Нураддин Джуманиязов
ЭРК ДП аъзоси. 2012 йил 7-октябр
Инсоният, ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам, жамиятда адолатни излаб яшаган. Бугун Ўзбекистонда, тенгсизлик ва амалдорларнинг алдови ҳукм сураётгани бир пайтда, унинг фуқаролари сукут сақлаяптилар. Чунки, халқ диктатура режимида яшаяпти ва яшаб ўрганган. Биз, етмиш йилдир-ки коммунистлар алдовида, мана 23 йилдирки, Каримов алдовида яшаяпмиз. Жамиятда сўз ва фикр эркинликлари йўқлиги туфайли, мамлакат ривожланмаяпти. Халқ, шу даврлар мобайинида, давлат арбоблари олдига, ўз муаммолари ечимини талаб қилиб чиққан эмас. Қадимдан, тарих шуни кўсатаяптики, жамият қиёфасини, фақат у ёки бу дин мафкураси ўзгартирган. Динга асосланмаган мафкура, жамиятни пароканда қилади, мамлакат ресурсларини бир шахсга ва жамиятнинг бир қатламига хизмат қилдиради. Худосиз ҳукмдор, ўзини худо ўрнида тутиб, халқни алдайди ва ҳукмронлик қилади. Бугунги кунда бунга мисоллар жуда кўп. Диктаторлик усуллари билан бошқарилаётган, айниқса постсвет ҳудудидаги давлатларида, аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий аҳволлари танг ҳолатдадир ва жамиятда ривожланиш йўқ. Конкрет хаётий фалсафага асосланиб бошқарилаётган мамлакатларда, бошқарув амаллари у ёки бу миқдорда жамият ривожига таъсир кўрсатаяпти. Бунга, бугунги Хитой ривожланиш модели далилдир. Бизнинг мамлакатимиздаги диктатура ўзига хослиги ва ўзига мослиги билан дунёга машҳур. Яъни, давлат бир кишининг истак ва ҳоҳишлари билан бошқарилмоқда. Бошқарувнинг бундай диктаторлик системасида, ҳеч қандай реформа, давлат иқтисодига ва сиёсатига таъсир қила олмайди. Режим тугатилсагина, реформа тўғрисида ёки ривожланиш тўғрисида гап юритиш мумкин.
Милоднинг 400-чи йилларида Рим империяси 1000 йил умр кўриб, ўз жамиятининг маънавий тушкунлигидан қулади. Мазкур империянинг давомчиси, Византия ҳам, 14-чи асрда, жамиятнинг маънавий бузилиши сабабли, қулади. Юксак тараққиётга эришган исломий давлатларда ҳам, тахт тепасига бетайин шахсларнинг ўтириб қолганлиги туфайли, жамият тараққиёти орқага сурган.
Ғарб иқтисоди, тинимсиз пасаяётган бугунги бир пайтда, шарқ иқтисоди кўтарилаяпти. Бу, ғарб жамияти фалсафасидан, шарқ ҳаётий фалсафаси устин эканининг ёрқин далилидир. Ғарбда маънавий ва иқтисодий заифлашув аллақачон бошланган. Агар, бу жараёнга ўз вақтида барҳам берилмаса, маънавият ҳақ томонга тикланмаса, ғарб ўзининг бугунги мавқеини батамом йўқотади.
Ғарбда ҳам, шарқда ҳам инсон бирдай, Мен кимман? Нима учун яшайман? Ва қаерга кетаман?, деган саволлларига жавоб излаб яшашлари керак. Исломда, Инсон азиз ва мукаррам қилиб яратилган, деб таълим берилади. Инсон, ўзининг маънавий бойлигини орттириши билан, мукаррамлик мақоми сари қадам босади. Инсоннинг руҳий қадрини ва коинотнинг мазмунини, аждодларимиз ҚУРЪОНИ КАРИМдан излаганлар ва топганлар. Тарих шуни кўрсатаяптики, ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ оятлари мазмуни, жамият аъзолари томонидан етарли даражада ўзлаштирилганда, жамият тараққиётга юз тутаверган.
