 10-30 йилларида ҳиндевропа тилининг юзага келиши билан боғлиқ. Ҳиндевропа тиллари эса, унинг асосчилари ҳисобланмиш Ф.Бопп ва Р.Раскдан бошланган. Шунингдек германист Я.Грим ва А.Потт фонетикада тарихий таққослаш назариясини яратдилар. Бу эса тилшуносликда тарихий таққослаш назарияси деган янги йўналиш келиб чиқишига сабаб бўлди.

XIX –асрнинг 50 – йилларида А.Шлейхер томонидан бу соҳада катта ишлар қилинади. Ёзма манбаларга қадар тилшуносликка оид фактларни исботлаш методикасини яратиш XIX –асрнинг охирги чорагида К.Бругман, Ф.Соссюр томонидан амалга оширилади. Улар яратган услуб замонавий тилшуносликда тарихий-таққослаш назарияси асосини ташкил этади, охирги ўн йилликларда бу назария янги илмий тадқиқот услублари билан бойитилмоқда.

1903 йилда даниялик олим Холгер Педерсен ҳиндевропа тилларининг семит-хамит, ўрол ва бошқа тил оилалари билан ўзаро қариндошлиги ҳақида фикр билдириб уларни жамлаш ҳисобига «катта оила» яратиб улар ягона боботилга бориб бирлашишини айтди. Бу боботил номини «Ностратика» деб атади. Бу ердаги «ностер» сўзи, лотин тилида «бизники» маъносини англатади.

Ҳолгер Педерсеннинг назарияси кишилик олмошларининг бир хиллигига асосланарди. Мисол учун мордва тилида «мон», «тон», «сон» сўзлари «мен», «сен», «у» маъносини берса, француз тилидаги айни шундай товушлар «менинг» (мой), «сенинг» (твой), «унинг» (его) маъносини беради. Ваҳоланки, мордва тили ҳиндевропа оиласига мансуб эмас.

Ҳ. Педерсеннинг назариясидан сўнг дунё олимлари турли тил оилаларидаги умумий ўзакларни топа бошладилар. Мисол учун «Ном»ни англатувчи сўз ҳиндевропаликларда, юкагирларда, кушит, финн-угор тиллари ва бошқа тилларда бир хиллиги маълум бўлди. Балким, бу оддий тасодифдир? Ёки у тилдан бу тилган ўзлашганмикин? Қадимги ўзаро боғликлик изларини қандай топиш мумкин? Тилшуносларнинг фикрича ҳиндевропа тиллари парчаланишига олти минг йиллар бўлган. Унда ностратик тилларнинг парчаланиш жарёни ундан ҳам олдин бўлган.

Рус олими А.Б.Долгопольскийнинг айтишича, ностратик тилларда тасодифий ўхшашликлар эҳтимоли жуда кам. Бундай сўз ўзаклари тасодифан эмас балки, маълум қонуниятга бўйсунган ҳолда бир хил чиқади. Бу қонунийлик уларнинг қадимда қардошлигини билдиради.

А.Б. Долгопольский «ностратик («бизнинг») тиллар» термини омадли атама деб ҳисобламасди. Агар ҳиндевропа, ўроллик ва бошқа халқлар гапирадиган бу тилни ностратик дейилса, «малайя, хитой, конголезлар бу тилни «вестратик» (сизларники) деб аташлари керакми?» дейди ва ностратика сўзи ўрнига «борей тиллари» (юнон тилида «бореас – шимол») атамасини қўллашни таклиф этади. Мисол тариқасида австроосиё, малайя-полинезия ва бошқа бир неча тилларни ўзида бирлаштирувчи «австрик тиллар» (лотинча «жанубий») оиласини келтиради.

Ностратик тилларнинг аниқлаш услуби ностратик ва шимолий тил оилаларининг қадимий боғликлиги мавжудлигидан келиб чиқиб, бир тилдаги товуш иккинчи оила тилларида маълум қонуниятлар асосида жаранглашини топишдир.

Айнан шу қонуниятлар формуласини А.Б.Долгопольский қидириб юрган пайтда бошқа совет тилшуноси В.М.Иллич-Свитич бир неча тил оилаларидаги сўзлардаги ўзакларнинг жаранглаши ва маъноси ҳам деярли бир хил эканлиги ҳақида жиддий формулаларни таклиф қилди. Унинг хулосасига кўра Шимол тиллари парчаланиши орқали ҳиндевропа, ўрол, картвель ва бошқа тилларга ўзак сўзлар берган бўлиб чиқди.

