O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қадимий тарихимизни ўзиники қилиб олишга уринаётган фалсификаторларга

Қадимий тарихимизни ўзиники қилиб олишга уринаётган фалсификаторларга
158 views
22 July 2019 - 10:08

БИЗНИНГ ҚАДИМИЙ ТАРИХИМИЗНИ ЎЗИНИКИ ҚИЛИБ ОЛИШГА УРИНАЁТГАН БАЪЗИ ФАЛСИФИКАТОРЛАРГА ТИЛ УЧИДА ТУРГАН СЎЗЛАРИМИЗ

Кейинги пайтларда “Тошкент қозоқларники”, “Самарқанд, Бухоро тарихдан Тожикистон ерлари бўлган” деган қарашлар кучайиб кетди ва сабр-тоқат қилишимизга қарамасдан баъзи сохта тарихчилар ура-урага берилиб кетдилар. Биз тарихчи сифатида мана шу фикрларга ўзимизнинг фикр-мулоҳазаларимизни билдириб қўйишликни лозим топдик.

Баъзи бир олимликдан йироқ, ҳиссиётларга берилган тарихчиларнинг фикрига кўра, “Тошкент қозоқларга қарашли ва у қозоқларники бўлиши керак”. Бир ўйлаб кўрайлик: Тошкентнинг тарихи неча минг йилликларга бориб тақалади? Қозоқ хонлигининг тарихи 550 йиллик тарихга эга деб санасак ва уларнинг кўчманчи чорвадор эканлигини инобатга олсак, улар ўтроқ ҳаёт кечирмаганлар, ўзларининг яшаш манзилларини ўзгартириб турганлар. Шунинг учун ҳам Самарқанд, Бухоро каби кўхна ўтроқ маданий марказлар уларда камдан-кам учраши мумкин. Фақат тарихий-сиёсий воқеалар уларни мана шу ҳудудларга силжишига сабабчи бўлган. Қозоқ халқи асосан кўчманчи бўлгани туфайли чўл ва дашт ҳудудларида яшаб умргузаронлик қилиб келганлар. Тошкентда қозоқ тили ва маданиятига оид қайси асарлар яратилибди-ки, Тошкент қозоқларники бўлса?! Баъзи бир сохта тарихчилар қачонгача фалсифкация ва бир халқни бошқалардан устун қўядиган буюк тарихчилик билан шуғулланадилар?!

Бу каби сохта уйдирма тарихлар аслида бугунги Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига раҳна солади. Улар Тошкент беклигини “Ташкентское ханства” деб ҳам фалсификация қиладилар. Аҳмад Яссавий асарининг тили қайси тил эди? У ўз асарини қозоқ тилида ёзганмиди? Ўтрор, Исфижоб, Туркистон ва бошқа шаҳарлар азалдан ўтроқ ўзбеклар макони бўлиб, ижтимоий-сиёсий тарихимизнинг бир қисми ҳисобланади. Афсуски, Сталин бошлиқ советларнинг миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказиши сабабли мана шу кўргуликлар бошимизга тушган. Аслида қозоқ, қирғиз, туркман ва ўзбекларни бир-биридан ажратиб бўладими?

Улар қавм-қариндош, азалий қон-қардошлик ришталари билан боғланган элнинг ўртасига бу каби иғвою фасодлар тарқатиш кимларнинг фойдасига ишлаши мумкин?! Бу ҳам халқлар ўртасига низо солишнинг бир усули эмасмикан?! Биз Қозоғистонни ҳамкор ва келажаги буюк давлат сифатида кўрамиз, лекин уларнинг баъзи тарихчиларининг бизнинг миллий суверинтетга тегадиган гапларини аслида тушуна олмай қолмоқдамиз.

Ҳар икки давлат раҳбарларимиз нималар ҳақида дўстона келишувлар қилмоқдалар, икки халқларнинг қон-қариндош эканлигини ҳар доим таъкидлаб келаяптилар-у, бошқалар мана шу ҳамкорликка соя солмоқдалар. Бизнинг ҳам “фалон-фалон ҳудудлар бизники” деб чиқишимизга тарихий далил ва асосларимиз жуда кўп. Биз суверенитет қоидаларига асосан, азбаройи бошқаларни ҳурмат қилганимиз туфайли бу масалаларни кўтармаяпмиз. Бошқаларни ҳурмат қилишни қачон Ўрта Осиё тарихчилари ўрганадалар?

Аслида Самарқанд ва Бухоро туркий халқларнинг азалий масканидир. Халқаро расмий ёзувлар ва давлат бошқарув ишлари форс тилида юритилгани учун форс тилини ўрганган икки тилли туркий халқлар ҳам тожикка чиқариб қўйилмоқда. Ҳозир ўзбеклар Ўрта Осиёда неча нуфузни ташкил этади, тожиклар-чи? Қайси бири кўп ва узоқ тарихга эга?! Бобур ҳам форс тилини яхши билган, аммо у туркий зотлардан эди, манғитлардан бўлган Амир Олимхон ҳам форс тилида иш олиб борган. Худдики совет даврида рус тилида давлат ишлари олиб борилгани каби ҳужжатларга қараб келажак авлод “бу ерларда руслар яшаган” деган фикрларни илгари суриши керакми? Замон тақозосига кўра, халқаро муносабатларда ёзув-чизув ишлари форс тилида олиб борилган бўлса (у айнан тожик тили билан бир хил эмас!) бу давлат форсларники бўлиб қоладими?! Ҳозир инглиз тилида олиб борсак кейинги авлодлар тарихида инглизлар бу тарихга соҳиб чиқишлари керакми? Рус тилида сўзлашувчи ўзбекларни ҳам руслар руслар деб даъво қилиши керакми?! Рус босқинига қадар қозоқ ерларининг катта қисми Қўқон хонлигига қарашли бўлган.

Ундан олдин Хоразмшоҳлар, Амир Темур, хонликлар даврида ҳам худди шундай бўлган. Шу сулолаларнинг қайси бири тожик ёки қозоқ миллатига мансуб эди? Буюк Амир Темур Евроосиёни бирлаштирган улуғ зот эди ва унга Византиядек шон-шавкатга бурканган давлат ҳам вассал ҳисобланарди. Европани ва русларни душманлар қутқусидан қутқарган эди. Агар бошқаларда шундай тарих бўлган тақдирда бутун Евроосиё ҳудудларига даъво қилиб чиқарнканлар-да?!

Исмоил Сомонийни айтасизми? Уларнинг авлодлари туркийлигини тарихий далиллар ва фактлар исбот этади. Бошқаларнинг цивилизацияси тарихига ҳасад қилмасдан ҳавас қилиш, ҳақиқатни тан олиш йўлидан борган одам ютади. Ўрта Осиё тарихида ўзбеклар ўзига хос ўрин тутади. Ўзларининг маданияти, тарихий хизматлари, маънавияти, қадриятлари, инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссалари билан бутун дунёда эътироф этилади. Бугун бизнинг тарихимиз, маънавиятимизга ҳужум уюштирилмоқда. Бу шароитда тарихчи олимларимиз турли тилларда асослантирилган мақолалар ёзиб интернет сайтларига турли тилларда жойлаштиришлари керакка ўхшайди. “Бу борада ЎЗФА Шарқшунослик ва Тарих институти олимлари катта ишлар олиб боришлари керак” деб ҳисоблаймиз.

Шоҳиста Ўлжаева