ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
(7)
Абуллайс Самарқандий ҳақида
Муфассир, муҳаддис, фокиҳ ва мутасаввуф бўлган Абуллайс Самарқандий ҳазратлари инсон сифатида муттақий илмига амал қилган буюк зот эди.
Абуллайс Самарқандий ҳазратлари ҳижрий 373(милодий 983) йилида вафот этди. Туғилган йили номаълум.
Қўлингиздаги бу китоб минг йилдан бери ислом оламида ўз қийматини йўқотмаган, юзлаб олимларга илҳом қайноғи бўлган ва мусулмонлар учун маёқ ролини ўйнашда давом этаётган бир баракатли, қутлуғ асардир.
Абулайс Самарқандий “илми билан омил” бўлган буюк олимдир.
“Танбеҳул ғофилийн” асари ҳам ахлоқ, ҳам шариат, ҳам тасаввуф ҳақида теран билгилар беради.
Қўлингиздаги китобнинг оригинал матни ҳижрий 1306 йилда Қоҳирада “Матбом хайрия” нашриётида босилган. “Танбеҳул ғофилийн”нинг арабча нашрларидаги китобларнинг ҳошияларида Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон-ул орифийн” асари битилгандир. Оллоҳ насиб қилса, уни ҳам ўзбекчага таржима қилиб, сизларга тақдим этамиз.
Муҳаммад Солиҳ
* * *
(давоми)
Қабр азоби
Саҳобийлардан Бароа бин Азиб (Оллоҳ ундан рози бўлсин) шундай баён қилади: “Пайғамбаримиз билан бирга ансордан биттасининг жанозасига боргандик. Қабристонга борганимизда ҳали ўлик мозорга қўйилмаганди.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) у ерда бир жойда ўтирди. Биз ҳам унинг атрофида тиз чўкиб ўтирдик. Бошимиз эгик, худди бошларимизга қуш қўнгандай эди.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) қўлидаги чўп билан ерни чизар экан, бирдан бошини кўтарди ва:
-Қабр азобидан Оллоҳга сиғинамиз, – деди у. Бу жумлани уч марта такрорлагандан сўнгра, шундай деди:
-Мўмин бир қул дунёдан айрилиб, Охират йўлчилигига чиқадиган пайтида унинг ёнига қуёш каби порлоқ бир неча малак инади. Бу малаклар ўз ёнида бир жаннат кафани ва жаннат атри келтиришади ва мўмин қулга рўбарў ўтиришади. Улардан кейин ўлим малаги келади. У мўмин қулнинг бош учида ўтиради. Ва дейди: “Эй, мутмаин нафс, Оллоҳнинг мағфират ва ризосига қараб йўлга чиқ!”.
Азроил буни айтар-айтмас, мўмин қулнинг руҳи чиқади. Тўғрироғи руҳ мешдан сув сизиб чиққан каби чиқади.
Чиққан руҳни малаклар Азроилнинг чўлидан дарҳол олиб, хушбўй атир суртилган кафанга жойлаштирадилар. Руҳ бу кафанга кирганда атрофга мушк ҳиди каби хушбўй ҳидлар таралади. Кейин малаклар руҳни олиб, юксакларга учадилар. Уларга йўлда дуч келган бир малак гуруҳи “бу гўзал руҳ кимники?” деб сўрашади. Руҳни ташиган малаклар у мўмин қулни энг гўзал исмлар билан танитиб, “бу руҳ фалон ўғли фалончидир”, деб жавоб беришади.
Шундай қилиб, уни дунё самосига етказадилар. У ерга борганда, эшикнинг очилишини истайдилар. Дарҳол эшиклар очилади. Кўкнинг ҳар қатида бир руҳни ўша қатнинг мукарраб малаклари кутиб олади ва навбатдаги қатга кузатиб қоладилар.
Ниҳоят, мўмин руҳни еттинчи қатга чиқаришганда, Оллоҳу Таоло шундай дейди: “Унинг ёзувини Иллийинда қайд этиб, кейин уни такрор ер юзига олиб тушинг. Чунки мен инсонларни тупроқдан яратдим. Уларни яна ерга қайтараман ва яна ердан чиқариб, тирилтираман”.
Оллоҳу Таолонинг бу амрига кўра, мўмин қулнинг руҳи такрор эски вужудига қўйилади. Сўнгра икки малак ундан “Роббинг ким?”, деб сўрайдилар. Мўмин қул “Роббим Оллоҳдир”, дейди. Сўнгра малаклар “Дининг надир?” деб сўрайдилар. “Диним ислом”, деб жавоб беради мўмин қул.
Кейин малаклар “сизга элчи юборилган шу одам ҳақида нима дейсан?”, деб сўрашади. Мўмин қул “Бу одам Оллоҳнинг Расулидир”, деб жавоб беради. “Шундай эканини қаердан биласан?”, деб сўрашади малаклар. Мўмин қул уларга “Оллоҳнинг китоби Қуръонни ўқидим, бу китобга инондим, унинг ичидаги билгиларни тасдиқ этдим”, деб жавоб беради.
Шунда бир овоз келади: “Қулим тўғри айтди. Унинг тагига бир жаннат тўшаги тўшанг, устига бир жаннат либоси кийдиринг ва қабрига жаннатга қаратилиб очилган бир эшик очинг, ки жаннатнинг гўзал ҳидларини ҳидлаябилсин”.
Шунда мўмин қулнинг қабри унинг нигоҳи қамрай олган масофагача кенгаяди.
Ва унинг ёнига хушбўй ҳид таратган, хушрўй бир одам келиб, “сени севинтиражак ҳар нарсага соҳиб бўлажагингни сенга муждалайман”, дейди.
Мўмин қул ундан “сен кимсан?” деб сўрайди. “Мен сенинг солиҳ амалингман”, дейди у киши.
Буларни кўрган мўмин қул “Ё, Раббим, Қиёмат кунини тезроқ келтирки, оиламга ва дўстларимга қовушайин”, дея дуо этади.
(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси