O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ғийбат, миш–миш

Ғийбат, миш–миш
196 views
06 October 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(31)
(давоми)

Ғийбат, миш–миш

Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобийларга “Ғийбат надир, биласизми?” деди.

Саҳобийлар “Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади” дейишди ва Пайғамбаримиз уларга:

-Ғийбат мусулмон биродаринг тўғрисида (ёмон гап гапирсанг) унга ёқмайдиган бир гап билан уни хотирласанг, бу ғийбат бўлади, – деди.

Қадимги донишмандларимизнинг фикрича, масалан, фалончининг кўйлаги калта ёки узун, десангиз бу ғийбат бўлади.

Ибн Нажиҳнинг билдиришига кўра, бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига бир калта бўйли хотин келди. Бу хотин чиқиб кетгандан сўнг, Ҳазрати Ойша “бўйи жуда калта экан!” деди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳазрати Ойшага “ғийбат қилаяпсан” деди.

Ҳазрати Ойша “аммо мен унда бор нарсани айтдим” деди.

Пайғамбаримиз унга “Тўғри, аммо унинг энг хунук тарафини мавзу қилдинг” деди.

Абу Саид–ул Худридан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Самога чиқарилганим Меърож кечаси бир гуруҳ кишини кўрдим. Уларнинг сонларидан кесилган эт оғизларига суқилиб, “дунёда биродарларингизнинг этларини қандай еган бўлсангиз, буни ҳам шундай енглар!” дейилди. Мен Жаброилдан “Ким булар?” деб сўрадим, Жаброил “Булар умматингдан ғийбат этганлардир” деди”.

Менинг отам (Абуллайс Самарқандийнинг отаси) менга шундай бир ривоят айтиб берганди: Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйида экан, “Суффо аҳли” деб аталган саҳобийлар масжидда тўпланиб, Зайд бин Собитнинг ҳадисларини тинглаётган эдилар. Бу орада Пайғамбаримизга биттаси гўшт олиб келганди. Буни эшитган “Суффо аҳли” Зайд бин Собитга “Пайғамбаримизга бориб, бизга бир оз гўшт олиб кел, кўпдан бери гўшт емадик” дедилар.

Зайд бин Собит ўрнидан туриб, кетгандан сўнг, ўтирганлар “Биз Пайғамбаримиз билан қанча кўришган бўлсак, Зайд ҳам шунча кўришди, нега у бизга ҳадис нақл этиши керак?” дея гапирдилар.

Бу орада Зайд бин Собит Пайғамбаримизнинг ёнига бориб, Суффо аҳлининг истагини билдирди. Расулоллоҳ алайҳиссалом Зайдга:

-Улар шу онда гўшт емоқдалар,–деди.

Зайд бин Собит масжидга қайтиб, Суффо аҳлига Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг гапини айтди. Улар ҳаммаси туриб, Расулоллоҳнинг уйига келишди. Расулоллоҳ уларга:

-Бир оз аввал биродарингизнинг (Зайд бин Собитнинг) этини едингиз, еган этнинг қолдиқлари ҳозир ҳам тишларингиз орасидадир. Тупурингчи, этнинг қизил қолдиқларини кўрасизлар, – деди.

Саҳобийлар тупуришди ва тупукларининг қонли эканини кўрдилар.

Ва улар дарҳол тавба этишиб, қилган ғийбатларидан пушаймон бўлганликларини билдирдилар, Расулоллоҳдан узр сўрадилар.

Жобир бин Абдуллоҳнинг (ундан Аллоҳ рози бўлсин) билдиришига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонида бир кун қўланса бир ел эсди. Бунинг сабаби Пайғамбаримиздан сўралганда, у “баъзи мунофиқлар мусулмонлар ҳақида ғийбат этдилар, бу қўланса ел шу боис эсди” деб жавоб берди.

