Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(23-қисм)
Кичик хулоса
Қарашлар хилма-хиллиги (ихтилоф)нинг зарардан фойдаси кўп.
Айримлари булардир:
1. Инсон боласини бир-бирига жозибали, чиройли қилиб туради. Илк Одамдан (у зотга салом бўлсин) то қиёмат қўпгунига қадар келадиган охирги боласигача биронтасининг бармоқ изи иккинчисиникига ўхшамагани каби, фикри ҳам сира айнан ўхшамаслигини кўрсатади.
2. Изланишлар (ижтиҳод)га кенг йўл очади, илм-маърифат уфқини кенгайтириб юборади, жамиятни юксалтиради.
3. Одамни бир фикр теварагида қотиб қолишдан, бир фикрнинг зуғумидан асрайди.
4. Ҳуқуқ ва бурч ўлчовларини ўртага қўяроқ одамнинг, айниқса, қўлига озми-кўпми устунлик берилган одамнинг нафсини ҳакалак отиб кетишдан сақлайди.
5. Яшашни осонлаштиради, битта томонга битта йўлдан боришдек тиқилинчлик ва қийинчиликни кетказиб, дунёдай кенгликларга ёйиб юборади.
6. Ва ниҳоят, ҳар бир одам мустақил бир шахс, мустақил бир инсон эканини урғулайди.
“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни (ва ўзларингни) билишларингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик…” (Ҳужурот сураси 13) ояти ҳикматан ва ўрни билан қарашлар хилма-хиллигига ҳам ишора этади.
Чунки қабила ва халқлар хилма-хиллиги фақат тан ранги билан белгиланмайди, балки сўзлаш, фикрлаш, дунёни ақлий-ҳиссий қабул қилиш тарзлари ҳам турлилигини билдиради. Бундан, бир-бирлари билан тўплам бўлиб, аҳил-иноқ яшашлари учун ҳам кишиларнинг дунёқарашлари турлича қилиб яратилган, деган хулосани-да чиқарса бўлади.
Бақара сурасининг 251-: “Агар Оллоҳ айрим (одам)ларни айримлари билан дафъ қилиб турмаса эди, ер юзи бузиларди” ояти ҳам бизга ер юзи бузилмаслиги учун қарама-қаршилик зарур эканини уқдирмоқда.
Оятнинг бу бўлагини “Тафсири ҳилол”: “…кофирларни мўминлар билан дафъ қилиб турмаса, мўминларни кофирлар устидан ғолиб қилмаса, кофирлар ер юзини фасодга тўлғазиб юборадилар”, деб тушунтиради.
Қиёсдан фойдаланиб, “кофир” ўрнида ҳар қандай ёмон, бузғунчи кимсаларни ҳам назарда тутсак, уларни яхшилар доим танқид қилиб, тўғри йўлга солиб туриш билан ёмонликларини даф қилишлари лозим деган маъно ҳам чиқади.
Танқид эса қарашлар қарама-қаршилигидан туғилади. Пайғамбаримиздан (у зотга салом ва салотлар бўлсин): “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” (“Умматим қарашлари хилма-хиллиги яхшиликкадир”), деган бир ҳадис ривоят қилинади. Айримлар уни ривоят қилувчилари (санади) заиф дейди, айримлар, амални яхшилаш учун ундан фойдаланса бўлади, дейди.
Замонамизнинг улуғ олими шайх Юсуф Қарозовий ҳам бу ҳақда махсус бир мақола ёзиб, уни “Ихтилоф раҳматдир” деб номлаган ва: «Ихтилоф (ҳархиллик) ихтиёрдан ташқари ҳолат бўлиши билан бирга, уммат учун раҳмат, кенглик ҳамдир. Бу тўғрида тилларда машҳур, лекин санади маълум бўлмаган ҳадис ҳам бор. Шундай бўлса-да, мен бу ҳадис маъносини тўғри деб биламан. Бу Суютий “ал-Жомеъ ас-сағир”да Пайғамбардан (у зотга салом бўлсин) ривоят қилган “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” ҳадисидир», деган.
Ҳархиллик кулфат эмас, раҳмат экани эътибори билан бу ҳадис мўминларга жуда катта енгилликдир, кўп мушкулнинг ечилишига йўл очади. Ижобий тортишув бор нарса экани тан олинса, дин майдони чексиз даражада кенг экани билинади ва ҳар қандай баҳс хайрли ечимга кела олади. Энди, қарашлар хилма-хиллиги раҳмат экани тан олинмаса, дин майдони торайтириб юборилади ва ҳар қандай бошқача ижтиҳод йўли шафқатсизларча кесиладиган бўлади. Оллоҳ асрасин. “Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро маслаҳат (билан) бўлур” (Шўро сураси 38-оят маъноси).
