O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

«Ўқиш китоби»ни ўқиб

«Ўқиш китоби»ни ўқиб
188 views
27 June 2017 - 6:00

Камина болалар адабиёти ҳақида бир мақола ёзиб, балога қолган эди: кичкинтойларнинг катта ёзувчилари ва катта шоирлари унга хўмрайиб қарайдиган бўлишди, болалар адабиётининг бир танқидчиси эса, ўз мақоласида уни ухлаб тушига кирмаган буюкларга қарши қилиб қўйди.

Хафа бўлган ёзувчилар ғазаби ифодаланган бу мақолада камина дилозорликда айбланиб, бунга асос йўқлиги, тўғрироғи, мисол йўқлиги айтилди.

Ҳурматли танқидчим, агар мен ёзган мақоламга мисол тиркасам эди, ҳажмини кўриб, уни ҳеч бир журнал қабул қилмас эди: Сиз талаб қилган “мисол”лар шу қадар кўпки, уларни санасак, “Болалар дунёси” дўконида сотиладиган сифатсиз ўйинчоқлар сонидан ҳам ошиб тушади.

Майли, кўнглингиз учун, бугунги гапни мисолдан бошлайман:

Фарғонамиз каналини
Кўрганмисиз дўстлар уни?
Завқимиздай жўш уради
Ариқларда сув тўлқини…
(“Канал соҳилида”, 96-бет)

Шеър шаклидаги бу тўрт қатор сўзлар тизими ҳаммамиз учун ҳурматли шоир Пўлат Мўмин қаламига мансуб, у мактабнинг 3-синф “Ўқиш китоби”га киритилган.

Таҳлилга ўтамиз: Гап канал ҳақида бошланиб, “ариқ” билан тугагани мавзунинг даражасини кўрсатиб турибди. Яхшиси, сўз қурилишини кўрайлик: “Фарғонамиз каналини кўрганмисиз, дўстлар”, демоқчи эди, лекин қараса, бир бўғин етишмаяпти. У зудлик билан “уни” деган сўзни қўшади ва олам гулистон — ҳижо тайёр бўлади!

Бу нима саводсизликми? Болалар устидан кулишми?

Ахир “Фарғонамиз каналини” деганда “уни” олмоши тушунилар эди-ку!…

Сиз ҳурматли танқидчим, ўша мақолангизда болаларга ёзилган шеърлардаги мусиқавийликни ҳимоя қилган эдингиз. Айтинг-чи, юқоридаги тўртликда, лоақал, қофия борми?

Агар “ни” қўшимчаси қофия бўлса, шеър битиш учун шоир бўлиш шарт эмас — бунақа шеърни Сиз ҳам ёзаверишингиз мумкин.

… Шундан сўнг туриб Вали
Ўрдакдан гап очгали,
Сўзга сўз улаб кетди:
— Энди менга гал етди.
Битта эди онаси
Ўнта бўлди боласи
Анҳорда шунғиб сузар
Бир-биридан ўзар … ва ҳоказо
(“Ким нима боқади”, 213-бет)

Таҳлилни қисқа қилайлик: Ҳеч кимнинг, ҳеч ниманинг, ҳатто паррандаларнинг ҳам онаси иккита бўлмайди; ҳеч нима, ҳатто ўрдак ҳам бир вақтда ҳам сузиб, ҳам шунғий олмайди; кечирасиз, сал бўлмаса, “ҳеч қачон шеър муаллифи икки одам бўлмайди”, демоқчи эдим: юқоридаги шеърнинг муаллиф(лар)и иккита экан: Неъмат Тошпўлатов, Ғулом Юсупов…

Мана бу шеърни эса, оқсоқолимиз Қ.Муҳаммадий битганлар:

Машина пахта терар,
Тинмай тонна-тонналаб,
Чаноғида қолдирмас
Терар ҳўплаб, тозалаб … ва ҳоказо
(Ўқиш китоби, 31-бет)

Аввало машинанинг “ҳўплаш”ини тасаввур қилиш қийин, агар буни ташбеҳ деб унинг ҳўплашини тасаввур қилсак, у “термаслиги керак”. Бу ерда бир-бирига ўхшамаган мутлақо ўхшамаган икки ҳаракат бор — уларнинг қўшилиши қийин.

Қофияни гапирмасак ҳам бўлади, кўриб турибсиз — у йўқ.

“Ўқиш китоби”даги таржима асарларини ўқиган одамнинг эса, янада асаби бузилади.

Аркадий Гайдарнинг “Иссиқ тош” ҳикояси шундай бошланган: “Бир қишлоқда кимсасиз кекса киши бор эди…” Ёзувчи: “Ёлғиз кекса одам” деса, таржимон: “Кимсасиз кекса киши”, деб ўгиради. Ваҳоланки, “кимсасиз” сўзи кўчага, саҳро ёки ташландиқ уйга нисбатан ишлатилиши мумкин.