Аҳли ҳикматдан бир зотга “Пайғамбаримиз замонида ғийбатниннг шамоли ва ҳиди очиқча билинган ҳолда бизнинг замонимизда нега билинмайди?” деб савол беришганда, у зот шундай жавоб берганди: “Кунимизда ғийбат кўпайиб, бурнимиз бунга кўникди ва бу ҳидни бурунларимиз энди ҳис қилмай қўйди”.

Судонинг айтишига кўра, Салмон форсий (ундан Аллоҳ рози бўлсин) бир марта бир гуруҳ саҳобий билан сафарга чиқди. Ораларида Ҳазрати Умар (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ҳам бор эди. Бир ерда қўноқлашганида, емак ҳозирлашга тушдилар. Бу пайт Салмон форсий озгина мизғиб олди. У ухлаб ётаркан, саҳобийлар у ҳақда “бу одам қурилган чодирга, пишган емакка тайёрга айёр бўлмоқчи” дедилар. Салмон форсий уйғонганида эса унга “Пайғамбаримизга бориб, ундан қатиқ олиб кел” дейишди. Салмон форсий Пайғамбаримизга бориб саҳобийларнинг истагини айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

-Улар нонлари билан қатиқларини едилар, буни уларга айт – деди.

Саҳобийлар буни эшитиб, “биз ҳали ҳеч нарса емадик, Пайғамбаримиз ҳам ёлғон сўйламайди” дедилар ва ҳаммаси биргалашиб, Расулоллоҳ алайҳиссаломнинг ёнига боришди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга:

Биродарингиз ухлар экан, унинг орқасидан сўйлаганларингиз билан қатиқли нонингизни едингиз – деди ва шу оятни ўқиди:

“Эй, мўминлар, кўп гумондан қочинглар. Чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Бир–бирларингизнинг айбларингизни текшириб, жосуслик қилманг, баъзиларинг баъзиларингизни ғийбат қилманг. Бирон киши ўлган биродарининг гўштини ейдими? Бундан тискинасиз….” (“Ҳужурот” сураси, 12).

Сўфёнга кўра, гумон икки турлидир: бир хили гуноҳ, иккинчи хили гуноҳ эмасдир. Гуноҳ бўлган гумон – очиқ айтилган гумондир. Гуноҳ бўлмаган гумон – одам ичида сақлаб, айтмаган гумонидир.

Ибн Аббоснинг билидиришига кўра, “баъзиларингиз баъзиларингизни орқадан ёмонламанглар” ояти икки саҳобий ҳақида нозил бўлган. Ҳодиса шундай содир бўлганди: Пайғамбаримиз алайҳиссалом урушга борганда, икки бой кишининг ёнига бир камбағални қўшиб қўярди. Бир тарафдан бойлар камбағалга ёрдам этса, камбағал ҳам бойларга хизмат қилиб, уларга ёрдамчи бўларди.

Бир марта Салмон форсийни иккита кишининг ёнига берди. Улар бир куни бир ерда қўноқладилар, Салмон форсий емак ҳозирлади. Дўстлари унга “Пайғамбаримизнинг ёнига бориб, ундан озроқ емакка қатиқ (илова) сўрагин” дейишди. У кетди. Орқасидан дўстлари “бу одам сув олиш учун қудуққа тушса, қудуқнинг суви қурийди” дея ғийбат қилишди.

Салмон форсий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига бориб, дўстларининг истагини етказди. Пайғамбаримиз унга “бор, уларга сиз қатиғингизни едингиз”, деб айт”,- деди.

Саҳобийлар бу жавобга ҳайрон бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига боришганда Аллоҳнинг Пайғамбари уларга шундай деди:

-Ўлик этини ейишни истамасангиз, ғийбат этманглар. Ким ўз биродарини орқасидан ғийбат қилса, унинг гўштини еган ҳисобланади” деди.

Шундан кейин “баъзиларингиз баъзиларингизни орқадан ғийбат қилманглар” ояти нозил бўлди.

