O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қай бирининг гапига ишонайлик биз шўрлик халқ?!

Қай бирининг гапига ишонайлик биз шўрлик халқ?!
328 views
04 July 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(58-қисм)

Бу бобда мавзу талабига кўра кўчирма кўпайиб кетди, узр сўрайман. Мақсадим ўқувчининг миясини ачитиш эмас, расмий матбуотимизнинг рангини-тусини кўплашиб-биргалашиб аниқлаш эди, холос. Сизларда ҳам бир фикр туғилгандир, ахир?! Яъни, бугун Ўзбекистонда “сариқ матбуот” сариқми, “жиддий матбуот” сариқми?

Тағин ҳам бор-йўғи битта газетнинг нари борса беш-олти сонини варақлаб кўрдик, ҳар бир сондан иккита-учта мақоладан парча келтирдик. Тасаввур қилинг: Ўзбекистоннинг ҳар тонги шу гаплар билан отади, ҳар куни шу гаплар ила кечади, ҳар туни шу каби аллалар оғушида уйқуга толади!

Олдинига чўчқа терисидан ўттиз милён қалпоқ тиктирилди – уни халқимизнинг ўзи бичди, ўзи тикди. Сўнгра аҳолининг боши тақир қилинди – буни ҳам чеккадан биров келиб қилмади, ватандошлар ўзи Бош Сартарош кузатуви остида бир-бирининг сочини қирди. Ундан кейин ҳар ким ўзи у қалпоқни бошига сириб тортди ва… мана,  йигирма йилдан бери ёзма, босма, сўзлама, кўрсатма ахборот воситалари мияларимизни шунақа пуч гаплар билан эмлайвериб-эмлайвериб, охири қип-қизил манқурт бўлдик-қолдик.

Локин… Локин бошқача гаплар ҳам бор. Онда-сонда танқид ҳам бўлиб туради. Хато ва камчиликлар қийғос-қийғос очиб турилади. Фақат, бу ишни ОАВ эмас, биронта бошқа одам эмас, шахсан президентнинг ўзи қилади. Чунки танқид қилиш ҳуқуқи ва ваколати бизнинг “демократик давлат”да фақат Бир Кишига берилган. Мана, ўшандай танқидлардан биттаси:

“Халқ сўзи” газетининг 2011 йил 1 декабир пайшанба (233-) сони биринчи ва иккинчи бети деярли тўласича президент Ислом Каримовнинг Қашқадарё вилояти кенгашининг сессиясида сўзлаган нутқи баёнини босган. Нимага нутқнинг ўзини тўлиғича эмас, қисқартирилган баёнини босгани тўғрисидаги тахминларимизни ўрни келганида этакроқда айтамиз. Ҳозирча ўша нутқ ва баёнидан айрим парчалар келтирамиз:

“Агарки ўзимиз ўз ишимизга танқидий баҳо бермасак, ҳеч ким четдан келиб бу ишни биз учун қилиб бермайди. Бағрикенг, ўз кучига ишонган одамларгина ўзининг ишига тўғри баҳо бериш, камчиликларни мардона тан олиб, уларни тузатишга қодир бўлади.

Шу нуқтаи назардан қараб, вилоятда амалга оширилган ишларга холисона баҳо берар эканмиз… охирги йилларда… иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш суръатлари пасайиб бораётганига эътибор беришимиз зарур. Хусусан, қишлоқ хўжалигини оладиган бўлсак, ислоҳотларни амалга ошириш, соҳани модернизация қилиш ва унга замонавий технологияларни жалб қилиш масалаларида жиддий камчиликлар мавжудлиги яққол кузатилмоқда. Жорий йилда ўтган йилга нисбатан 32 минг тонна пахта, 164 минг тонна ғалла кам етиштирилгани бу борадаги ана шундай оқсоқликка мисол бўла олади. Пахтачиликда 5 та туман ва 950 дан ортиқ фермер хўжалиги ёки жами фермер хўжаликларининг 19 фоизи шартнома мажбуриятларини бажармагани туфайли 18 минг тоннадан кўпроқ пахта хом ашёси етказиб берилмади. Пахта ҳосилдорлиги эса 8 та туманда ўтган йилга нисбатан ўртача 2 центнергача камайиб кетди. Ғалла бўйича ҳам шундай аҳволни кўриш мумкин. Яъни, 270 та фермер хўжалиги томонидан шартномада белгиланганидан 10 минг тонна дон кам етказиб берилган”.

“Авваламбор, вилоятда селекция ва уруғчилик ишларининг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, навларни тўғри танлаш ва жойлаштиришдаги камчиликлар, мавжуд техника паркининг эскиргани, агротехника тадбирларини қўпол бузиш ҳолатлари шундай салбий оқибатларга олиб келаётганига эътибор қаратилди…”

“Маълумки, 2008 йилда вилоятда… Бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институти ташкил қилинган эди. Бугунга қадар бу институтда 16 мингдан ортиқ турли нав ва линиялар синовдан ўтказилган бўлса-да, ҳали ишлаб чиқаришдан ўз ўрнини топган навлар йўқ, бир сўз билан айтганда, аниқ натижа кўринмаяпти. Бу ердаги ишлар пала-партиш ташкил этилиб, институт фаолиятида мантиқ ва мазмуннинг етарли эмаслиги тобора ўз исботини топмоқда…”

“Вилоятда саноат тармоқларини барқарор ривожлантиришга етарли эътибор берилмаётгани, режалаштирилган лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилмаётгани, мавжуд салоҳият ва қувватлардан самарали фойдаланилмаётгани ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда.

Биринчидан, вилоятда ўтган йили саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 2009 йилга нисбатан пасайиб, 96.8 фоизга тушиб қолган… Бугунги кунда вилоятда зарар кўриб ишлаётган корхоналар сони 9 тага етиб, умумий зарар миқдори1.2 миллиард сўмни ташкил этаётган бўлса, бундай мураккаб аҳволни тузатиш учун зарур амалий чоралар кўрилмаяпти.

Иккинчидан, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни диверсификация қилиш,  яъни уларнинг турини кенгайтириш ва рақобатдош (“рақобатбардош”, “рақобатга чидамли” дейилмоқчи шекилли. – Н.М.Р.) маҳсулотни кўпайтириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътиборингизни қаратишни истардим… Бу борада муҳим ўрин тутиши лозим бўлган маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Вилоятдаги мавжуд 2 минг 821 та корхонадан фақат 7 таси ана шундай маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда.

Ҳар йили мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтадиган Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси доирасида яратилган имкониятлардан кенг ва самарали фойдаланилмаяпти… Ўз-ўзидан савол туғилади: вилоят раҳбарларининг бундан хабари борми ёки йўқми?

Учинчидан, саноатнинг қайта ишлаш тармоғи ҳам эътибордан четда қолмоқда… (Мисоллар келтирилган. – Н.М.Р.)

Тўртинчидан, …туманларда ноозиқ-овқат истеъмол моллари ишлаб чиқаришда деярли ўзгариш сезилмаяпти… Агарки бу масалани туманлар мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, аҳвол янада ачинарли эканига гувоҳ бўламиз…

Яна бир жиддий камчилик… маҳаллий ҳокимликлар томонидан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга етарли эътибор берилмаяпти…”

“Ўтган ўқув йилида вилоятдаги коллежларни битирган ёшларнинг 96 фоизи ишга жойлаштирилгани эътиборга лойиқ, албатта. Аммо 1 минг 516 нафар ёш битирувчи иш билан таъминланмасдан қолгани жойларда ҳалигача биз учун ўта муҳим бўлган бу масалага етарлича аҳамият қаратилмаётганидан далолат бермоқда…”

“Лекин ана шу ўта муҳим масалада (гап намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш борасида кетяпти. – Н.М.Р.) масъулиятсизлик ва пала-партиш ёндашувлар кўзга ташланаётгани жойлардаги кўпчилик раҳбарлар бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятини ҳанузга чуқур англаб етмаганини кўрсатади…

Бунинг устига, қурилишни амалга ошириш учун пудратчи ташкилотларни танлашда ҳам жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда…

Юқорида кўрсатилган қўпол хато ва камчиликларни, биринчи навбатда, шу соҳаларга масъул бўлган раҳбар ва ходимларнинг ишга совуққонлик билан қараши, энг муҳими, бутун Ўзбекистон бўйича кенг ривож топаётган бундай лойиҳаларнинг аҳамиятини, нақадар долзарблигини тушунишга ақли етмаганининг натижаси деб қабул қилиш керак. Авваламбор, катта келажаги бор бундай ишларни обрўсизлантириш ҳаракатларига йўл қўйишни чидаб бўлмайдиган ҳолат, деб баҳолайман… Бу масала бўйича Бош прокуратура томонидан махсус комиссия тузиб, вилоятдаги аҳволни чуқур ўрганиш, масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбарларни қонуний жавобгарликка тортиш зарур, деб таъкидлади Президентимиз.

“…бу борадаги амалий ҳаракатлар кейинги вақтда янги босқичга кўтарилиш ўрнига, сусайиб бораётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди”.

“Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар ҳақида яна кўп гапириш мумкин, ўйлайманки, бу залда ўтирган фаолларимиз ҳам мавжуд оқсоқликлар ва уларнинг сабаблари ҳақида яна қўшимча мисоллар келтириши қийин эмас…”

“Сессияда ташкилий масала кўрилди. Н.Зайниев Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди”.

Шундай қилиб, мурод-мақсадга етилди…

Энди бу кўчирмаларнинг қисқача шарҳига ўтамиз.

Президентнинг охирги гапига суянсак, демак, “камчилик ва нуқсонлар ҳақида яна кўп гапириш мумкин”. Бу дегани, мамлакатнинг катта бир вилоятида сессияда айтилмаган яна қанчадан-қанча камчилик ва хатоликлар бор. Бундай ҳолда мантиқ не дейди?

1. Президент вилоят ҳокимларини ишдан олишда ҳар гал у вилоятдаги хато ва камчиликларни авра-астарини ағдариб-очиб ташлайди. Натижалар нуқул салбий экан деган таассурот қолади одамда. Ижобий натижа кўп бўлганида ҳокимни алмаштириш мантиққа тўғри келмас эди-да. Ишдан олиндими, демак, вилоят деярли ўтириб қолган. Мамлакатда эса ҳокими салбий баҳо билан ишдан олинмаган вилоят йўқ ҳисоби. Бу нарса нимани билдиради? Демак, ҳамма вилоятда иш чатоқ. “Ҳамма вилоят” дегани бутун бир мамлакат ‒ Ўзбекистон деганидир! Ўзбекистоннинг ҳокими ким? Мамлакат ўтириб қолган бўлса, нимага у жавоб бермаяпти?! Уни ким ишдан олиб ташлайди?! Унинг хатоларини ким кўрсатади?! ОАВга қулоқ солсангиз, мамлакатда ҳаммаси яхши! Зўр кетяпти! Дунё лол! Президентнинг ўзи ҳам республикани ҳеч ёмонламайди ‒ ҳаммаёқ гўзал, нақ жаннат! Вилоятга чиққанида эса у ердаги камчиликларни санайвериб жазаваси қўзиб кетади. Тушуниб бўлмайди. Бу бошқотирмани ечаман деб мия ишдан чиқиб қолиши ҳеч гап эмас. Президентнинг вилоятлардаги сўзи ёлғонми, Тошкентдаги сўзи ёлғонми? Ёки масалани бундай қўямиз: президентнинг ҳар бир вилоятга чиққанидаги сўзи тўғри бўлса, ОАВнинг сўзи ёлғон, ОАВ тўғри гапираётган бўлса, президент ёлғончи ‒ қай бирининг гапига ишонайлик биз шўрлик халқ?!

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com