“Маслаҳат” тушунчасининг ўзи, биринчидан, кўпчиликни, иккинчидан, хилма-хил қарашларни зарур қилади. Ҳар ким ўз қарашини илгари суради, тортишилади, охири бир тўхтамга келинади ‒ мана шу маслаҳатдир.
Ваҳийдан бошқа нарсаларда турли фикрларни илгари сурса бўлади. Дунёвий ва ҳаётий ҳар қандай масалада то энг оқилона ечим топилгунича тортишиш қайтага яхши. Шарти – бу тортишишдан мақсад қайсарлик ё душманлик эмас, умумга фойда келтирадиган чиройли ечим топиш бўлиши керак. Бу борада энг ёрқин ва қатъий ўрнак Пайғамбаримиздан (у зотга салом бўлсин) келади: айрим ҳаётий масалаларда у зот бирон қарорга келсалар, қарорларини саҳобаларига айтардилар, шунда саҳобалар у кишидан: “Эй Оллоҳнинг элчиси, ваҳий билан гапиряпсизми ё ўзингиздан гапиряпсизми?” деб сўраб олишар, ваҳийдан бўлмаса, у масала бобида ўз қарашларини очиқ билдиришар эди. Оллоҳнинг элчиси саҳобаларининг маслаҳат-мулоҳазаларини ётиғи билан тинглаб, гарчи ўз қарашларидан бошқача бўлса-да, ўша вазиятда энг фойдалисини қабул қилар ва қарорларини ўзгартирар эдилар.
Бадр ғазотидан олдин шундай бўлди. Ҳандақ жангидан олдин шундай бўлди. Мадиналикларнинг хурмо гулини чанглатиш усуллари масаласида шундай бўлди. Яна кўп бор шундай бўлди. Ва ҳар гал саҳобанинг ихтилофи (бошқача фикри) мусулмонлар ишига катта фойдалар келтирди.
Ёки кейинроқдан бошқа бир мисол. Имом Молик (устига Оллоҳнинг раҳмати ёғилсин) машҳур “Муватто” китобини битганида уммат орасида айрим тортишувлар яшаётган эди. Китобни ўқиган халифа Абу Жаъфар ал-Мансур қаттиқ таъсирланибди ва: “…ҳузурига Молик ибн Анасни чақиртирибди. «Эй Молик, – дебди Имомга юзланиб, – сенинг китобингни ўқидим. Қуръону ҳадисга жуда мос китоб ёзибсан. Сенинг мазҳабингга эргашган мусулмон кўп диёримизда, лекин мен Ислом оламининг амири сифатида мана шу китобингни жуда кўп нусхада ёздириб, бутун дунёдаги мусулмонларга тарқаттирмоқчиман. Токи дунёдаги мусулмонларнинг барчаси фақат шу китобга бўйин сунсинлар. Фақат моликий мазҳабида бўлсинлар», дебди. Шунда Имом Молик (Оллоҳ рози бўлсин бу зотдан) мана бундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар амири, ундай қилманг. Ёзган китобимдаги гапларимни мендан ва шогирдларимдан эшитган кишилар менинг мазҳабимга эргашсалар, Оллоҳга шукр қиламан. Лекин Ислом оламининг бошқа тарафларига жуда кўп уламолар етиб борганларки, улар олиб борган таълимотларини энди нотўғри дейиш ва ўрнига менинг китобимни ўқишни буюриш, менинг мазҳабимга киришга мажбурлаш билан сиз Ислом динига хизмат қилган бўлмайсиз, балки мусулмонларнинг эътиқодларидаги парокандаликка сабаб бўласиз. Демак, шу пайтгача аждодларимиз амал қилиб келган йўл хато йўл экан-да, деб ўйлаб қолишларига сабаб бўласиз. Мени эшитган ва менинг китобимни ўқиганлар менинг мазҳабимда бўлсинлар. Бошқа диёрлардаги мусулмонлар ўзларига етиб борган мужтаҳид уламоларнинг мазҳабларида турсинлар. Менга эргашган мусулмонлар ҳам, уларга эргашган мусулмонлар ҳам, иншаоллоҳ, ҳидоятда, ҳақ йўлда бўладилар», дейди”.
Диққат қилинг: халифанинг ҳаяжонланиб: “Барчани шу китобга бирлаштираман!” дейиши юзаки қараганда тўғри ва бирлаштирувчи қарорга ўхшайди, аслида оқибати ёмон – “Муватто” фикрига тўғри келмайдиган бошқа ҳар қандай фикрни йўқотаман, дегани эди.
Улуғ Имом халифани бу таҳликали ишдан қайтарди, қарашлар хилма-хиллигини ёқлади ва саҳобаларнинг ҳархилликлари умматга бир раҳмат экани йўриғидан чиқиб келиб фикрлади. “Менинг саҳобаларим йўлчи юлдуз кабидирлар. Қайси бирларига эргашилса, киши адашмайди”, деган маънодаги яна бир ҳадиснинг ҳақиқатини амалда кўрсатди.
Бу мисоллар фикрлар хилма-хиллиги жоиз тугул, ҳатто зарур эканига аслимиздан чиройли ўрнаклардир. Динни, дин тарихини биладиганлар нималарга ишора қилаётганимизни сезиб туришибди. Лекин биз ҳозир динимиз тарихида кечган у воқеалар кетидан тушмадик, тафсилотига берилмадик, чунки мавзу бошқа. У замонлардан бир-икки мисол келтирганимиздан мақсад динимиз табиати ҳақида давлатнинг ҳам, айрим мухолифчиларнинг ҳам миясига ўрнашиб қолган бир хатони ўртадан кўтариш эди, холос.
У хато нима? Давлат ҳол тили билан бундай дейди: “Халқимиз кўпи мусулмондир, ихтилоф бизга ярашмайди. Айниқса, ҳозирги ўтиш палласида миллат бир шахс ва бир фикр теварагига бирлашиши керак!”
Мухолифатдаги айримлар бундай дейди: “Халқимиз кўпи мусулмондир, асосан исломий итоаткорлик руҳида тарбия топган, шунинг учун ҳар қандай зулмга бош эгиб тураверади, фикрини очиқ айтмайди, зулмга қарши чиқмайди. Биз бу итоаткорликдан буткул қутулишимиз, тамоман демократик ривожланиш йўлига ўтишимиз керак!”
Четдан қараган кишига давлат бошқа ниятда бошқа фикрни, мухолифатдаги айримлар бошқа ниятда бутунлай бошқа фикрни айтаётган кўринса-да, аслида иккала томон ҳам Исломни, мусулмонларни ва ўтмишимизни бузиб тасаввур этяпти ва қаттиқ адашяпти.
Ислом ижобий ихтилоф (қарашлар ҳархиллиги) ила бир маслаҳатга келишни вожиб даражасига кўтарган. Бунинг мисоллари кўрсатилди. Бундан ташқари, динимиз мўмин-мусулмонларни ҳар қандай зулмга бош эгиб кетаверишга эмас, аксинча, золимга зулмини очиқ ва бетига айтишга буюрган ва бундай жасоратни энг устун жиҳод деб эълон қилган: “Жиҳоднинг афзали жабр қилувчи имом (бошлиқ, подшоҳ) олдида айтилган ҳақ сўздир”, деган. (Абу Довуд, Термизий, ибн Можа ривоят қилган. Термизийга кўра бу ҳадис ҳасандир).
Бугун мусулмон мамлакатларда, хоссатан Ўзбекистонда бунинг акси кўрилаётган бўлса, одамлар динини унутганидан, динида яшамаётганидандир. Яъни айб одамларнинг ўзидадир, динда асло айб йўқ!
Қарашлар хилма-хиллиги инсоннинг фитрий хусусиятидан эканини ва жамиятнинг маънавий ривожи ҳам шу хилма-хиллик бор-йўқлигига боғлиқ эканини Ислом нафақат эътироф қилади, балки талаб ҳам этади. Шарти, бир оз тепада айтилганидек – хилма-хил қарашлар (ихтилоф) ҳақиқат учун, ҳақиқатни юзага чиқариш ва тўғри ечимни топиш учун бўлиши, шунга хизмат қилиши керак.
Бундай ижобий ихтилофи бор жамият изланаётган, демак, ўсаётган бўлади. Агар ихтилоф қарашлар орасида эмас, чиройли ечим учун эмас, балки шахслар орасида ҳамда тарафкашликка асосланган бўлса, жанжал учун бўлса, бундай ихтилоф дунёмизга ҳам, охиратимизга ҳам фойда келтирмайди…