O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қирғизистонлик депутатлар парламент сайловини кўчириш ва референдум ўтказишга оид қонун лойиҳасини қабул қилишди

Қирғизистонлик депутатлар парламент сайловини кўчириш ва референдум ўтказишга оид қонун лойиҳасини қабул қилишди
220 views
23 October 2020 - 17:29

Қирғизистон парламенти депутатлари 22 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда муҳокама қилиб ўтирмай, бирваракайига уч ўқишда “Қирғизистон Республикаси президенти ва Қирғизистон Республикаси Жўғўрқу Кенеши депутатлари сайлови тўғрисида”ги конституциявий қонунга ўзгартишларни қабул қилишди.

Қонун лойиҳаси билан конституциявий ислоҳот ўтказиб бўлингунича қонуннинг 38- ва 63-моддалари амалиётини тўхтатиб туриш таклиф қилинмоқда. Яъни сайлов ўтказиш муддатларига оид меъёрлар ҳозирча ишламай туради. Лойиҳанинг бошқа бир моддаси конституциявий ислоҳот (2021 йилнинг 10 январидан кеч бўлмаган) муддатини белгилаб беради.

Яна бир моддада эса қайта ёки янги парламент сайлови конституциявий ислоҳот ўтказиб бўлинганидан кейин Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ равишда, бироқ 2021 йилнинг 1 июнидан кеч бўлмаган муддатда ўтказилиши айтилган.

Қонун лойиҳасини депутатларга тақдим этган Ақилбек Жапаров “молиявий қийинчиликлар туфайли парламент, президент сайловлари ва референдумни 3 ой ичида ўтказишнинг имкони йўқ”лиги айтган.

Бу масалани ҳал қилиш учун депутатлар сайловларни тўхтатиб қўйиб, конституциявий ислоҳот ўтказишни таклиф қилишмоқда. Биз сайловларни конституциявий ислоҳотдан кейин ўтказишни сўраяпмиз. Амалдаги Жўғўрқу Кенеш ислоҳот ўтказиб бўлингунича фаолият юритади”, деган А. Жапаров.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳасини муҳокама ҳам қилиб ўтирмай, дарров овоз беришга ўтишган, пировардида мазкур ташаббусни улардан 83 нафари ёқлаган.

Манба: ozodlik.org