O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қашқадарё ҳокимининг шанбалигида бир ўсмир йигит ҳалок бўлди

Қашқадарё ҳокимининг шанбалигида бир ўсмир йигит ҳалок бўлди
147 views
15 June 2013 - 11:33

Ассалому алейкум ҳурматли таҳририят!

Мен Қашқадарё вилоятиданман. Яқинда районимизда бир фожеа юз берди, шуни кўрган-билганлардан эшитганларимни ёзиб юбораяпман. Балки нотўғри жойлари ҳам бордир. Журналист эмасман. Шуни сайтингларда чиқарсангизлар. Илтимос!

***

2013 йилнинг 11 июнь куни  Қарши шаҳридаги 2 академик лицей ўқувчиси, 1996 йилда туғилган Сувонов Уйғун Қашқадарё вилоят ҳокими Туроб Жўраевнинг “субботниги” шарофати билан сувда чўкиб ҳалок бўлди. 11 июнь куни, тахминан  соат 8:45 да лицей ўқитувчиси Озода Ҳамроеванинг  “илтимосига”  кўра, талабалар  Қарши шаҳри четидан оқиб ўтадиган Қарши магистрал канали атрофини тозалашга  жалб этилгандилар. Маҳаллий кузатувчилар бу шанбаликка етти нафар ўқувчи олиб борилганини айтишмоқда.

Қарши магистрал канали собиқ СССР  даврида Қарши чўлини ўзлаштириш учун қурилган йирик иншоотлардан бири эди. Канал Туркманистон ҳудудларидан бошланади,  Амударё суви насослар ёрдамида кўтарилади ва Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги сув омборида йиғилади. Кейинчалик, бу сув магистрал канал орқали Қарши чўлидаги туманларга, ундан эса пахта майдонларига тарқатилади.

Жазирама иссиқда ишлаб, терга ботган ўқувчилар  айни мана шу магистрал каналига бир шўнғиб олиш учун сувга киришганини айтади воқеани кузатганлар. Бу орада сузишни ҳам билмаган Уйғун эса сувга ғарқ бўла бошлайди. Бу ҳолни кўрган курсдошлари Уйғунни қутқариб олишга ҳаракат қилишган, аммо уддасидан чиқолмаганлар. Сувга чўкаётган одам жон талавасасида ўзини қутқариш учун келган кимсани ҳам ғарқ қилиб юбориши тушунарли бўлса керак.

“Фожеа содир бўлган вақтда у болани олиб чиқаришолмади. Орадан ярим, ёки бир соатча ўтиб ғаввослар келишди. Улар бир соат атрофида унинг жонсиз танасини қидиришди, кейин бир амаллаб олиб чиқишди. Боланинг жони узилган экан”, – деб ҳикоя қилди ўз исмини ошкор қилишни истамаган манбамиз.

Воқеа жойига етиб келган Қарши шаҳар ИИБ ва прокуратура ходимлари қурбоннинг жасадини экспертизага олиб кетишади. Экспертиза ишлари Уйғуннинг ота-онасининг розилигисиз амалга оширилган.  Ўша куннинг ўзидаёқ воқеани кўрган бошқа “шанбаликчи” талабалар ҳам прокуратурага олиб кетилиб, сўроқ қилинган. Терговчилар улардан тушунтириш хатларини олишади. Ўзбекистон қонунларига кўра, ҳали вояга етмаган бу ўсмирларни психолог, педагог ва ота-онасининг иштирокисиз тергов қилиш мумкин эмас. Лекин тергов томони қонуннинг бу бандини яққол бузган.

Қашқадарё вилояти ҳокими Туроб Жўраевнинг номига доғ тушишидан қўрққан терговчилар болаларни “ўз хоҳишимиз билан каналга чўмилиш учун боргандик” деб кўрсатма беришга мажбурлаганлар. Бу ҳақида воқеага гувоҳ бўлган болаларнинг ота-оналари сўзлашмоқда. Маълум сабабларга кўра, уларнинг исмларини ҳам келтира олмаймиз.

Энди бир тасаввур этиб кўрайликчи, мажбурий тарзда ёздириб олинган бу кўрсатмалар қанчалик асосга эга бўлиши мумкин? Масалан, ким бу жазирамада ўқишини ташлаб, шаҳарнинг чекка қисмидан оқиб ўтадиган каналга чўмилиш учун бориши мумкин? Ваҳоланки, шаҳарнинг ичида бир очиқ ва бир ёпиқ бассейн мавжуд бўлса. Бу жумбоққа жавоб излайдиганлар топилмаса ҳам керак. Уйғун Сувонов ўқиган лицей эса шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган ва улар йўл кирасини ҳам ёнларидан тўлаб боришган! Таажжуб!

Ҳозир тергов томони Уйғуннинг ҳалокатини шунчаки бахтсиз ҳодиса қилиб кўрсатишга уриняпти, айни дамда боланинг ғарқ бўлиб ўлганига шоҳид бўлган курсдошлари ҳам шок ҳолатида. Ҳали олдинда Ўзбекистон Оқ олтини хирмонини уйиш ҳам турибди ва бу хирмон болаларнинг меҳнатисиз уйилмайди. Тағин янги ҳашарлар ва тағин янги қурбонлар берилади. Булар ҳаммаси халқнинг тепасида турган бир ҳовуч мансабпарастларнинг бахт-иқболи ва ороми учун. Уларнинг оромона ҳаётлари эса халққа жуда қимматга тушмоқда.

Фаттоҳ Қурбонов
Бешкент шаҳри