Аммо, олим 1966 йилда автофалокат туфайли 32 ёшида вафот этганича, унинг ишлари охиригача етмай қолди. В. М. Иллич-Свитичнинг олиб борган тадқиқотлари ўша совет даври учун жуда хавфли эди. Чунки, тилларнинг қариндошлиги охир оқибат боботил назариясига олиб борар, бу эса одамнинг пайдо бўлиши ҳақидаги Инжилда айтилган Одам Ато ва Момо Ҳавво ривоятини тасдиқлаш эди. Яъни, СССР коммунистларининг Дарвин назариясига мувофиқ ўйлаб топган асосий маънавий ютуғи бўлмиш Инсон маймундан пайдо бўлганлиги ҳақидаги ақидасини чилпарчин қилиб ташларди. Ахир, бутун бошли коммунистик ғоя айнан мана шу ақидага қурилган эди-да.

Шунинг учун ҳам тилшуносликда тарихий таққослаш назарияси СССРда ўқитилмади, олиб борилган тадқиқотлар яширинча услубда бўлди. Бу гаплар ҳам чойхона, ресторан, кафедан ташқарига чиқмади.

СССР тарқалишидан бироз олдин Қуръон юртимизга кириб келди. Уни олимларимиз ўзбек тилига таржима қилдилар. Биз биринчи бор очиқ ҳолда бу Китобда нималар ёзилганлигини билдик. Кимлардир уни ўқимади, ўқий олмади. Ўқиган билан тафаккур қила олмади. Шундай бўлса-да ўзбек халқининг жуда кўпчилиги бу Китобнинг маъносини тушунишга ҳаракат қилиб кўрди.

Инсоният яралганидан буён жуда кўп китоблар ёзилди. Уларнинг сони миллиарддан кўпдир, балким. Аммо, Қуръон каби ҳеч қайси бир Китоб матни иккинчи бор ўзгаришга учрамади.

Демак, ҳар бир соҳа вакили Қуръон сўзларидан иқтибос келтирар экан. Бу Китобнинг ер юзидаги ёзма манбаларнинг энг ишончлиси эканлигини билиши шарт.

Қоронғу хонада пақирни сув билан тўлдириш мумкин. Бунда унинг тўлганлигини қўл билан ёки солинаётган сувнинг тушишини қулоқ билан тинглаб сезиш мумкин. Ёпиқ бочкани тақиллатиб кўриб, унинг жаранглаши орқали унда суюқлик бор, йўқлигини тахмин қилиш мумкин.

Аммо, пақир ёки бочка ичида айнан қанча сув борлигини бу услуб билан аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун бу ерда қўлимиз ва қулоғимизнинг берган «ахбороти»ни тахмин, шубҳа ва гумон деймиз. Бу эса илм дегани дегани эмас. Пақир ва бочкадаги сувни аниқлаш учун кўзнинг роли асосий.

Демак, кўзнинг хулосаси илмий!!!

Тарихни тиклашни тарихчилар, тилшунослардан ташқари, археологлар ҳам «ўзлариники» қилиб олишган. Аммо, юртимиз археологларининг баъзи хулосаларини кўриб, ўқиб, шубҳа ва гумонинг ортади. Демак илмдан узоқлашамиз.

Мисол учун 1960 йилларда биз бутун халқимиз билан Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллигини нишонлагандик. Орадан эллик йил ўтмасдан Самарқанднинг 2750 йилллигини байрам қилдик.

Савол туғилади. Нега шаҳарнинг ёши 250 йилга улуғланди? Қандай услуб билан айнан 200 йил қўшилди? Нима Подшо девонхонасидаги рўйхатлар китоби топилдими?

Тошкент ёши ҳам шундай улуғланди. Юқорида айтганимдек, археологларимизнинг хулосалари хотирамизда шубҳа ва гумонларни орттиряпти.

Ўтган асрнинг 70 – йилларида француз археология экспедицияси Афғонистон шимолида «Ойхонтепа» деган шаҳар қолдиқларини топди. Бизникилар бу шаҳарнинг номини кўр-кўрона «Ойхонимтепа» деб хулоса қилиб юборишди. Нега? Нима ҳаққинг бор шаҳар номини ўзгартиришга дейдиган киши йўқ. Шубҳа, гумон. Шубҳа ва гумонлар қанча кўп бўлса, илм ўз ўрнини миш-мишларга бўшатиб беради.

