O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ғазаб қуввати

Ғазаб қуввати
391 views
05 February 2016 - 14:43

uxcJDfadaZcАбдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(6-қисм)

ВАЗОЙИФИ НАФСИЯ

Вазойифи нафсия — бу инсонни муҳофаза этиш ва тараққий топиши учун бажарилиши лозим бўлган вазифалардир, яъни инсон ўз нафсини (чунки бу одамийлик заруриятидир) камол топтириш даражасига етказиши лозим. Нафс камоли бу одамнинг ҳам ўзига ва ҳам ўз ҳамжинсларига фойда ва нафъ келтиришидир. Агарда нафс солиҳ амалларга улфат ва яқин бўлса-ю, ёмон (қабиҳ) ишлардан нафратланса, шунда нафс камолининг мартабаси ҳосил бўлғай. Дини мубини ислом кўпроқ шу маънига аҳамият беради. Ҳазрати Парвардигор Қуръони каримда «амали солиҳ»ни иймон билан ёнма-ён зикр этади. Ҳатто аксар муҳаддис олимлар «амали солиҳ»ни иймоннинг бир жузъи, дея эълон қилганлар. Шунинг учун ҳам нафсни камол топтириш даражасига етиш биз мусулмонлар учун нафақат ахлоқ фарзи, балки дин фарзларидан ҳам ҳисобланади. Нафсимизни солиҳ амаллар билан улфат бўлиши учун нафсоний кучларимизни ислоҳ этишимиз лозим, акс ҳолда ҳеч қачон нафсимиз солиҳ амаллар билан улфат ва яқин бўлмайди.

Нафсоний қувват учга бўлинади:

  1. Ақлий қувват.
  2. Шаҳвоний қувват.
  3. Ғазаб қуввати.

Ақл қувватини ислоҳ этишда шундай ҳикмат борки, унинг фойдаси ҳақни ботилдан, қабоҳатни эзгуликдан, манфаатни зарардан фарқ эта билишдир.

Шаҳвоний қувватни ислоҳ этиш натижасида иффатга эришилади. Иффатнинг самараси саломатлик, ақлнинг ўткирлиги, қад-қоматнинг кўркамлиги, яхши амаллар ва ёмонликлардан чекинишда кўринади.

Ғазаб қувватини ислоҳ этиш шижоатга олиб келади. Шижоатнинг фойдаси инсоний шарафни ҳимоя этишда, миллат иззати ва нафс муҳофизатида кўринади. Агар инсон ана шу уч қувватни яхшилаб ислоҳ этса, яна бир фазилатга соҳиб бўлади. У эса Адолатдир. Шуларни эътиборга олиб ахлоқ олимлари нафс фазилатини тўртга бўлганлар:

  1. Ҳикмат.
  2. Иффат.
  3. Шижоат.
  4. Адолат.

Буларни жой-жойларида муфассал арз қиламиз. Аввал ҳикмат ва унинг фойдаси ҳақида сўзлаймиз.

Ҳикмат фазилати ақл қувватининг ислоҳи натижасида бўлади ва ақл қувватининг ислоҳи илм ўрганиш билан мумкиндир. Шунинг учун қуйида биз ақл ва илм ҳақида муфассал баҳс қиламиз, токи ҳикматнинг қай даражада аҳамиятлилиги ўз-ўзидан маълум ва намоён бўлсин.

АҚЛ

Шуни билиш лозимки, Аллоҳнинг энг буюк неъмати ҳам, икки дунё саодатига бошлагувчи ҳам ақлдир. Юқорида биз батафсил баён қилганимиздек, одамзод махлуқлардан жисман кичик ва куч жиҳатидан заиф қилиб яратилган бўлса ҳам, аммо ҳазрати Холиқи ҳаким инсонни улардан улуғ ва қувватли қилиб яратган. Чунки инсонга ҳаёт майдонининг ягона қуроли бўлган АҚЛни берган. Одамлар даставвал даррандалар ҳужуми, иссиқ-совуқ, очлик ва чанқоқликдан ҳамиша қўрқиб, азоб чекиб изтиробда яшардилар. Бориб-бориб ақл йўлбошчилигида ҳаммадан устун ва ғолиб чиқдилар. «Инни жоилу фил арзи халифа тун»69 мазмунидаги ояти кариманинг ҳукми билан инсон ер юзининг мутлақ султонига айланди. Агар маозоллоҳ70 ақл бўлмаганда инсон ҳаёт майдонида мағлуб бўларди. Мағлубият ва чекиниш эса йўқ бўлишнинг биринчи поғонасидир. Натижада инсон нобуд бўларди ва олам саҳифаларида одамдан ном-нишон ҳам қолмасди. Шундай экан, «дунё саодатининг раҳбари» ақлдир.

(давоми бор)

69.«Инни жоилу фил арзи халифатун» — «Албатта мен ер юзида халифа килиб юборгувчидирман».
70.Маозоллоҳ — Худо паноҳ берсин.