O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҒАРИБ ДАРАХТ

ҒАРИБ ДАРАХТ
20 views
17 April 2014 - 9:49

20140416_190339

(Куйидаги шеърлар Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йил Истанбулда чоп этилган “Вал-фажр” китобидан олинди)

ҒАРИБ ДАРАХТ

Одамлар каби мен дунёни кезиб
ёза олмадим-ку шеьрий туркумлар,
чунки ота юртдан чиққаним сезиб,
тарк этарлар мени ҳижо, рукнлар.
Чунки келиши-чун кўзларимга ёш
пайдо бўлиши-чун илҳом юракда,
менга жуда зарур аччиқ бир қуёш,
кескин континентал иқлим керакдир.
Шундай экан, денгиз қирғоқларидан,
яшил ўрмонлардан менга сўз очма,
мен ёлгиз Туркистон тупроқларида
ўса оладиган ғариб оғочман…
1994

НА ГЎЗАЛ
Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли,
кураш бошланaркан тарафма-тараф
ожизнинг ёнини олганинг учун
“хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!
На шараф, халқини қул этган подшоҳ
“менинг душманим” деб сени атаса,
жазавага тушса исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!
На шараф-ки зулмга “зулм!” деёлсанг,
бошингда ҳар куни синса-да тўқмоқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!
1994