O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ғарбдаги шакли билан бўлмаса ҳам, “демократия” бизга зарурга ўхшайди

Ғарбдаги шакли билан бўлмаса ҳам, “демократия” бизга зарурга ўхшайди
164 views
20 April 2013 - 13:59

(“Ҳақ ва халқ чалғимайди” мақоласига муносабат)

Ҳурматли шоир акамиз Ёдгор Обиднинг мақоласига муносабат сифатида қуйидагиларни айтмоқчи эдим:

Мен ғарб демократияснинг кўп жиҳатларини, айниқса ҳокимият манбаининг мутлақ халққа берилишини, шунингдек шахсларга ва жамиятга ҳалол ва ҳаром, демасдан тўғри-нотўғри ҳуқуқлар беришини маъқулламайман. Бу маънода, ғарб демократияси Исломга зидлигига шубҳа йўқдир…

DEMOKRATIYA

Аммо ғарб давлатлари ҳаётининг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳукуматни бошқарадиганларни халқнинг ўзи сайлаши, истамаганларни эса сайламаслиги, ҳукуматлар нотўғри сиёсат олиб борганда инсонларнинг танқид ва турли намойишлар эркинлиги борлигини ҳам жуда муҳим, деб биламан. Шунингдек, ғарб давлатларида матбуот ва сўз эркинлиги бор. Бунинг ҳам салбий жиҳатлари билан (масалан, ҳаёсиз суратлар чоп қилиш, ғийбат ва шунга ўхшаш маълумотлар тарқатиш каби) бирга бўлаётган воқеаларни айни вақтда халққа етказиш, ҳукуматни танқид қилиш, унга таклиф киритиш каби ижобий жиҳатлари бордир. Яъни, ғарбда ошкоралик жуда кучлидир. Ҳатто бу давлатларда матбуотни “тўртинчи ҳокимият” ҳам дейишлари бир ҳақиқатдир…

Шундай экан, биз мусулмонлар бу эркинликлар ва ҳуқуқлардан қандай фойдаланишимиз керак, деган савол туғилади. Демократия куфр, дейиш билан иш ҳал бўлиб қоладими? Ёки ғарбдаги эркинликларнинг ижобий тарафларини биз ҳам ўрганиб, ўз ҳаётимизга жорий қилсак бўлмайдими? Эътибор беринг, ижобий тарафлари, деяпман, ҳаммасини демаяпман.

Бундай дейишимга сабаб, биз мусулмонлар ўзаро алоқаларда унчалик ҳам муваффақиятли эмасмиз. Аввало турли гуруҳларга бўлиниб кетганмиз, бу гуруҳлар бир бирини тан олмайди, ўзаро мулоқот ва тинч музокараларни йўлга қўя олмаймиз. Ҳозирда Ислом дунёсининг қаерига қараманг, шундай вазиятни кўрасиз. Афғонистон, Покистон, Ироқ, Туркия, Миср ва ҳаказо…Сурияда ҳаёт мамот уруши олиб бораётган мусулмонлар ҳам бир орага келиб, ўзаро келиша олишмайди. Ҳар гуруҳ ўзининг Қуръон ва Суннатга амал қилишини айтади, аммо Исломнинг бу икки асосий манбаси мусулмонларни ўзаро иттифоққа, маслаҳатлашиш билан иш қилишга, ўзаро биродарликкка ташвиқ қилади. Бунга амал қилмаган мусулмонлар қандай қилиб ўзларининг  Қуръон ва Суннатга амал қилишларини айтишлари мумкин?

Балки шунинг учун ҳам, афсуски бугунги дунёмизда инсонларнинг тасаввурига (албатта бунда динимиз душманларининг тарғиботи ҳам муҳим аҳамият касб этади) Ислом ва мусулмонлар, дейилганда турли диктаторликлар, оилавий қиролликлар, бутун соҳаларда қолоқ жамиятлар, ибодатда фаол, аммо ижтимоий ва сиёсий ишларда етарли даражада фаолият кўрсатмайдиган мусулмонлар келади. Бундай ҳолни ягона Ҳақ динига, яъни инсонларнинг  бу дунёда ва охиратда саодатга бошлайдиган динимизга боғлаб кўрсатилиши албатта биз мусулмонларни ранжида қилади.

Бундай вазиятда мусулмонлар орасида тинчлик ва ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда, баҳсу мунозараларнинг ўзаро жанжаллар ва ҳатто турли гуруҳлар орасида уруш ва тўп тўполонга айланиб кетмаслиги учун бизга ҳам ўзимизга ярашадиган бир “демократия” лозимми, деган савол хаёлимга келади. Яъни, турли мусулмон гуруҳлар ўзларининг нуқта назарларини халққа баён қилишса ва халқ булардан ўзи маъқул, деб билганини сайласа нима бўлади? Бу ўзаро тугаб битмас ихтилофлардан ва ўзлари суянадиган тушунча ва ақидаларига ёпишиб олиб, мусулмонларнинг бир бирлари билан уруш жанжал қилишларига қараганда маъқул йўл эмасми? Ҳеч қурмаса бу йўл билан жамиятга тинчлик келармиди, халқнинг ўзи истаган ҳукуматни сайлаш имкони пайдо бўлармиди, шу билан биз мусулмонлар ҳам турли фикр ва қарашларга сабр матонат билан ёндаша олишимизни кўрсатган бўлармидик? Албатта, бундай “демократия” Ислом ҳалол қилган нарса ва ишларни ҳаром қилмаслиги керак. Аммо бу ҳалол ва ҳаром доирасида ҳам мусулмонлар барча ишларда, шу жумладан ижтимоий ишларда ҳам мусобақалашсалар бўлмайдими? Бу ҳақда ҳурматли олимлар амалий китоблар ёзишлари, мусулмонлар ҳам ўз ақидаси, фиқҳий ва ижтимоий масалаларга турли қарашлари, бу масалалардаги ихтилофлари ва амаллари доирасида замонавийлашишлари, турли фикрларни айтишни ва тинглашни, кўпчиликка ёқадиган таклифларни қабул қилишни ўрганишлари зарур, деб ўйлайман…

Албатта, бу иш бир кишининг гапи билан бўладиган иш эмас. Аммо мусулмонлар ҳам эркинлик шаротида тинчлик ва тотувликни ўртага қўя олишларини ҳозирдан намоён қила бошласалар яхши бўларди. Чунки эркинлик, тинчлик ва тотувлик унга ҳозир бўлган  инсонларга ва халқларга насиб қилади, деган фикрдаман…

Йўлдош Музаффар ўғли

20.04.2013