O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қайтиш

Қайтиш
227 views
14 July 2017 - 6:00

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

ҚАЙТИШ

Бундан етти-саккиз йил муқаддам мен латвиялик шоир дўстим Улдис Берзиншни Хоразмга олиб борган эдим. У туркшунос бўлгани учун, уни ўзбек адабиётигина эмас, халқимизнинг туриш-турмуши, ўтмишга муносабати ҳам қизиқтарар эди.

Хивага бораётиб, йўл-йўлакай Огоҳий мозорини ҳам зиёрат қилмоқчи бўлди. Мен Хоразмдан бўлатуриб, илтимоси қаршисида ожиз қолдим. Мен унга бу улуғ шоирнинг қабри қаердалигини биладиган одам жуда кам, деб айтолмадим. Ҳазил билан қутулмоқчи бўлдим:

“Бизда улуғ шоирлар шу қадар кўп-ки, агар ҳар бирига алоҳида мармар лавҳа қўядиган бўлсак, нафақат жумҳуриятимиздаги мармар конлари, ҳатто уни қўйишга ер ҳам етмаган бўларди. Чунки, ерни пахтадан бўшатиб шоирлар хотираси учун қурбон қиладиган мард бизда йўқ”, дедим. Бу аччиқ ҳазил эди.

Аслида, ҳатто ўзбекдай иқтидорли халқда ҳам буюк шоирлар йўлда сочилиб ётадиган даражада кўп эмас. Уларнинг хотирасини даҳрийларча унутиш даражасида истеъдодга бойиб кетганимиз йўқ.

Усмон Носир ҳам унутиш мумкин бўлмаган шоирлардан эди. У йигирма тўрт ёшда – деярли бола – ўз ижодини сарҳисоб қилиб кетди. Деярли ўсмир, у фавқулодда шуҳрат қозонди.

Замондошларининг айтишича, ёзувчилар 25 йиллигини нишонламоқчи ҳам бўлишган эканлар. Усмон Носир адабиётда ўзини улкан шоирдай сезган, чунки улкан шоир эди.

У Абдулҳамид Чўлпон каби улуғ шахсга баҳо бериб, “Бу одам буюк шоир, аммо, афсуски, қарияпти”, дейди. Унинг бу сўзларида улуғ шоирга чуқур ҳурмат билан бирга ўзини паст кўрмасликка интилиш ҳисси сезилиб турибди. Чўлпон билан ёнма-ён туриб, ўзига ишона оладиган шоирлар кам эди, аммо Усмон Носир шундай шоирлардан эди.

Ўнинчи йиллар шеърияти, яъни, инқилобни кўтара олмаган, аммо уни ўз ғоялари билан ботинан тайёрлаган жадидлар шеърияти адабиётимизда чуқур из қолдирди. Усмон Носир шеърларини ўқир эканмиз, унда Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон шеърияти таъсирини сезмаслик мумкин эмас. Лекин, бари бир, Усмон Носир янги давр шоири эди. У зулматдан учиб чиққан бир қуш каби дафъатан пайдо бўлди.

Аммо, у ўзини яна зулматга учиб бораётганини умрининг охиригача сезмади. “Халқлар отаси” деб ном олган Сталин, инқилобнинг 20 йиллигига ўзига хос армуғон билан келди.

Яъни, бу тўй шарафига мамлакатимизнинг гуллари саналмиш зиёлилари қурбонлик келтирди. Чақимчилар, сотқинлар байрам дастурхони атрофида гирдикапалак бўла бошладилар. Қассоблар ўз пичоқларини қайраб, буйруқни адо этишга уннадилар. Ўттиз еттинчи йил – Сталин қирғинининг чошгоҳи яқинлашиб келарди. Чўлпон “миллатчи” сифатида биринчилар қаторида ўлимга маҳкум этилиши муқаррар эди.

Абдулла Қодирий ҳам шундай: Фитрат ҳам бундан мустасно эмас эди. Усмон Носир-чи? Наҳотки, у ҳам миллатчи бўлса? Йигирма тўрт ёшда-я? Тўғри, ёш. Аммо истеъдодли. Унинг шеърларини одамлар ёддан билардилар. Лермонтовнинг “Демон” поэмасини таржима қилган. Шоир ўз тилини, ўз маданиятини севади. Ўз халқининг тарихи билан фахрланади. Бундай одам миллатчи бўлмаслиги мумкин эмас…

Репрессия (қирғин) бошқармасининг фикри шундай эди. Усмон Носир машъум “бошқарма” шаҳидлари орасида энг ёш шаҳид эди.

Усмон Носирнинг ўз ватанига қайтиш муддати узоқ давом этди. Мана, ниҳоят, у бутунлай қайтиб келди.

Хуш келибсиз, Ватанингизга, Шоир!

1988

(29)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (147-148-саҳифалар.)

(давоми бор)