O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ғайб ишларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким била олмагай

Ғайб ишларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким била олмагай
308 views
06 November 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 225
(давоми)

ҚИРҚ ТЎҚҚИЗИНЧИ МЎЖИЗА

Расулуллоҳнинг ғайбдан хабар беришларидур. Ғайб ишларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким била олмағай. Агар пайғамбарлар, авлиёлар ғайбдан сўз айтган бўлсалар, албатта уларга Худо тарафидан билдирилган бўлур.

Шунинг учун буларнинг ғайбдан айтган сўзлари ҳеч хато чиқмагай. Бу эрса уларнинг Худо юборган пайғамбар эканликларига очиқ далилдур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин келадиган, бўладиган яхши-ёмон ишлардан хабар берганлар.

Ҳазрати Ҳузайфа шундай ривоят қилур:

«Бир куни Расулуллоҳ хутба ўқиб, ваъз айтдилар. Қиёматгача бўлиб ўтадиган ишлардан гапирдилар. У сўзларни тутганлар, тутиб қолди, кўплари унутиб қўйди. Умматлари устига келган фитналар эса Расулуллоҳ айтганларидек бўлди. Қолганлари ҳам келаси кунларда албатта шундай бўлғусидур. Расулуллоҳ айтган ғайб хабарларини ҳадис олимлари ўз китобларида баён қилибдурлар.

Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон, ҳазрати Али учовлари шаҳодат топишларини хабар берган эдилар. Расулулоҳ айтганларидек, учовлари ҳам шаҳид бўлдилар.

— Мендан кейин кўп замон ўтмай умматларим Эрон, Рум хазиналарини тақсим қилғай, — дедилар.

Ҳазрати Умар халифалик даврида Ислом аскари бу иккала мамлакатларни фатҳ қилиб, хазиналарини Расулуллоҳ айтганларидек тақсим қилдилар. У замонда Форс (Эрон) подшоҳи Кисро, Рум подшоси Қайсар эди.

— Иккинчи Кисро чиқмагай, Рум қолдиғи бўлғай,— дедилар.

Ул зот айтганларидек, Эрон подшолиги йўқолди. Рум подшолиги шу кунгача сақланади.

— Усмон ўлдирилса, фитна қиличи суғурилгай, унинг қони Қуръон ояти «Фасаякфийкаҳумуллоҳу» устига тўкилгай, — дедилар.

Расулуллоҳ айтганларидек фитначилар Ҳазрат Усмон уйларига босиб кириб, қилич урганларида, ўқиб ўлтирган Қуръонлари олдиларида эди. Қонлари оят устига тўкилди. Ҳазрати Усмон ўлдирилди эрса, фитна қиличи суғурилди. Жамал уруши, Сиффин урушлари чиқди. Саҳобалар ўртасида кўп қонлар тўкилди. Охирида ҳазрати Али халифа бўлиб Кўфада қолди. Муовия Шомда подшо бўлиб ўлтурди.

Яна Расулуллоҳ айтган эдилар:

— Мендан кейин ўттиз йил халифалик бўлғай.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ икки йилу уч ой, ҳазрати Умар ўн йилу олти ой, ҳазрати Усмон ўн икки йил, ҳазрати Али тўрт йилу тўққиз ой, имом Ҳасан олти ой халифа бўлдилар. Бу бешовларининг халифалик даврлари ўттиз йил бўлиб, Расулуллоҳ айтганларидек бўлди.

Расулуллоҳ: Мундин кейин тишлагич подшолар андин сўнгра золим подшолар бўлғай, қонхўрлар чиққай: деб ўзларидан кейин қиёматгача чиқадиган фитналардан хабар бердилар. Фитна бошлиқларининг отларигача, уларнинг уруғ-аймоқларигача айтдилар.

Яна ул зот:

— Меним умматларим роҳатга берилиб, ўлимдан қўрқиб жиҳодни ташласалар, Ислом бирлигини бузиб ўзаро иттифоқ бўлмасалар, бошқаларга ем бўлиб, оч кишилар олдига қўйилган бир товоқ ошдек бўлғайлар. Ҳар қайсилари ундан тўйгунча ейишурлар. Қуръон кўрсатган йўлларга қайтмагунча, меним изимга келиб тушмагунча бу талон-тарождан қутулолмай, бу хорликдан бошлари чиқмагай, — дедилар.

