O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қачон келар ўша хушхабар?

Қачон келар ўша хушхабар?
19 views
13 July 2013 - 9:18

Келса эди, юртдан хушхабар
Ҳеч ўйламай, шу он кетардим.
Космик тезлик ҳеч нарса менга,
Ундан ўзиб, уйга етардим.gastarbaiter

Келса эди, юртдан хушхабар
Тил чиқди, деб барча соқовга.
Замонимиз келди бизни, деб
Тупурардим Пекин, Масковга.

Келса эди, юртдан хушхабар
Қалқиди, деб сени туққан халқ.
Халқим пойин бориб ўпардим
Қасам сенга эй ягона Ҳақ.

Келса эди, юртдан хушхабар
Чиқмоқчи, деб халқинг майдонга.
Майдонларда турмоқлик учун,
Қанот қоққум Ўзбекистонга.

Келса эди, юртдан хушхабар
Қутилди, деб халқинг зулмдан.
Уммонлардан сакраб ўтардим,
Қайтаролмас довул йўлимдан.

Келса эди, юртдан хушхабар
Йиқилди, деб тахти баттолни.
Юртга шундай елиб борардим,
Доғда қўйиб бутун шамолни.

Келармикан юртдан хушхабар
Деб, кутади ўғлинг дарбадар.
Уйғонсангчи эй менинг халқим,
Ухлаш мумкин наҳот шу қадар?!

Қачон келар ўша хушхабар…?

“Дангасалар” жамоаси