Айтилишига кўра, Ҳасан Басрийга “бир киши сени ғийбат қилди” дейишди. Ҳасан Басрий ўша ғийбат қилган кишига бир табоқ хурмо билан шу хатни йўллади: “эшитишимга кўра, сен менга яхшиликларингни ҳадя этибсан. Мен ҳам сенга жавоб ўрнида бу ҳадяни юбораяпман. Аммо сенинг ҳадянгга тенг келажак бир ҳадя беролмаганим учун узр сўрайман”.

Яна бир ривоятга кўра, Иброҳим бин Адҳамникига меҳмон бўлиб келганлар овқат ейишга ўтирганда, биттасини ғийбат қила бошладилар. Иброҳим бин Адҳам уларга шундай деди:

“Биздан аввал ўтганлар нонни гўштдан аввал ейишарди, сизлар нон емасдан олдин гўшт ея бошладинглар!”.

Уммутул Боҳилийга кўра, Қиёмат куни амал дафтари қўлига берилган бир қул ҳеч ишламаган яхшиликларини ўз дафтарида кўриб, “Ё Робби, бу амаллар менга қаердан келди?” деб сўрар экан. Аллоҳу Таоло унга “бу яхшиликлар сенга сени ғийбат қилганлардан келди” деб жавоб беради.

Иброҳим бин Адҳам дейди: “Эй, ёлғончи, дунёда дўстларингга нисбатан хасис эдинг, аммо охиратда душманларингга нисбатан сахий бўлдинг. Аммо хасислигинг учун кечирилмаганинг каби, бу сахийлигинг учун ҳам мақталмайсан”.

Аҳли ҳикматдан бир зотга кўра, ғийбат ғийбатчиларнинг меваси, фосиқларнинг зиёфати, хотинларнинг …….. чойири, итлашган инсонларнинг емаги, тақво соҳиблари учун ахлат чуқуридир.

Анас бин Моликдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

Шу тўрт нарса рўзани бузади:

1.Ғийбат.
2.Ёлғончилик.
3.Гап ташиш.
4.Хотинларнинг қараш ҳалол бўлмаган ерларига қараш”.

Қаоб – ул Ахбор дейди: “Пайғамбарларга нозил бўлган китобларда ўқиганимга кўра, ғийбатдан тавба этган киши Жаннатга энг сўнг кирганлардан бўлгани каби, ғийбатни қайсарлик билан давом эттириб, ўлган кимса Жаҳаннамга илк кирганлардан бўлади”.

Айтилишига кўра, Исо алайҳиссалом ўзининг яқин дўстларига “Агар ухлаб ётган бир одамнинг адаб ерларини шамол очиб юборса, сиз бу очилган жойларни ёпасизми ёки очилмай қолган жойларни ҳам очиб юборасизми?” деб сўради.

Ҳазрати Исонинг дўстлари “субҳаноллоҳ, биз нега қолган жойларини ҳам очайлик?” дея жавоб беришди.

Хўп, бировнинг орқасидан ёмон гапириш унинг қолган жойларини ҳам очиш эмасми? – деди Исо алайҳиссалом”.

Холид Рабий шундай дейди: “Бир куни катта масжидда эдим. Ёнимдагилар биттасини ғийбат қилабошладилар. Уларга тўсқинлик қилдим. Шунда улар бошқа биттасини ғийбат қилишга ўтдилар. Кейин улар ғийбатини яна ўша илк кишига йўналтиришганда, мен ҳам уларга қўшилдим. Ўша кечаси шундай туш кўрдим: узун бўйли, қора юзли бир одам ёнимга келиб, қўлидаги табоқда тўнғиз гўштини менга узатди ва “е” деди. Унга тўнғиз этини валлоҳи емайман!” дедим. Укиши мени ҳақорат қилди ва “аммо сен бундан баттарини едингку!” деди. Сўнгра тўнғиз этини оғзимга тиқа бошлади. Шу пайтда уйғониб кетдим.

