O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қиримдаги “Мисҳор”

Қиримдаги “Мисҳор”
164 views
09 March 2014 - 12:05

Бир неча кундан буён на уйкумда тинчлик бор на еб ичишимда ҳузур ҳаловат бор. Бугун эслаб кўрсам икки маротаба кўчага чиқибман унда ҳам почтага бориб ўз номимга келган почтани олиш учун бориб келипман. Компютерда кўп ўтиришдан бўлса керак кўзимни қорачиғида эса қон талаш бўлиб қолибти.Бирор нарса ёзишга ҳам қўлим бормайди.Кенжа қизим бугун “Дада сиз нега уйдан чиқмайсиз? Компютердан кетмайсиз кўп компютерга ўтирасиз мени уйнатмайсиз фақат Украина ҳақида гапирасиз” деб қолди. Икки хафта бурун 6 ёшга тўлган қизимни бу каби саволи мени янада уйланириб қўйди.

Хотиним эса унга ”ундай дема Даданг хафа бўлади Дадангни юртида уруш бошланган” деди. Шунда қизим ”Эй мени алдаманг дадам Ўзбекистондан уруш эса Украинада бўляптику” деди. Олти ёшли болани бу гапини эшитиб мен хотинимга хотиним менга қаради. Нима дейишимизни билмай қолдик шунда мен ”Сен хали ёшсан буни тушунмайсан Украина нон туз ва бошпана берган у мени иккинчи ватаним бўлади”дедим.

Мен ўз ўзимдан Қиримда бўлган бир воқеани эслаб қолдим. Мен ишлайдиган ресторан Ай Петра деб аталувчи тоғ чўққиси остида жойлашган бўлиб унга бориш учун биринчи милиция текширувидан ўтиш керак эди. Иккинчи эса ҳарбийлар формасида турган прапоршиклар текширувидан ўтилар учунчиси эса фуқаро формасидаги СБУ текширувидан ўтилгандан сўнг бизни ресторанга ва шу билан бирга бир биридан гўзал қурулган 12 котежга кириб бориларди.

Қиримда “Мисҳор” деб аталувчи кичик бир шаҳарчадан юқорига Ай Петра чўқисига арқонда осма йўл яратилган. Бу осма арқонли йўли 21 бир йил давомида яни Брежнев даврида бошланиб Горбачёв замонида ишга тушурилган. (1967-1988) Бу арқонли осма йўлини умумий узунлиги 2980 м ташкил этади денгиз сатхидан Ай Петра чўқисини баланлиги эса 1152 м ташкил этади. Бу осма арқонли йўл баландлиги бўйича Оврупадаги Германияни Оберьеттенберг арқонли осма йўлидан сўнг иккинчи ўринда туради.

Мен ишлаган ресторан эса “Сосновый Бор» деб аталувчи ўрмонда яни мана шу осма арқонни иккинчи бўлимига ўтиш жойдан юқорида денгиз сатхидан 400 м ча юқорида яни Мисҳордан 1310 м узоқликда жойлашган эди. Бу оромгох Россия ва Украина алигархларига қарашли бўлиб шунақанги ҳам гўзал жойда жойлашганки буни тарифини келтиришга тил ожизлик қилади.

Бир қарашда ўзингиз ўрмонда турсангиз тепангизда Тоғ чўқиси осилиб туради пастга қарасангиз эса орти кўринмас қора денгизни кўрасиз. Мен кўплаб гўзалликда тенги йўқ таъбиятли жойларни кўрдим аммо бунга тенг келадиганини яни Тоғ, Ўрмон ҳамда Денгизни бир ерда умумлашиб турганини кўрмадим. Бу оромгоҳга биргина ўша уч постдан ўтмасдан яқинлашиб бўлмасди. Ресторандан 100 метрча узоқликда эса таъбий булоқ отилиб чиқиб сўнг шар шарага айланиб тик тоғ қоясидан қора денгизга тушиб кетарди.
Сиз ён атрофингиздаги хамма нарсани кўриб турасиз аммо сизни ҳеч ким кўрмайди ҳаттоки ўша арқонли осма йўлдаги саватда туриб изласангиз ҳам ўрмон ичида жойлашган бу ҳашоматли 12 котеджни ва рестоанни кўришингиз амри махол.

Мен тўгридан тўгри юқори мансабли грузин милатли дўстим бошчилигида ишласамда деяарли буни шу ерда ишлайдиган ишчилардан ҳеч ким билмасди.
Шу дўстимни ҳайдовчиси эса мен билан жуда ҳам иноқ эди. Бир куни у ошхонага хафа бўлиб жахл билан кириб келди. Менга қараб «Сен дўстинга айтсанг бўлмайдими? сен бу ердан ишдан олишмоқчи яни Тошкент ресторанларидан бирида ишлаган бош ошпазни олиб келишмоқчи» деди.