Энди қўлёзмалар орқали тарих ёзувчи олимларимиз ҳақида икки оғиз. Бир арбобимиз Японияда анжуманда қатнашибди. Шунда япон тарихчи олимларидан бири ёки оддий тарихсевари, арбобимиздан «Чингизхон ва Амир Темур қариндошми?» деб савол берибди. Алломамиз нима дейишини билмай, сиёсий буюртма бўйича «улар ҳеч қандай қариндош эмас» депти.

Амир Темур таржимаи ҳолига бағишланган «Темур тузуклари» фақатгина Ўзбекистонда чатилди холос. Унинг дастлабки нашрларида уларнинг қандай қариндошлиги кўрсатилган эди-ку.

Абулғози Баҳодурхоннинг «Шажараи турк» асарининг русча матни, ўзбекча матнига нисбатан мукаммалроқ. Ибн Батутанинг «Саёҳатнома» си ҳам чатилди. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асари туркий халқларнинг Олмоси! Буни тушунган ажойиб олимимиз, мукаммал таржима қилдилар. Бу китоб ҳар бир ўзбек тилшуносининг ёстиғи остида туриши керак!

Лекин китоб қани?

Мана шунақа кўзбўямачиликлар бўлавергач, инсон онги ҳақиқатни юзага чиқариш учун бошқача услуб ва йўлларни қидиришга мажбур бўлади.

Айнан шу мақсадларни кўзлаб Европада Тилшуносликда тарихий таққослаш назарияси ўйлаб топилди.

Бу фаннинг гоҳида тўхтаб қолиши, унга қарши кучларнинг кучайиб кетиши оқибатида юз беряпти. Мантиқан ўйлаб қаралса, бунга асос бордай кўринади.

Мисол учун В.М.Иллич-Свитичнинг услубини олайлик. Ўзак сўзлар ўрнида қолади, уларнинг жаранги ва маъноси ҳам деярли бир хиллиги ҳам инобатга олинади.

Масалан:

kali(n) олтойликлар тилида уканинг хотини;

kalu – ўрол тилларида қуда томондан аёл қариндош;

kal – дравид тилида амакининг хотини;

glou – ҳиндгерман тилида аканинг хотини;

Kal- картвель тилида аёл;

kl(l) – семит-хамит тилида келин деган маънони беради.

Афсуски, В.М.Иллич-Свитич жуда ёш – 32 ёшида автоҳалокат туфайли вафот этган. У бу сўзнинг келиб чиқиши айнан кимга тегишли эканлигини билмай кетди.

Бу сўз ўзбек тилида мантиқий ечилади. Келин сўзи «Кел» ва «Ин» сўзларидан ташкил топиб. «Уйимизга кел», «уйимизга келди» маъноларини беради. Ҳа, ҳозир биз «Ин» деганда юмронқозиқнинг ёки сичқоннинг инини тушунамиз. Худди «сарай» деганда руслар лаш-лушлар сақланадиган жойни тушунгани каби. Татар қардошларда «Ин» ҳалиям «имтиёзли» ўринда турибди. Улардаги Абдуллин фамилияси «Абдулланинг уйидан», «Абдулланинг уйига тегишли киши» маъноларини беради. Полякларда жанобни ПАН дейишади. Пан ҳам асл туркий Пана – уйи бор киши, бой маъносини беради. Бекорга уйни биз «бошпана» демаймиз. Руслардаги дворян сўзиям, туркийча «деворли уйга тегишли» маъносидан келиб чиқади.

Иллич-Свитичнинг формуласида мантиқ бор. Яна бир оддий мисолни келтираман.
Араб тилидаги Юсуф, итальян тилида Жузеппе, француз тилида Жозеф, немис тилида Йозеф, рус тилида Осип, ўзбекчада Юсуп, қозоқчада Жусуп, қирғизчада Усуб.
Тилшуносликда тарихий таққослаш назариясининг мен илгари сураётган услуби айнан исмлар, халқлар номлари ва жой номлари келиб чиқиши ҳақидаги хулосалар туфайли ҳақиқатнинг тагига етишдир.