Валлоҳи, 30 ёки 40 кунга қадар оғзимга солган ҳар луқма егуликдан ўша этнинг қўланса ҳидини туйдим”.

Сўфиён бин Ҳусайн дейди: “Бир кун Иёс бин Муовия билан бирга ўтиргандим, ёнимиздан бир киши ўтиб қолди. Мен унга орқасидан гапирдим. Иёс менга “жим бўл!” деди. Сўнгра мендан “Бизонс” (Византия)га қарши урушда қатнашдингми? Деб сўради Иёс. Мен “йўқ” дедим. “Хўп, мўғулларга қарши урушдингми?” деб сўради у. Мен яна “йўқ” деб жавоб бердим. “Бизонсликлар билан, мўғуллар билан урушмадинг, аммо ўз биродарингнинг ёқасини қўйиб юбормайсан!” деди менга Иёс. Ўша кундан бошлаб, мен ҳеч ким ҳақида ғийбат қилмадим”.

Машҳур зоҳид Хотамга кўра, “бир мажлисда шу учта нарса бўлса, бу мажлис Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлади:

1.Дунё ҳақида гап–сўз
2.Кулмоқ
3.Бошқалар ҳақида гапирмоқ”.

Яҳё бин Муоз дейди: “Агар шу уч нарсани мўмин сенда кўрса, яхшилардан бўласан:

1.Мўминга фойданг бўлмаса, ҳеч бўлмаса, унга зарар берма.
2.Мўминни севинтираолмасанг, ҳеч бўлмаса, уни хафа қилма.
3.Мўминни мақтай олмасанг, ҳеч бўлмаса, уни ёмонлама”.

Мужоҳидга кўра, “Одам боласининг ёнидан ҳеч айрилмаган баъзи малаклар бор. Бир киши ўз биродарини яхшилик билан хотирласа, бу малаклар “айтганингнинг айниси сенга ҳам бўлсин” дейдилар.

Ёки аксинча, “Эй, инсон боласи, сен ўз биродарингнинг айбларини очдинг, сен ўзингга ҳам бир боқ, сенинг айтганларингни ўртиб, очмаган Аллоҳга ҳамд эт!” дея нидо қилади бу малаклар”.

Бир куни Иброҳим бин Адҳамни бир ерга меҳмонга чақирдилар. Овқат ёйишга бошлаганларида, унинг дўстлари “фалончи келмади” дейишди. Ораларидан биттаси “фалончи жуда семиз” дея ғийбатни бошлади. Шунда Иброҳим бин Адҳам “Буни менга меъдам қилди. Емак ейман деб, бир мусулмоннинг ғийбат мавзуси бўлганига шоҳид бўлдим” деди ва ўрнидан туриб, зиёфатни тарк этди. Ва уч кун оғзига бир луқма ҳам егулик олмади”.

Ҳаким (донишманд) бир зот дейди: “Агар шу уч нарсани қила олмасанг, ҳеч бўлмаса, шу уч нарсани қилма:

1.Яхшилик қила олмасанг, ҳеч бўлмаса, ёмонлик қилма.
2.Одамларга фойданг тегмаса, ҳеч бўлмаса, уларга зарар берма.
3.Рўза тутолмасанг, ҳеч бўлмаса, бошқаларнинг этини ема (ғийбат қилма)”.

Ғийбат этган ғийбат этилгандан ҳалоллик олмаса, унинг тавбаси қабул қилиниб–қилинмаслиги тўғрисида олимлар ҳар хил кўришлар билдирганлар.

Баъзилари бундай тавба жоиздир, деса, баъзилари ғийбат қилинган одам ҳалоллик бермагунча, тавба жоиз бўлмайди деган фикрдалар.

Бизнингча, бу масалани иккига айириш лозим: агар ғийбат этилганнинг қулоғига етган бўлса, ундан ҳалоллик олиш жоиздир. Агар қулоғига етмаган бўлса, ғийбат қилган одам авфни Аллоҳдан тилаб, тавба этиши лозимдир.

