O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўқувчи мактуби

Ўқувчи мактуби
188 views
05 April 2013 - 10:35

Ҳеч замонда 30 миллион бирга тенг бўлмаган, дея кўрманг. Агар Ўзбекистондан ташқарида яшаётган бўлсангиз майли. Шунинг учунки, бу ерда бир одам сўзлайди 30 миллион одам маъқуллайди. Агар Президент cўзи орасида худди масхарабоз ўзига қарсак тилагани каби “қани, 30 миллион бирга тенг экан-ку, нима дейсизлар?” деса бутун мамлакат маъқуллаб қарсак чалади ва бир оғиздан ҳайқиради: “30 миллион бирга тенг!!!” кўпчиликка қўшилмаганлар ичидагина “саводсизлар”, деб қўйиши мумкин. “Ўзхалқҳаракти” сайти мақолаларини ўқимасдан олдин биз бу гапларга кўникиб қолганимизни билдик…

 Шунақа. Республикамизда мингта газета бўлса, сиёсийлари-ю, кўнгил очарларими, фарқи йўқ. Уларнинг нима ёзишини билиб олиш учун икки-учтасини кўриш кифоя. Радио, ТВ ларимизни-ку, қўяверасиз. Олами гулистонда, жаннатмаконда яшаётганимизни эслатгани эслатган: “Мустақиллик туфайли обод ва озод ватанда яшаяпмиз!”

Сиёсий жиҳатдан экологиямиз каби хароб партияларимизни қаранг, уларнинг газеталарини қаранг: “Агарда агар…” у ёғи нима эканини ҳар ким ўзи билиб олаверсин. Аммо лекин шу партияларнинг ҳаммаларини битта партияга бирлаштирилса-ку, “Келажаги буюк Ўзбекистонимиз” ундан ҳеч бўлмаганда, иқтисодий фойда кўрарди.

Халқимиз ҳамиша орзу-ҳавасли бўлишган, албатта. Сиёсат қандай кечмасин, униб ўсган, яратган, ижод қилган, жамиятда ўзига хос одат ва мақомларга эга бўлишган. Буюк ота-боболаримиз биз авлодлар, мақтаниб юришларимиз учун жуда кўп ишларни амалга оширишган. Шунинг учун ҳам қулоқларини қиздириб, қабрларини кунига неча мароталаб намойиш қилиш билан эсга олиб турамиз. Лекин энди билсак, алам қиладиган бир жойи ҳам бор экан.

Уларнинг мақбаралари, шуҳратли номларидан бошқа нарсани билмас эканмиз. Нимага? Улардан донороқ бўлганимиз, уларнинг кашфиётлари бугунимиз учун яроқсизлиги ва бу билимларга эҳтиёжимиз йўқлиги учунми? Агар ҳақиқатан ҳам Бухорий бобомиз билан фахрланишимиз чин бўлса, нега у кишининг ҳаётини ўрганиб, у юрган йўллардан юрмоқчи бўлганларни 15-20 йилга турмага тиқамиз?

Агар Бухорий бобомиз билган илмдан татиб кўрганимизда эди, ҳечқачон 30 миллион баробар 1дир, деб қарсак урмаган бўлардик. Аксинча, ён атрофимизда тараққий қилаётган, ер-у осмон сирларини ўрганаётган, коинотга сафар қилаётган халқлардан қаеримиз кам деб ўзимизга савол берардик. Осмон-у, ҳисоб илмининг соҳиби қаламлари ҳам боболаримиз бўлгани ҳолда ҳисобда кўр-кўрона адашмасдик. Золим кимсаларни бошимизга кўтармасдик. Афсус, ҳисоб билгувчилар айтсинлар, бой берган йилларимиз сони қанча экан, юзми, икки юзми…

ЎХҲ хайрихоҳи

05.04.2013