Мен «ўзбек» атамаси ҳақида бошимга жуда кўп маломат тошлари ёғдириб олдим. Ваҳоланки, айнан мен келган хулосани, мендан олдин жуда кўпчилик олимларимиз айтган эканлар. Шунинг учун «ўзбек» атамаси ҳақидаги хулосани бировдан кўчириб олмаганлигимни исботлаш учун бошқа халқларнинг исмлари келиб чиқиши ҳақида хулосаларимни сизларга (кейинроқ) билдиришни лозим топдим.

Татар сўзининг янги вариантини таклиф этяпман. Ўзингиз биласиз татар амакилар гуманитар соҳаларда анча илгарилаб кетганлар, лекин менинг вариантим уларни хафа қилади деб ўйламайман. Озарбойжон сўзи ҳақидаям янги талқин, Уйғур сўзига ҳам янгича хулосага келдим. Қирғиз сўзигаям, қозоқларнинг мутафаккири Олжас Сулаймонов учун ҳам «Қозоқ» сўзининг янги талқинини келтирмоқдаман ва таъкидламоқчиманки, унинг «Ўзбек» сўзининг келиб чиқиши ҳақидаги «АЗиЯ» асаридаги хулосаси ҳеч қандай танқид қилишга арзимайди ва туркий ўзига хослик (менталитет)ни тушунмаслиги оқибатидир.

Менинг хулосам туфайли бутун европаликлар қачонлардан буён ўзлари излаб юрган тарихни топиб олсалар ажаб эмас. Чунки, улар кўпдан буён бу масала ГОТлар қаердан пайдо бўлганлигини қидирар, аммо жўяли жавоб олганлари йўқ эди.

Қайдан бундай ишонч? деб ҳайрон бўлманг. Менинг изланишларимнинг таянч нуқтаси Қуръондаги фактдан бошланади. Иккинчидан мен ҳам бир вақтлар дунё икки қутбини забт этиб, маърифат орқали дунёни бошқариш мумкинлигини исботлаган Шоҳ, кейинчалик Нонни ихтиро қилиб Нон шаҳри -НАНЭВИЯ (Нинэвия)ни барпо қилган Шумерларнинг, 60 лик саноқ тизимини жорий қилган, кейинчалик «0»ни кашф қилиб дунё ҳисоб китобини жойига қўйган Ал Хоразмийнинг ва дунёни лол қилган бошқа кашфиётларни яратган аждодларни яратган замин Туркистон фарзандиман.

Агар менинг фикрларим орқали дунё тарихини бошқача англаш (англашни истамаган ихтиёри ўзида) имкони туғилса, демак, мен мақсадимга етибман.

Тарихни ёзганда ҳақиқий тарих керакми ёки баъзи фактларни яшириш керакми? Мисол учун Германияда Иккинчи жаҳон уруши ҳақида мактабларда жуда кам ўқитиларкан. Болаларнинг онги чалғимаслиги учун. Чунки, иккинчи жаҳон уруши оловини ёққан айнан немислардир. Миллатчилик, ирқчилик ғояларига қурилган Гитлер бошлиқ немислар туфайли Европада, жаҳонда жуда кўп миллион кишилар қурбон бўлди.

Шу муносабат билан бу уятли воқеаларни етилиб келаётган авлодга айтмай туриш маъқулмикан?

Яхши. Биз ўзбеклар нега тарихимизни мукаммал ўрганишни пайсалга соляпмиз? Ўзбек халқининг, Ўзбекистон, Туркистон, Туроннинг ҳақиқий тарихи уятлими? Ҳеч қандай уятли эмас, балки шон ва шарафга бурканган!

Айнан шундай, шон шарафга тўла тарихимизни тиклаш туркий халқларнинг охирги икки юз йиллик (балким ундан-да кўп йиллик) орзусидир. Аввал мана шу тарих яратилса, кейин умумий тил яратилади, сўнгра иқтисодий алоқаларда имтиёзлар яратилиб, халқларимиз бахтли ва саодатли яшашини истайди.

Бу фикрни мана юз йилдан буён ўзбек зиёлилари қалбан ҳис қилади, кимдир отилиб чиқиб шу тарихни ёзишини орзу қилади.

Мана 1910 йилларда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бу ҳақда айтган гапларига эътибор беринг:

«…Бурунги асрларда Туркистон ва турклар воқеоти ва аҳволи ҳақинда туркий, форсий ва арабий тилларда неча китоблар ёзилгандурки, у китоблардан рус ва бошка оврупойилар истифода этган ва этмакдадурлар. Лекин у мухталиф (турли-туман) тилларда ёзилган. Тарихий асарлардан биз туркистонийлар истифода этуб, янги муҳокама ва тадқиқот ила ўз шевамизда мунтазам бир асар вужудга келтирганимиз йўқ».