Айтишларига кўра, бир киши Ибн Сирийга келиб, “сени ғийбат қилдим, ҳаққингни ҳалол эт” деди. Ибн Сирий эса унга: “Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсасини мен қандай ҳалол қиламан?” деб жавоб берди…

Агар бировга ифтиро қилинган бўлса, бу ҳолатда уч босқичли бир тавба қилиниши лозим:

1.Тавба этмоқ истаган киши ифтиро этаркан, сўзларини эшитган одамларнинг ёнига бориб, “мен сизнинг ёнингизда фалон кишига шундай–шундай дедим, бу сўзларим ёлғон эди” дейиши керак.
2.Тавба этмоқ истаган киши ифтиро қилган кишисига бориб, ундан кечирим сўраши, ҳалоллик олиши керак.
3.Ва Аллоҳдан авф тилаб, қилганига тавба этиши керак. Чунки ифтиро энг катта гуноҳдир. Шу боис, бошқа гуноҳлар учун битта тавба етарли бўлгани ҳолда, ифтиро учун уч босқичли бир тавба керак бўлмоқда.

Баъзиларга кўра, ғийбатниннг ғийбат бўлиши учун унинг муайян бир кишига йўналтирилиши лозим. Масалан, биттаси “фалонча шаҳарнинг халқи ҳасисдир, ёмондир” деса бу ғийбат бўлмайди. Чунки у шаҳарда яхшилар қатори, хасислар ҳам, ёмонлар ҳам бор. Аммо, энг яхшиси, бундай сўзларни ҳам сўйламасликдир.

Айтилишига кўра, зоҳидлардан бири бир куни хотинига газмол олди. Уйга келганида хотини унга “газмолчилар ёмон одамлар, бу газмолни сенга сотиб, алдашибди” деди. Зоҳид бу сабабли хотинини қўйиб юборди. Ундан нега бундай қилганини сўрашганда, зоҳид “мен қизғонч одамман, Қиёмат куни бутун газмол тужжорлари хотинимдан даъвочи бўлиб келишларидан қўрқиб, уни талоқ қилдим”, деб жавоб берди.

Фақат шу уч турли кишилар ҳақда гапирганлар ғийбат бўлмайди:

1.Золим давлат раҳбарлари.
2.Очиқ гуноҳ ишлаган гуноҳкорлар (фосиқлар).
3.Бидъатчилар.

Булар ҳақда гапирилар экан, уларнинг зеҳнияти ва ҳаракатлари айтилиши лозим. Аммо уларнинг вужудидаги бир қусур айтилса, бу ғийбатга киради.

Фақат уларнинг ёмонлигидан инсонларни огоҳлантириш ғийбат ҳисобланмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “ёмоннинг ёмонлигини тушунтиринг, ки инсонлар ундан эҳтиёт бўлсин” дея буюрган.

Ғийбат тўрт хилдир.

1.Куфр. Масалан, биттаси ўз биродарини ёмонлаётганда, иккинчиси унга “ғийбат этма” деганда у “бу сўзларим ғийбат эмас, тўғрисини айтаяпман” деса, бу Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсасини ҳалол ҳисоблаган бўлади ва Аллоҳ сақласин, кофир бўлиши мумкин.
2.Мунофиқлик. Масалан, исм айтмасдан битта ғийбат қилинади. Аммо уни тинглаётганлар гап ким ҳақда кетаётганини билишади. Ғийбатчи бу йўл билан гуноҳдан қутуламан деб ўйлайди.
3.Гуноҳ. Биттасининг исмини айтиб, ғийбат қилаётган одам бунинг гуноҳ эканини билади. Демак, у гуноҳкордир ва бу қилгани учун дарҳол тавба этиши керак.
4.Мубоҳ. Ҳатто савобдир. Масалан, очиқ гуноҳ ишлаган бир кимса ёки бидъатчи тўғрисида гапириб, уларнинг ёмонлиги ва зараридан огоҳлантирилади.