Мамлакат ривожи учун, аввало халқ танлаган, одил подшо зарур. Кейин эса, мафкура. Жамият, мафкураси билан ўзига хос ривожланиш йўлига киради. Афсуски, ривожланиш йўлининг камчиликлари, вақт ўтиши билан ойдинлашади. Жамиятимизнинг жилови бугун диктатор Каримов қўлида. У, мамлакатни бошқаришда, ҳеч қачон, яхшилик ва ёмонликнинг фарқига бормаган. У, ўз фойдаси учун ишлаганлиги сабабли, халқ дарди билан ҳисоблашиб ўтирмаган. Ўз билганини қилган ва қилаяпти ҳам. Ваҳоланки, Каримов тахтни эгаллаган пайтда, у кўпчиликка маъқул келган эди. Нега-ки одамлар унинг иқтисод фанидан аллақандай аттестацияси борлигига ишонганлар. Эл бошлиғи, энг аввало, иқтисодчи эмас балки, маънан кучли инсон бўлиши керак.
Бугунги динсиз демократлар ҳам жамият тарққиёти учун курашажакларини билдиришмоқдалар. Биз, Эрк демократлари, сўз ва фикр эркинликларини ҳурмат қиламиз. Кимнингдир фикрини инкор қилиш ниятимиз йўқ. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканини, вақт белгилайди. Ўзбекистонимизнинг маънавий ва иқтисодий бўхрондан олиб чиқиш йўлини кўзлаган динсиз демократлар, жамиятимизни ғарб демократияси билан боғлаб қўйишга ҳақли эмаслар. Нега-ки, динсиз демократларнинг байроғи, қисман ғарб маданияти томонга йўналтирилган. Яъни улар, жамиятимиздаги демократия, ислом дини нормаларидан чеккароқда бўлиши кераклигини пеш килаяптилар. Исломни жамият учун эскилик сарқитлари, деб тушунсалар ҳам керак. Атеистлар орасида ҚУРЪОНИ КАРИМ оятлари тафсилотларини биладиганлар борми? Мен буни билмайман. Биламан-ки, билмаган нарсаларингни ёлғон деб, шу фикрларингдан ўзларинга ёққан хулосани чиқариб, оммага тақдим этиш мақсадида халқни яна бир карра алдаш ҳисобланади. Мана 1433 йилдирки, Ислом ўзгармаган ва ўзгармайди ҳам. У қиёматгача, кишилик жамияти учун, ҳаётбахш хусусиятларга эга бўлиб қолаверади. Ўзбек миллатининг урф-одатлари, қадриятлари, кўз қарашлари ва ҳатто ўзбекчилик тушунчалари ҳам, Ислом дини билан чамбарчас боғлиқдир. Агар, ҳокимият бошига яна, атеист келса, миллатимизнинг маънавий тараққиёти жараёнида, янги муоммолар туғилаверади. Ғарб инқирозда, шарқ юксалишда. Бу узоқ вақт давом этаверадиган жараёндир. Ғарбда, жамиятни ҳақ йўлга етакловчи куч ҳозирча йўқ. Чунки, ғарб жамиятидаги инсонларнинг диний тафаккури, қаттиқ ва мустаҳкам қобиқ орасида қолган. Шунинг учун ҳам, ғарб аҳлининг онгига илоҳий эътиқод билан таъсир ўтказиш жуда қийин. Ғарб, яқин келажакда, иқтисодий ва сиёсий ривожланишда, шарқдан жиддий орқада қолиб кетади. Шунинг учун ҳам деймиз-ки:
-Бу азиз Ватан барчамизники. Олдимиздаги муқаддас мақсадни, яъни Ўзбекистонда адолатли жамият барпо қилиш учун, бир бировимизга ёрдамчи бўлайлик. Чунки Ислом, демократия билан ёнма ён яшаш хусусиятига эга бўлган таълимотдир. Мусулмончилик, астачилик билан…, дейди, доно халқимиз. У жамият аҳли онгига аста-секин етиб бораверади. Исломга имон келтириш, ҳар бир банданинг ихтиёрий амалидир. Бандаси, имон келтиргандан кейин, ёмонликлардан парҳез қилиб, яхшилик билан яшамоғи шарт. Ёмондан яхшини фарқлаш учун, кўп ва хўп билмоқ зарур. Бу ҳақиқатни ўқиш ва ўқиш жараёни, бир умрга баробар. Ислом ҳукмрон давлатларда, аҳоли орасида, бошқа дин вакиллари ҳам аралашиб яшайверганлар. Кўп миллатли давлатимизда, ҳокимият тепасига ким келганидан қатъи назар, бу аҳиллик давом қилаверган ва қилаверади. Қайси динда бўлишларидан қатъий назар, одамларнинг аҳил яшаши, динимиз маъқуллаган кўрсатмаларидандир. Алҳамдулиллаҳ, мана 13 асрки миллатимиз мусулмончиликда. Бунинг билан фақат фахрланиш керак.
ДУО: Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин, энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт.
ОМИН.