2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.
Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.
Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.
ЎХҲ редакцияси
* * *
Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН
ҒАЗАЛ
Бугун лоқайдгина ёнимдан ўтди,
Бу бепарволиги жонимдан ўтди.
Пушаймон этдими, қайрилди бир бор,
Мисоли бир қошиқ қонимдан ўтди.
Қоронғу бу кўнгилга тушди кўзлар,
Чақин чақнаб, зимистонимдан ўтди.
Узилдилар нурафшон кўп умидлар,
Сўниб юлдузлар осмонимдан ўтди.
Агар ғамгин кўринсам, айб эмасдир,
Бу айб сарви хиромонимдан ўтди.
Ажабланманг қаламнинг ноласига,
У тиғданмас, у ҳижронимдан ўтди.
Эл ишқимдан хабарсиз, Матназарман,
Ғариб достони достонимдан ўтди.