O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИ – ДОЛЗАРБ МУАММО

ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИ – ДОЛЗАРБ МУАММО
23 views
04 July 2012 - 14:25

Республикадаги машҳур хусусий нашрлардан бири “Даракчи“ газетасининг ўтган йилги сонида шундай мақола чоп этилган эди. Хоразмдан газетага мактуб йўллаган она қуйидаги воқеа ҳақида ёзади:

“Қизим 16 ёшда. У таниқли санъаткор Анвар Санаевни ниҳоятда яхши кўради. Шу даражада яхши кўрадики, у дарс тайёрлашни ва уй ишларига ёрдам беришни ҳам унутиб қўйган. Асосий машғулоти хонанданинг телефон рақамларини ва яшаётган манзилини ахтариш, унга қўнғироқ қилиш, ва хонандага хат ёзишдан иборат. Хонасининг ҳамма бурчагида Анвар Санаевнинг суратлари. Қизимни мактабга мажбурлаб юборсак ҳам, дарсга кирмайди, тушлик учун берган пулимизга хонанданинг интервьюси босилган газетани ёки биронта расмини сотиб олади ва уйга қайтиб келиб, хонасига қамалиб эртаю-кеч ўша газетани ўқийди.
Ўтган куни жаҳлим чиқиб, унинг хонасидаги барча суратларни йиртиб ташладим. Бундан хафа бўлган қизим ўз жонига қасд қилиб, дори ичибди. Унинг ҳаётини зўрға сақлаб қолдик. Ҳозир касалхонада ётибди. Мен қилган ишимдан жуда пушаймонман. Неча марталаб кечирим сўрасам-да, қизим менинг кечиримимни қабул қилмаяпти. Қайтага, қишлоқда гап-сўзга қолдик.
Сизлардан илтимос, менга қизим билан ярашиб олишим учун севимли хонандамиз Анвар Санаевнинг портретини юборсангиз. Сизлардан илтимос қиламан, чунки қизимнинг аҳволи оғир. У ҳеч ким билан гаплашишни хоҳламаяпти, фақатгина Анвар Санаевга мухлислик қиладиган дугоналари келса, чеҳраси очилиб кетади. Шунинг учун қизимни ҳаётга қайтаришнинг ягона йўли севимли хонанданинг портретини топиб, яна жойига қўйиб қўйиш. Илтимосимни инобатга оларсизлар деган умиддаман”.

Мактуб охирида нодон онанинг манзили, ҳатто телефон рақами ҳам бор. Фикри теран инсон бундай хат ёзмаслиги аниқ. Энг муҳими, газетанинг бу мактубга жавоби “ўлганнинг устига чиқиб тепиш“ бўлган, яъни газета муҳарририяти онани юпатиб, телефон орқали машҳур хонанда Анвар Санаев билан боғланишганини, яқин орада хонанда ўз портретини Хоразмга юборишни ваъда қилганини фахрланиб билдирганини ўқиб, ҳар қандай одам ёқасини ушлайди.
Ахир, хоразмлик ўша бахтсиз она ҳам қизи билан бирга даволаниши, қиз бола тарбияси ҳақидаги нотўғри қарашлардан халос бўлиши, агар “ Даракчи“ газетаси ижодий ходимларида озгина ақл фаросат, ёшлар тарбияси олдида масъулият туйғуси бўлса, ўша она ва қиз руҳшуносга мурожаат қилиши зарурлигини айтиш ўрнига ўртада воситачилик қилиб, хонанда Анвар Санаевдан портрет сўрайдими?
Ахир, бугун битта артистнинг сурати учун ўз жонига қасд қилган қизни эртага ким келин қилади? Агар биров келин қилганида ҳам ўша хонадоннинг афсус чекмаслигига, бугун ўзи танимаган хонанданинг сурати учун ҳар қандай шармандаликка тайёр турган қизнинг рисоладагидек келин бўлиб қайнона-қайнотанинг хизматини қилишига ким кафиллик беради?

Албатта, бу каби муаммоли саволлар мақсади фақат фойда кўришдан иборат бўлган “Даракчи”сингари хусусий газеталарни мутлақо қизиқтирмайди. Ўз навбатида мактаб ёки маҳалла ҳам юқоридагига ўхшаган воқеаларни “кўриб кўрмасликка олишни маъқул кўради.”Аслида, Анвар Санаевдек машҳур санъаткорга бу каби арзон реклама умуман керак бўлмаса керак.
Худди, ўзбек қизларининг кўнгилчанлиги, ишонувчанлиги ва соддалигидан кимдир фойдаланаётганга ўхшайди. Фақат ўша фойда ортидан қуваётганлар бу каби уятсиз мавзулар билан ўзбек миллатининг шаънини ерга ураётганлигини, турли бўлмағур нарсалар билан ўсмир қизларни чалғитиш жиноят эканлигини англаб етсалар яхши бўларди.

 

Зулхумор