Яна бир ривоятда:

— Кофирлар умматларимни ўртага олишиб талашгайлар. Оч бўрилар олдига қўйилмиш қўйдек бўлғайлар, — демишлар.

Анда бир саҳоба туриб:

— Ё Расулуллоҳ, у замондаги умматларингиз озликларидан бу хорликка қолгайларму? — деди.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Андаги умматларимнинг сон-саноқлари кўпдир, лекин иттифоқлари, умматлик сифатлари йўқдур. Алар дунёни севгувчи, роҳатпараст бўлғайлар, ўлимдан қўрқиб, жиҳодни ташлагайлар. Шунинг учун улар хорликка қолғайлар.

Мана Расулуллоҳ айтмиш оч бўрилар эрса, илму ҳунар қуролига эга бўлмиш овруполилардир. Осиё, Африқо мусулмонлари 500 йилдан бери булар тирноғи остида эзилиб келмоқдадурлар. Саксон-тўқсон милёнлик Индонезия мусулмонларини олти милёнлик Голландия 300 йилдан бери мустамлака қилиб келмоқда. Бутун Ҳиндистон халқи яқиндаги иккинчи жаҳон урушидан сўнг мустамлакаликдан қутилди. Яна ҳалигача бу оч бўрилардан қутула олмаган шарқий, ғарбий мусулмонлар кўпдир. Лекин озодлик эшиги очилди. Бутун дунё халқига уйғониш даври келиб, қутилиш кунлари яқинлашди. (Асар 50- йилларда ёзилганлигини эслатамиз — Муҳарририят).

Яна Расулуллоҳ:

— Мендан кейин ўттизга яқин ёлғончи пайғамбарлар чиққай. Булар ичида тўрттаси хотинлардур. Энг сўнгиси Дажжол Лаиндур, — дедилар.

Расулуллоҳ айтганларидек, ўзларидан сўнгра араблардан ўттизга яқин киши пайғамбарлик даъвосини қилди. Улардан тўрттаси хотинлар эди.

Яна бир куни саҳобалардан бир қанчалари масжидда ўлтиришган эди, аларга қараб Расулуллоҳ айтдилар:

— Сизлардан энг кейин ўлган киши ўтда қолур.

Саҳобаларга бу сўздан қаттиқ қўрқинч тушди. Пайғамбаримиз айтган ўт тамуғ ўти бўлса керак, деб қўрқинч тушган эди.

Саҳобалардан бир нечалари вафот топиб охири Абу Ҳурайра, Самура ибн Жундуб, Ҳузайфа учовлари ёлғиз қолдилар.

Сўнгра Ҳузайфа ҳам вафот қилиб, Абу Ҳурайра билан Самура қолди. Бу икковлари эрса қайси биримиз кейин ўлар эканмиз, деб бек қўрқишар эдилар. Шу орада Абу Ҳурайра ўлиб, Самура ёлғиз қолди. У қўрқинч билан бир қанча умр кечирди.

Бир куни ўчоқ олдида ўлтириб оловда исинмоқда эди. Нима бўлдию оловга йиқилиб кетди. Бошқа киши бўлмагач, туришга дармони қолмай шу жойда вафот этди.

Шунда билдиларким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ўтлари, дунё ўти экандур. Энг кейин ўлган киши ўтда қолур деганлари тўғри келди.

Абу Ҳурайра ривоят қилади:

— Саҳобалардан бир жамоа одам тўпланишиб ўлтириб эдик, устимизга Расулуллоҳ келдилар. Сўнгра бизга қараб айтдиларким, шу ўлтирган кишилардан бирисининг тиши дўзахда Уҳуд тоғидан улуғроқ бўлур.

