“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Физкультура ўқитувчилари Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси қошида тажриба сифатида ташкил қилинган “Назорат гуруҳи” таркибида милиционерлар билан биргаликда пойтахт кўчаларини назорат қила бошлади.
Sputnik нашрининг 27 августда билдиришича, ўрта мактаб ўқитувчиларидан иборат мазкур гуруҳ ички ишлар вазири, Тошкент ички ишлар бошқармаси ва пойтахт ҳокими томонидан қабул қилинган қарорга асосан ташкил қилинди.
“Назорат гуруҳи” Мирзо Улуғбек туман милицияси билан ҳамкорликда жамоат жойларида тартибни назорат қилади, шубҳали одамларнинг ҳужжатларини текширади. Мазкур гуруҳ аъзолари бир неча кундан сўнг бўлиб ўтадиган Мустақиллик ва Қурбон ҳайит байрами ҳамда ўқув йили бошланиши кунлари ўзларининг “назоратини” амалга оширадилар.
Агар бу тажриба ўзини оқласа, бундай гуруҳлар пойтахтнинг ҳар бир туманида ташкил этилиши айтилмоқда.
Ўзбекистонда ўқитувчиларни пахта теримига, кўчларни супуриб тозалашга ва бошқа кўплаб жамоат ишларига жалб қилиш ҳолатлари мавжуд.
Жорий йилда Ўзбекистонда ўқитувчиларни ва бошқа бюджет соҳаси вакилларини пахатага мажбуран чиқаришни тақиқлангани тўғрисида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги огоҳлантириш берган эди.
Бироқ “Озодлик” радиоси манбалари баъзи ҳудудларда ўқитувчиларнинг “ўз ихтиёрлари” билан теримга чиқиш “ташаббуси” тайёрланаётганини айтмоқдалар.
ЎХҲ хабарлар бўлими