Ҳикоя бошдан-оёқ шундай ғализ жумлалар билан таржима қилинган: “Ёзувнинг пастига печать босилган эди, аммо бу печать қишлоқ советидаги оддий юмалоқ печатга ёки кооператив талонларига уриладиган печатга ўхшамас, балки (?) ғалатироқ (?) …” ва ҳоказо.

Шу қабил ҳикояларни ўқиб, мактабни тугатган боламиз ўқишга киролмаса, ундан хафа бўламиз, уни саводсизликда айблаймиз. Лекин бир жумлада “печать” сўзини роппа-роса тўрт марта такрорлаган, печатнинг ўзбекча “муҳр” эканлигини билмайдиган таржимон ва унинг таржимасини дарсликка киритган ноширлар, ўша боланинг “маънавий раҳнамолари” жимгина юришаверади: ҳеч ким уларни саводсизликда айбламайди…

Яна бир мисол:

Аввал чизаман уйча,
Ўзимга ёққанича
Кўрганда муҳим нарса
Расмини чизсам кўркам,
Расмда уй кўринса,
Худди чинакам…
(“Ким бўлсам экан”, 113-бет)

Бу пала-партиш тизмалар кимники?

Нега “асар” тепасида Маяковскийнинг номи турибди?

Бу шаккоклик-ку!

Маяковский ҳеч қачон бундай “шеър” ёзмаган. Бу — қофия, на вазнни биладиган таржимоннинг қилмишидан ўзга нарса эмас. Ишонмасангиз, Маяковскийни ўқиб кўринг…

Дарсликка кирган таржималар ичида “Калила ва Димна”дан олинган биргина яхши ҳикоят бор. Лекин унгача тузсиз нарсаларни ўқиган ўқувчи бу ҳикоятни қабул қилмаслиги мумкин. Ғализ жумлалар ва фикрсиз сатрларга кўниккан бола ўша ҳикоятнинг жозибасини сезмаслиги мумкин. Нега болаларимиз олтинчи ёки саккизинчи синфда ҳам кичик “эртакча”ларни ўқиб юришади, “жиддий” китобларни ёқтиришмайди? Чунки улар фақат ўша ёшдагина “эртакча”даги фикрни англай бошлайдилар. Уларга аталган китобларнинг аксариятида фикр саёз, мушоҳада (содда эмас) жўн. Жўн мушоҳадага ўрганган ақл болани маънавий танбалликка олиб келади.

“Сеҳрли қалпоқ эмас, сеҳрли сўз” деган мақолада мен худди шу фикрни айтган эдим. Сиз эса, ҳурматли танқидчим, “Декамерон”ни болаларга беришни тарғиб қиляпти деб мени нотўғри тушундингиз. Ёки тушунишни истамадингиз.

Ўзингиз кўриб турибсиз: дарсликларда доим бир хил ёзувчиларнинг асарлари берилади. Нега шундай? Бугунги адабиётимизни кўрсатишга қодир, болаларга сўзи ва фикри билан ўрнак бўладиган бошқа ёзувчиларимиз ҳам бор-ку! Нега кейинги авлод болалар ёзувчиларининг асарлари бирор дарсликда йўқ?..

Масалан, мен қирққа кираяпман. Мен мактабда, мажбурий равишда, ёд олган шеърларни бугун менинг ўғлим ҳам ёдлашга мажбур. Нашрлардан нашрга кўчиб юрадиган бу “асар”ларни “истеъфо”га чиқариш пайти келмадимикан?

Фақат 3-синфнинг “Ўқиш китоби” эмас, балки “Ўқитувчи” нашриёти чоп этган аксарий адабиёт китобларида — халқ мақоллари, топишмоқ ва бахши термаларидан бўлак — ўқишга арзирли нарса кам. Демак, китобларимизда — уларнинг савиясини кўтариш учун, халқ оғзаки ижодидан, достонлардан кўпроқ берилса, яхши бўлади. Бу қийин иш эмас, бунга профессионал шоир ҳам, ёзувчи ҳам бўлиши шарт эмас: профессионал ношир бўлса, бас.

Кечирасиз, ҳурматли танқидчим, бу сафар ҳам озгина қизишдим шекилли, узр. Ҳар ҳолда, сиз “чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”, демасангиз бўлди.

Албатта сиз ҳақсиз: мен қассоб эмасман.

Бироқ, болалар адабиёти масаласи фақат сизни эмас, балки, боласини ўйлаётган ҳар бир отани, шу жумладан мени ҳам қизиқтиради.

Хуллас, бола деб “бало”га қолса арзигулик иш экан бу.

1980

(14)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (50-54-саҳифалар.)

(давоми бор)