Буни англаб тўпланганларнинг барига қўрқинч тушди. Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин араблардан кўп қабилалар диндан қайтиб муртад бўлдилар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ халифа бўлгандан сўнгра уларга қарши аскар юбордилар. Шу чоғда ўшал жамоатдан икки киши бор эдик. Қолганлари эрса вафот топмиш эдилар. Шу аскарга қўшилиб икковлари ҳам бордилар. Расулуллоҳ айтган сўзларидан кўнгилларида қаттиқ қўрқинч бор эди. Ямома деган жойга келганимизда икки тараф қўшин бир-бирига йўлиқиб, саф тортишиб, уруш бошланди. Шу куни менинг йўлдошим муртад бўлиб, душман сафига қўшилиб кетди ва у шу урушда ўлдирилди. Бундан бир неча йил илгари Расулуллоҳнинг берган хабарлари шу кишига тўғри келиб, алҳамдулиллоҳ, мен қутулиб қолдим.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

— Ислом ҳукумати Қурайш қўлида бўлғай. Агар Қуръонга амал қилиб, динларини тута олсалар, бу давлатдан ҳеч ажрамагайлар. Расулуллоҳ айтганларидек, Қурайш халқи дунё роҳатига берилиб, динларини яхши тутолмагач, давлатлари бошқа мусулмонларга ўтди. Айниқса, турклар Ислом халифалигига эга бўлдилар. Исломнинг исми, Қуръоннинг хатигагина қаноат қилингач, ер устидаги мусулмонлар Ислом ҳокимиятидан бутунлай ажрадилар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

— Сақиф қабиласидан икки киши чиққай: бири ёлғончи, иккинчиси қонхўр. Тарих олимларининг айтишича, Сақиф қабиласидан чиққан бу икки киши Мухтор ибн Убайд, яна бири Ҳажжож золим эди. Расулуллоҳнинг айтган сўзларига бу икковининг қилган ишлари тўппа-тўғридур.

Ансор саҳобалардан ҳазрати Ҳанзала Уҳуд урушида шаҳодат топди. Шариат ҳукмида жунуб бўлмаса, шаҳид бўлган киши ювилмас эди.

Расулуллоҳ:

— Фаришталар Ҳанзалани булут устига қўйиб юваётганларини кўрдим. Нима ишдур, унинг ҳолини хотинидан сўранглар-чи, у билса керак, — дедилар.

Анда анинг хотинидан сабабини сўрагани келишди эрса, хотини:

— Унга ғусл лозим бўлиб, бажармак учун ўрнидан янги турганида Расулуллоҳнинг чорлоқчиси келди. Ғусл қилгунимча кечикиб қолурман, деб шошилганича қиличини олиб кетган эди, — деди.

Қарасалар, янги ювгандек Ҳанзаланинг сочларидан сув оқиб турибдур. Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек уни фаришталар ювгани маълум бўлди, қайтадан ювишга буюрмадилар.

Расулуллоҳ:

— Охир замонда менинг олим умматларим ўлиб-ўлиб тугагайлар. Дин илми ердан кўтарилғай, олимлар ўринларида илмсиз жоҳиллар ўлтиргайлар. Авомлар эрса дин йўлини шулардан сўрагайлар. Аларда илм бўлмагач, хато жавоб бериб, ўзи йўлдан озиб, бошқаларни ҳам йўлдан оздиргайлар. Шу билан охири иймон Мадинага қараб қочар, — дедилар.

Мана кўп йиллардан бери бу иш давом этиб келмоқда. Ҳозирги кунларда эса нақ шунинг устида турамиз.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати имом Ҳасанни ёшлигида эркалатиб:

— Бу менинг ўғлим улуғ даражалик саййиддур. Мусулмонлар орасида мендан кейин чиққан фитнани шу ўғлим босгай. Бунинг ҳиммати билан икки мусулмон қўшинни қонлари ноҳақ тўкилишидан сақлагай, — дедилар.

Расулуллоҳ айтганларидек, ҳазрати Али шаҳодат топгандан кейин, оталари ўрнида олти ой халифа бўлиб турдилар. У кунлар ҳазрати Муовия Шом вилоятига амир эди. Имом Ҳасандан халифаликни олиш учун устига Шомдан қўшин тортиб келди. Эрон аскарини олиб имом Ҳасан қарши чиқдилар. Ҳар иккала тарафдан бир юз эллик мингдан аскар бор эди. Мана шу чоғда имом Ҳасан қон тўкишдан сақланиб, халифаликни ўз ихтиёри билан Муовияга топширди.

(давоми бор)