Мен эса кулиб «хавотир олма у Тошкентдан келадиган бўлса кўп ишлайолмайди бу ерда» дедим. У эса янада жахли чиқиб «нега ундай дейсан уни кимлигини билмайсанку» деди.
Мен «уни кимлигини билмайман аммо шуни биламанки мен тайёрлаган таъомни у тайёрлайолмайди у Тошкентча овқат тайёрлайди агар у Оврупа ёки бошқа давлатда ишлаган бўлса бу бошқа гап» дедим. У ҳа тўғри айтасан бундай бўлиши мумкин кўрамиз деб чиқиб кетди.

Бир неча кундан сўнг Тошкентдан бир ҳамюртимиз келди олдиндан мени кимлигим айтилган бўлса керакки қанчалик ҳаракат қилмай мен билан асло гаплашишни истамади яни салом аликдан нарига ўтмади.

Мен эртаси куни Киевга кетдим. Киевда ҳам шу грузин дўстим орқали «Бориспол» учаргоҳи йўлининг 29 кмда жойлашган «Любава» деб аталувчи давлат банкет залида ишлардим.Бу бу банкет зали ҳам давлат арбобларига ва юқори даражали давлат меҳмонларига хизмат кўрсатарди.

Учинчи куни кеч соаът 21 ларда маршрут таксида ишдан уйга қайтар эканман мобил телефоним жининглаб қолди. Номерига қарасам грузин дўстим салом аликдан сўнг у менга «Илтимос қандай бўлмасин эртага кундуз 13 00 да Ай Петрага бўлишинг шарт келаоласанми»? деди. Мен «ҳа ҳаракат қиламан поездга чиқишга» дедим. У эса агар поездга улгурмасанг такси билан келавер йўл пулини тўлаб беришади» деди.

Мен хўп дедим ва уйланиб қолдим 900 км га таксида бориш қанча пул туради-ю мени тайёрлаб берадиган таъомим неча пул туради демак жуда ҳам ҳурматли меҳмонлар бўлишса керак.

Мени билет бор йўқлиги қизиқтирмасди асосийси поездни бўлиши эди. Яни менда поезд кассаси учун махсус код бор бўлиб депутатлар кассасига кодни айтсам ва ҳужжат кўрсатсам шу код орқали бепул поездга билет бериларди ва имкон қадар тўрт кишилик купега бошқалар киритилмасди.Бахтимга охирги рейс поездга улгурдим.

Поезд ўрнидан жилгандан сўнг грузин дўстимга телефон қилиб эрталаб Симферопол вокзалида бўлишимни маълум қилдим. Дўстим мендан вагон номеримни сўради мен «шарт эмас ўзим Ялтага етиб бораман сўнг телефон қиламан» десам «йўқ сени мени ҳайдовчим кутиб олади» деди мен вагон номерини айтганимдан сўнг у «яхши етиб кел» деб трубкани қўйиб қўйди.

Эртаси Симферопол вокзалида унинг ҳайдовчиси мени хурсанд бўлиб кутиб олди. Мен ундан «тинчликми нега мени чақириб олдинглар?» десам «йўқ тинчлик эмас бугун Медведчук келиши керак биласан у сени овқатингни яхши кўради» деб «Сени ҳамюртинг эса расво қилди» деб қўшимча қилиб қўйди.

Мен «очиқроқ гапир нима бўлди ўзи «дедим. У «Кеча у ўзбекча Шурпа қилди аммо уни ҳеч ким ичмади. Сани дўстинг шўрпани кўринишига қараб қўйди холос. Плов ҳам расво бўлди сен айтганингдек у бошқача тайёрларкан овқатни шуни учун сени чақириб олдик. Сени дўстингни ўзи сендан узр сўрамоқчи» деди.

Мен дархол англадимки булар унга Шўрва қилиб бер деган ватандошимиз ўзимизни ўзбекча қовурма Шўрва қилиб берган. Қайнатма Шўрвани эса ҳар ким ҳам кераклича маъзали қилиб тайёрлай олмайди яни қайнатма Шўрвани шундай қайнатиш керакки шурва коссага қуйилганда уни тиниқлигидан ости кўриниб туриши керак аммо маъзаси эса оғизда қолиш керак буни эса ўз сири бор.

Аслида баъзи бир ватандош ошпазларимиз қайнатма шўрвани писад қилмасдан қарашади яни ҳамма махсулотни солиб қайнатсанг ўзи Шўрва бўлаверади деб уйлашади чунки тан оламан мени ўзим ҳам бир пайтлар шундай фикрда эдим.

Мен «яхши ҳаммаси тушунарли ватандошим қаерда ўзи» дедим у эса кулиб «кеча унга 1000 доллар маъош бериб ортга яни Тошкентга билет сотиб олдик» деди.

Шу куни грузин дўстим мендан узр сўради мен эса ҳижолат бўлиб «нега сиз менда узр сўрайсиз ахир сиз мени ишдан ҳайдаганингиз йўқки» десам У кулиб «Ҳа энди сабабини ўзим биламан» деди.

Бугун мана шундай гўзал юрт ва мен учун қадрли инсонлар тақдиридан хавотир олиб уйқум келмаслигини бирор ишга кўлим бормаслигини жажжи қизалоғимга тушунтириб айтаолмадим.

Дустназар Худайназар