O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ғазаб қилма…

Ғазаб қилма…
360 views
25 April 2016 - 6:00

i_010Абдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(30-қисм)

ҒАЗАБ

Аммо зарар билмасдан туриб етказилган бўлса, хоҳ кўп бўлсин, хоҳ кам бўлсин, зарар етказган шахс хоҳ пушаймону узрхоҳ бўлсин, хоҳ бўлмасин, дарҳол ғазаб қилиб, интиқом (ўч) олиш фикрига тушишлик, бориб-бориб одамлар орасидаги биродарлик алоқаларини узиб, олам тартибини вайрон қилади. Ғазаб пайтида одам дунё ва охирати хароб бўладиган бир иш қилиши мумкин.

«Ғазаб қилма», «Душманни ерга ағдарган киши кучли эмас, балки ғазаби келган пайтда уни ичига ютган киши кучлидир» — деган Бухорий «Китоб ул-адаб»ида.

ҲИЛМИ ХИМОРИЙ

Аммо, зарар қасддан қилиниб, унинг миқдори кўп бўлса, соҳиби эса пушаймонлик ва узрхоҳлик билдирмаса, шу вақтда унга нисбатан сукут сақлашни ҳилми химорий (эшакка хос ҳалимлик) деб атайдилар. Бундай одат (обрў ва номусни ҳимоя қилмаслик) инсоният шарафига хилоф бўлиб, манъ қилингандир. Зеро, маълумки, миллатнинг ҳар бир вакилида шарафу эътибор бўлса, ўша миллат шарафу эътиборга лойиқ бўлади. Бир миллатнинг иззату шарафи вакилларининг иззат-ҳурматига яраша бўлади. Яъни, вакиллари қанчалик иззатли-икромли бўлса, миллат ҳам икромли, улар қанчалик залил бўлса, миллати ҳам хору залил бўлади. Бир миллат шараф ва эътиборга молик бўлмаса, у ҳолда саодат ва осудаликда ҳаммадан орқада, балки булардан маҳрум бўлади.

ИФФАТ

Юқорида арз қилганимиздек, ислоҳ этиш лозим бўлган қувватларнинг бири шаҳвоний қувват эди. Бу қувватнинг вазифаси жисмоний ва руҳий манфаатларга хизмат қилади. Лекин баъзан бу қувват ҳам ўзининг ҳаддига тажовуз қилиб, зарарли талабларни қондиради. Унинг шу ҳолатини шараҳ (ҳирс) деб атайдилар ва бу ифротнинг (ҳаддан ошиб кетиш) мартабасидар. Баъзан эса ўзининг вазифасини адо этишда сустлик қилади ва манфаат талабидан воз кечади. Бу ҳолатни ҳумуд (хомушлик) деб атайдилар ва у тафритнинг (тартибсизликнинг) бир жиҳатига киради. Шараҳ ва ҳумуднинг ҳар иккаласида ҳам зарар мавжуд бўлган ёмон одатлардир. Аммо шу ёмон одатларнинг ўртасида бир ўртача ҳолат борки, у белгиланган чегарадан чиқмайди, шунинг учун у фойдали, яхши ва лозимдир. Бу ҳолат иффат деб аталади. Бу уч ҳолатнинг ҳар қайсида анвойи ҳолатлар мавжуд. Биз уларни ҳаммасини тартиб билан қуйидаги жадвалга жойлаштирдик:

ИфротЭътидолТафрид
шараҳиффатҳумуд
вақоҳат220ҳаётухнус221
малақ222сидқнифоқ
исрофқаноатиҳмол223
риёҳусни ҳайъатхатака224
вараъ225

Энди уларнинг ҳар бирига шарҳ берамиз.

ҲАЁ

Иффатнинг бир жиҳати ҳаёдур. Ахлоқ уламолари бу сифатни неча тариқа таъриф қиладилар. Ҳаё изтиробдирки, гуноҳ иш қилиш асносида одамнинг виждони уйғониб, уни шу ишдан манъ қилади. Ҳаё — бу гуноҳини бошқалар билиб қолишидан қўрқишлик.

Хулоса шуки, ҳаё одамни гуноҳ қилишдан қайтарувчи ҳолат ва у ҳар бир одамда илмий-ирфоний мартабаси туфайли зоҳир бўлади. Масалан, комил арбоблар борки, Аллоҳнинг улуғлиги ва азиматига иймонлари комил, бани Одамнинг шарафу кароматини яхши тушунадилар. Бу жамоа ўзларининг қодир ва азим Аллоҳларига осий бўлишликни инсониятга муносиб кўрмайдилар. Баъзи бирлари бундай тафаккур қилмасалар ҳам қиёмат ва жаҳаннам азобидан қўрқадилар. Икки ҳолатда ҳам гуноҳ содир бўлиши мумкинлигидан дилларига азобу изтироб тушади ва бу гуноҳдан қўл тортадилар.

Аммо илоҳий азимат ва инсонийликнинг баланд мартабасини ўйлай олмайдиганлар, қиёмат куни ва жаҳаннамдан қўрқмайдиганлар одамлар орасида қилган гуноҳларининг ошкор бўлишидан, обрў-эътиборларининг йўқолишидан қўрқадилар. Шунинг учун ҳар қандай гуноҳ ишларни қилишга журъат этолмайдилар. Булар аввалги икки жамоанинг мартабасига етолмасалар ҳам, лекин ҳар қандай ҳолатда гуноҳдан ўзларини тийганлари учун таънаю мазамматга муносиб эмаслар. Тамоман Аллоҳдан қўрққан, инсониятнинг улуғ даражасидан уялиб, ёмон амаллардан парҳез қилганлар. Зеро, булар иймоннинг кўринишидир, шарафли ва бахтиёрдирлар. Бизга шаръан амр этилгани ҳам шу ҳаёдир…

Ҳаё хусусида қуйидаги ҳадисни Имом Бухорий ва Муслимдан келтирамиз: «Ҳақиқатан ҳам ҳаё иймоннинг бир жузъидир. Зеро, иймон Аллоҳнинг ҳамма жойда ҳамиша борлигига ишонишдир». Маълумки, Бухорода шундай одамлар борки, жаноби олийнинг шаҳарда эканлигини билсалар, Регистондан ўтмайдилар. Лекин Аллоҳга иймон келтирган, Унинг ҳар ерда ҳозиру нозир эканлигини билган одам, албатта, гуноҳ ишга машғул бўлмайди.

(давоми бор)

220.Вақоҳат — уятсизлик.
221.Тухнус — хунаса.
222.Малақ — хушомад.
223.Иҳмол — оғирлик.
224.Хатака — хатака.
225.Вараъ — порсолик.