O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қирғизистондаги воқеалар ва ундан келиб чиқадиган савол

Қирғизистондаги воқеалар ва ундан келиб чиқадиган савол
231 views
23 May 2017 - 6:00

Ўзбекистонни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз – 6.
(“Эрк” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ билан интервью.)

– Қирғизистон жанубидаги содир бўлган воқеалар давомида ва ундан кейинги ойларда президент Каримовнинг ҳаракатларига қандай баҳо берасиз? Агар баҳо жуда яхши бўлмаса, унда сизнингча, Каримов қандай ишларни амалга ошириши лозим эди? Ҳозир нима қилиш керак? Қирғизистон билан муносабатларни қандай қилиб барпо этиш керак?

– Ўзбекистон қўшни давлатга босимнинг дипломатик, иқтисодий ва ҳарбий характердаги воситаларидан фойдаланиб, Мирзақматов (Ўш шаҳар ҳокими – таҳр. изоҳи) ва бошқаларнинг жиноий тўдалари тарафидан тинч аҳолининг қирғин қилинишига ҳалақит бериши мумкин эди. Аммо Ислом Каримов “қўшни давлатнинг ички ишига аралашмаслик” тўғрисидаги қўрқоқларча баёноти билан чекланди.

Агар Қирғизистон жанубида минглаб бегуноҳ одамлар ўлдирилган бўлса, ҳозирги кунда ҳам бу вилоятдаги аҳолига нисбатан бошбошдоқликлар давом этаётган бўлса, бунда Ўзбекистон расмийларининг ҳам ва биринчи навбатда унинг раҳбари Ислом Каримовнинг ҳам жуда катта айби бор. Каримов ўзининг баёноти билан бандитларга қуролсиз аёлларни ва болаларни ўлдиришга ижозат, жиноятчиларга эса жазодан омонлик берди. Бунга миннатдорчлигини изҳор этмоқчи бўлган Мирзақматов Каримовни ўзининг устози ва Марказий Осиёнинг буюк сиёсатчиси деб эълон қилди. Шахсан мен Каримовга умид боғламайман. У ҳар замонда ҳам Қирғизистон билан муносабатларини топталган ва таҳқирланган халқ манфаатларидан эмас, балки ўз шахсий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда барпо этиб келган ва барпо этмоқда.

Мен фақат қирғиз биродарларимизга мурожаат эта оламан, холос. 1990 йилда Ўзгандаги қонли фожиалар авжига чиққан пайтда маданият намояндалари ва халқ ҳаракати вакиллари билан учрашиб маслаҳатлашгани Тошкентга махсус рейс билан Чингиз Айтматов етиб келганди. Ўшанда биз у билан Тошкент аэропортида учрашиб қирқ дақиқа давомида суҳбатлашдик. Айтматов Ўзгандаги биродаркушликдан ларзага тушган бўлиб, миллатидан қатъий назар қотилларга лаънат тошларини ёғдирарди. У ўз ватанининг чинакам жонкуяри, нафақат қирғиз халқининг, балки бутун Туркистон элининг ўғлони эди.

Биз у билан фахрланардик, уни ўз оғамиздек суяр эдик. Ўшанда, 1990 йил ёзида у биздан қонли хунрезликни тўхтатишга ёрдам беришимизни, Қирғизистон чегарасида тўпланган ҳамда Қирғизистон жанубига ёпирилиб кирай деб турган норози одамлар оқимини тўхтатишимизни сўраганди. Шундан кейин Айтматов Ўшга учиб кетди. Албатта биз халқларимиз ўртасидаги тинчликни тиклаш учун қўлимиздан келган бор ишларни қилдик.

Ўшандан бери йигирма йил ўтди. Чингиз оғамизнинг бахтига у Ўш ва Жалолободдаги хунрезликни кўрмади. Бизнинг бахтимизга қарши, қотилларга қарши ўзининг қатъий сўзларини айта оладиган Чингизлар қолмади.
Нега Ўш ва Жалолободга келиб кетган Қирғизистон президенти ва бош вазири энг кўп жабрланган ўзбек жамоатчилиги билан учрашмади? Нега сиёсатчилардан ҳеч ким республика жанубидаги ўзбекларга қарши ҳуқуқий бошбошдоқликларни тўхтатишга уринмаяпти?

Қирғиз ватанпарварлари Қодиржон Ботировни сепаратизмда айблаган бир кезда, Қирғизистон ҳудудининг бир қисми Ўш шаҳар ҳокими бошчилигида автономияга эга бўлиб бўлди: у марказий ҳокимиятни очиқдан-очиқ писанд қилмай қўйган. Ёки бу томошани марказ ва шаҳар ҳокими биргаликда уюштирганми?

Яхшики, инсонийлигини йўқотмаган ҳуқуқ ҳимоячилар бор экан. Улардан бири – Чўлпон Жақупова. “Фарғона” ахборот агентлигига интервьюда у шундай деганди: “Агар дискриминация авваллари яширин характерга эга бўлиб, маиший савияда ўтказилган бўлса, ҳозир камситишлар кўпроқ ошкора кўринишга эга. Хусусан, давлат бошқаруви идораларида ишлаётган миллий озчилик вакиллари сиқиб чиқарилмоқда”.

Яъни, биз умид қилган вазиятнинг барқарорлашувигача анча бор. Мен қирғиз биродарларимизга қуйидагиларни айтиб мурожаат этмоқчиман: қотиллар сизга қондошлиги туфайли уларни ҳимоя қилманг. Бир нарсани амалга оширишдан олдин маҳаллий аҳолини рози қилинг. Фашистларнинг услубини қўллаб маҳаллий лидерларни йўқ қилишга уринманг. Давлат ақлли бўлса, аҳоли орасида обрў қозонган кишиларни ўзига душман қилмайди. Балки улардан фойдаланади.

Жануб аҳолиси сизни қўлламаса на тинчликка, на тотувликка ва на барқарорликка эришасиз. Одамлар сиз билан яшашини исташлари учун уларга яшашга имкон беринг. Улар сиздан ажраб чиқишларини истамасангиз, уларни ўзингиздан итарманг.

– Давлат ҳудудининг титул миллатига мансуб бўлмаган бир қисми, агар уларнинг вакиллари очиқдан-очиқ камситилаётган ва мамлакатдан сиқиб чиқарилаётган бўлса, агар уларнинг миллий ҳуқуқлари бузилса, этник кўпчилик эса миллий озчиликни йўқ қилишга уринса, уларнинг ажраб чиқиш ҳуқуқи борасида нима дейиз?

– Агар давлат маълум бир миллий гуруҳга нисбатан дискриминация сиёсатини олиб бораётган бўлса, агар унинг этник кўпчилик билан тенглик асосида яшаш ҳуқуқини бузса, этник гуруҳ ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлиши керак, ҳатто мустабид давлатдан ажралиб чиқишгача.

Фарғона,
07.02.2011

(151)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (494-497-саҳифалар.)

(давоми бор)