Майли чалғимайлик.

Энди Най – Ной (Нуҳ) пайғамбарнинг катта ўғли Ёфаснинг туркийдаги исмига келсак. Ривоятга кўра Нуҳ пайғамбар катта ўғли Ёфасни қутби Шимолга жўнатади. Европадаги Ной туркийда Най. Европадаги Нейман, биздаги Найман айнан «Нуҳнинг одами – авлоди» маъносини беради.

Шу назарияни ёдда тутиб мулоҳаза юритилса бу сўз туркий тилда дастлаб АйАз шаклида бўлган. Бу сўз булутли кунларда Ой кўринадиган кунлар камлигини – Шимол, совуқни билдиради. Ҳозирги туркманларда Аваз сўзи эркаклар исми сифатида ишлатилади. Турк ва озарбойжонларда Айяз деган ўғил болалар исми ҳозир ҳам мавжуд. Инглизларда «АйсБерг»  сўзи «Муз қалъа» маъносини беради. Юртимизда эса «Аёз қалъа» деган қадимги шаҳар харобалари мавжуд.

Мана шу туркманлардаги Аваз сўзида, туркнинг отаси Айаздаги «Й» товушининг йиллар ўтиб «В» товушига айланиб кетганини кўриш мумкин.

Шунинг учун Рум императори Августни аслида Айгуст десак тўғри бўлади. «Й» товушининг йиллар ўтиб  «В»га ўтиб кетишини «Авғон» сўзидаям учратиш мумкин.

Аслида Авғон сўзи туркийда «Айхон» сўзидан келиб чиқади. Туркийларнинг Айхонтепа шаҳрини Александр Македонский қуриб уни номини «Окс Александрия» деб номини атаганини биламиз. Айхон эса Ўғузхоннинг отаси ва ўғилларидан иккинчисининг исмидир. Тошкент вилоятидаги Оҳангарон аслида Айхонгурондир. Бу сўз узоқдаги Вьетнамда ҳам бор. Уларда бу сўз ХанОй шаклида турибди. Европада унинг шакллари ЙоХан, ИоГанн, УиГан, Игон, Иван шаклларида мавжуд (нега бу сўз бутун дунёда тарқалиб кетганлигини Худо хоҳласа кейинроқ тушунтираман).

Туркийдаги «ҚООН – Қўн -Хон» сўзининг «Гон»га айланиб кетишини Зодагон сўзида кузатамиз.

Туркий тиллар  агглютинатив тиллар жумласига киради. Бу тилда иккита ўзак сўз елимланади. Елимланганда ҳам иккала ўзак ўз маъносини сақлаб қолади. Бу гуруҳдаги тиллар ўзининг қадимги ўзагидан кам ўзгарадилар.

Туркий қўшма сўзлар баъзида кетма-кетлиги алмашган ҳоллар ҳам бор. Масалан: БойСари– СариБой, БойҚора–ҚораБой, ШерАли – АлиШер, БекТемир – ТемирБек, ЖонҚобил–ҚобилЖон, ГулЧечак ­–ЧечакГул, ОйСар–СарОй, ОйПари–ПариОй ва ҳоказо. Европа халқлари тилларида ҳам бу ҳолат кузатилади. Мисол учун молдаванлар халқ қаҳрамони Кантемир, биздаги Темирхоннинг айнан ўзи. Худди шунингдек, олмонлардаги ГЕТМАН (давлат арбоби) биздаги МАНFИТнинг тескарисидир. Руслардаги Княз сўзи асли немисча дейилади. Ахир бу сўз ҳам КАН+ЯЗ  = ЯЗ-ХОН нинг тескариси Ў(ғу)зХОН.

Худди шунингдек Зодагон сўзи аслида ХонЗода. «Гон» нинг «Ғон»га айланишини «Чопағон» сўзида кўрамиз. Ҳозир бу сўз «Хон чопари» – почтальони сўзи. Аслида Хон чопари – ЧопаХон бўлган.

Шунинг учун Авғон сўзи аслида шаҳар, ундан олдин эса АйХон сўзидан олинган бўлиб, асосан туркий аҳоли яшайдиган Балх (Байлиқ) ёнида жойлашган қадимги шаҳар Ойхонтепа номидан келиб чиқади.

Анвар Шукуров

Давоми бор