Отамнинг менга айтиб берганига кўра, мурсал бўлмаган, малак юборилмаган Набийлар (Пайғамбарлар) илоҳий буйруқларни тушида ёки баъзи саслар воситасида олишарди. Шундай Набийлардан бири қуйидагича бир туш кўрди: унга “эрталаб чиққан илк нарсани егин, иккинчи нарсани сақла, учинчи нарсани қабул эт, тўртинчи нарсани хафа этма, бешинчи нарсадан қоч, узоқ тур” дейилди.

Эрталаб, олдига чиққан юксак бир тоғ бўлди. Набий “бу қандай бўлди, Роббим буни ейишимни буюрди–ку” дея ҳайрон бўлди.

Аммо кейинроқ “Аллоҳ менга қила олмайдиганим нарсани амр этмас” деб, уни ейиш учун тоққа қараб юрди. Аммо тоққа қараб юргани сари, тоғ кичрайиб, ниҳоят, асал каби ширин бир луқмага айланди ва Набий уни еб, Аллоҳга ҳамд этди.

Яна озгина юрган эди, олдидан бир олтин тос чиқди. “Менга буни сақлаш буюрилди” деди Набий ва тосни бир қудуққа кўмди.

Яна илгари юра бошлади. Бир ерда тўхтаб, орқасига қаради. Не кўз билан кўрсинки, кўмилган тос яна ер юзига чиққанди.

Набий бориб, тосни қайтадан кўмди. Аммо тос яна ер юзига чиқди. Набий яна кўмди. Бу иш бир неча марта такрорланди. Сўнгра Набий “мен Роббимнинг айтганини бажо келтирдим” деб орқасига қайтмади.

У бир оз юрди. Бир қушга дуч келди. Қушни бир лочин қувлаётганди. Қуш Набийга “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, мени қутқар” деб ёлворди. Набий қушни олиб, яширди. Аммо лочин ҳам келиб, “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, қорним оч эди, эрталабдан бери бу қушни қувлаётгандим, тутишимга оз қолганди, мени ризқимдан айирма” деди.

Лочиннинг бу сўзлари қаршисида Набий нима қилишини билмай қолди. Ичидан “учратганим учинчи нарсани қабул этишим буюрилган эди, қабул этдим. Тўртинчи нарсани хафа қилмаслик амр этилди. Аммо бу тўртинчи нарса – лочин, уни нима қиламан?” деб ўйлаб қолди. Ўйлаб–ўйлаб, пичоғини чиқарди ва у билан ўз сонидан бир парча эт кесиб олди ва лочинга берди.

Лочин этни олиб, учиб кетди.

Кейин яширган қушни ҳам қўйиб юборди. Ва яна йўлда давом этди.

Йўлда бир ўлаксага дуч келди. У буйруқда “бешинчи нарсадан узоқлаш” дейилганига кўра, ўлаксадан тез узоқлашди.

Оқшом тушганда Набий “Ё Робби, менга буюурганларингни бажо келтирдим. Энди менга буларнинг моҳиятини айт” дея хитоб қилди.

Набийга тушида шундай дейилди:

“Илк қаршингга чиққан нарса жаҳлдир. У аввал тоғ кабидир. Аммо сабр этиб, уни босим остига олсанг, кичрайиб бол каби тотли бўлади.

Иккинчи учратган нарсанг – яхши амалдир. Уни нақадар яширсанг яшир, у барибир очиққа чиқади.

Учинчи нарсанинг маъноси шу: сенга омонат этилган нарсага хиёнат этмаслигинг керак.

Тўртинчи нарса: сендан биров бир нарса истаса, муҳтож бўлган нарсангни бериб бўлса ҳам, унинг истагини бажо келтириш лозим.

Бешинчи қаршилашганинг нарса – ғийбатдир. Бировлардан ғийбат этганлардан узоқ тур”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси