O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қанисиз ЭРКчилар, Солиҳчилар, Орифчилар, азиз Ватандошларимиз!

Миллатни гадой, фоҳиша, қул қилган, Ер курраси бўйлаб тентиратган, ўлигини қузғунларга ем қилган Мустақилликни орзулаганмидик?

Қанисиз ЭРКчилар, Солиҳчилар, Орифчилар, азиз Ватандошларимиз!
222 views
11 November 2012 - 11:42

Бундай “мустақиллик” кимга керак эди?..

Миллатни гадой, фоҳиша, қул қилган, Ер курраси бўйлаб тентиратган, ўлигини қузғунларга ем қилган Мустақилликни орзулаганмидик?

Қайдан ҳам бу Президент «қуллик занжирларини парчалади-я!»  Ҳа, бу киши қуллик занжирларини парчалаб, миллатни озодликка олиб чиққан эмиш. Эзилган, хўрланган, ишончлари армонга айланган халқимиз бугун ҳаммасини кўриб-билиб турибди…

Ўзбекнинг казо-казо шоирлари-ю, олимлари, диний арбоблари телевизорлардан чиқиб маъқуллаб, даъват қилиб тургач, оддий халқ ишонди, умид қилди. Лекин “Совет меҳробидан чиққан чаёнлар”га ишонмаганлар ҳам кўп эди.  Чунки бу диктатор, ўша, 1988-90 йилларда тиш-тирноғи билан мустақилликка қарши бўлиб, сохта референдумлар ўтказганини кўрган, гувоҳ бўлган, Муҳаммад Солиҳ сайловда 90 фоиз овоз олган жойларда бюллетенларни сохталаштирган, бу хиёнатнинг бошида турганлар, охирида пушаймонга ботганлар, кечикиб бўлса-да, тавбага қайтганлар ҳозир ҳам орамизда, ҳаётлар. Кўплари ҳаж ибодатларини қилиб, кексаликларини ибодат-у, дуода ўтказмоқдалар. Аллоҳнинг яхши кунларини кўришдан умидворлар.

Мен ўзим ҳам бу мунофиққа ён босганман. Шоирнинг ҳали бироз ёшлиги бор деганман,  иқтисодчи мамлакатни бойитар, боскинчилардан ҳаққимизни ундириб олар, миллий қадриятларимизга доир асори-атиқаларни юртга қайтарар ва ҳ.к. деб умид қилибман, мен хом сут эмган банда.

Эй Муҳаммад Солиҳ, дўстим. Сизнинг йўлингиз, сўзингиз ўша вақтда ҳам Ҳақ Сўз ва Ҳақ Йўл эканини билардик, лекин ғафлатда қолдик. Ҳа, мен ва бизлар қаттиқ адашганимизни билдик, лекин кеч эди. Бу мустабид золим  яхшиларни бир-бир йўқ қилиб, атрофига бир гала сув юқмасларни, пешоби ер тешмасларни тўплади.

Диктаторимизнинг ОАВ ва Телерадиокомпанияси 20 йилки, “қуллик занжирларини парчалаган Президентини” мадҳ қилишдан бўшамайди. Эртадан кечгача, кечдан эрталабгача шу гап. На фақат матбуотнинг, ёппасига алжирашдан мамлакатнинг ҳам томи кетиб бўлди. Бир гала “оппозиция” отли шўрликларнинг азалдан на биноси, на томи бор эди. “Президентимиз ташаббуслари билан...” деб бошланувчи жаннатдан ахборотлар саратон касаллигини қўзғатувчи вирусларга айланиб, халқнинг ёстиғини қуритмоқда.

Энди буниси камлик қилгандай, отасига ёрдамчи, “ТАШАББУСКОР-2”–Гулнора хоним пайдо бўлдилар. Бу хоним мисоли бир сеҳргар, ибн Хаттобми дейсиз. Бир қарасангиз ярим ялонғоч артист, бир қарасангиз олим, бир қарасангиз файласуф, бир қарасангиз давлат арбоби, бир қарасангиз болалар етакчиси…

Бу жодугар давлат ғазнаси ва халқнинг пешана терини елга совуриб, турли масхарабоз тадбирларни ўтказиш, ўйин-кулгидан бўшамайди-ю, президентликка давогар?!

“Асрлар садоси” номли яна бир масхарабозлик  томошалари борки,  мамлакатда ишнинг қайнаган палласи ҳафталаб атрофида амалдор-у, хушомадгўйлари сарсон. Халқ тентираган. Алмойи-алжойи модалари намойиши, дорбоз-у, масхарабозлар томошаси, кўпкари, от пойгаси, қўчқор уриш-у, ит уриштиришлар, ер тепар ўйинларнинг оти асрлардан келган садо эмиш…

Ҳамма гапни қўйинг-да, қирқ ёшдан ўтиб, “бобосидан қолган тил”да тил чиқаришни хоҳлаб қолган бу сеҳргар  хонимнинг домла-имомлар ҳузурида маъруза ўқиганларига қоил қолаверинг. Нима бўпти, бўлажак президент отасига ўхшаб гапини “Аллоҳ қалбимизда”дан бошлаган бўлса.  Шайтони лаин ҳам ўқирди Қуръони каримни, аммо у мўминларнинг душмани эди.

Бу келаётган офатдан, шайтанатдан халқимизни, она Ватанимизни Аллоҳнинг ўзи асрасин.

Муҳожиротдагилар, ҳижратдаги ватанпарварлар, ҳақсизликка тоқат қилгандан кўра ғайри элда гадо бўлганим яхши деб, ватандан бош олиб кетган азизлар, она Ватанга қайтингиз.

Барчамиз бир тан-у, бир жон бўлиб бирлашайлик, Ватан учун курашайлик, ҳаётимиздан бир кунимиз, бир соатимиз қолган бўлса ҳам озод нафас олайлик!

Биз сизни соғиндик, ўз уйингизга ўзингиз эгалик қилиш вақти етмадими, азиз ватандошлар?

Салом билан кўпчиликнинг хоҳишини оққа кўчирувчи,
Муҳаммад Қодир АБДУЛАТИФ ўғли