Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН
ҚАЙРОҚЧИ КИЗ
Лол қотганман ошуфта ҳолда
Лекин, мени илмасдан кўзга,
Рақс этади у тирбанд залда
Ҳеч ким йўқдек ўзидан ўзга.
Ҳасратларим яна тирилар,
Бедардлигим қочади йироқ.
Кулиб ҳолимга гоҳ қиқирлар,
Қаҳқаҳ урар гоҳида қайроқ.
Қайроқ билан тенг титрар бу қалб,
Энди унга ҳаловат ётдир…
Тош бағрини қўлига олиб,
Чулдиратиб сайратаётир.