Ўш шаҳар суди қорасувлик 21 ёшли Абдуллоҳ Нурматовни, экстремистик маълумотларни сақлаганликда айбдор деб топиб, унга бир йиллик шартли қамоқ жазосини тайинлади.
Абдуллоҳни ҳимоя қилаётган “Бир Дунё Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўш бўлими матбуот котибаси Сахира Назарова, ҳукм юзадан тарафлар 10 кун оралиғида юқори судга шикоят аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли эканини айтади.
“Мазкур шаҳар суди ҳукмига норози тарафлар, ўзларининг шикоят аризаси билан вилоят судига мурожаат қилишга ҳақлидирлар. Агар ундай қилинмайдиган бўлса, у ҳолда Абдуллоҳ Нурматов ўзи яшаб турган жойдаги жазони ўташ махкамаси бўлимида рўйҳатга олинади ва у ерда бир йил давомида қайддан ўтиб туриши керак бўлади” – дейди Сахира Назарова.
Унинг сўзларига кўра, қандайдир бир маълумотни экстремистик деб аташ учун суднинг қарори талаб қилинади.
“Адвокатлар, Қирғизистон жиноий кодексининг 13 – “Экстремизмга қарши курашиш” моддасига асосан, маълумотлар фақат суднинг қарори асосидагина эктремистик дея топилиши мумкин эканини, Абдуллоҳ ишида эса, бундай қарор йўқлигини таъкидлади” – дея изоҳлайди “Бир Дунё Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўш бўлими матбуот котибаси Сахира Назарова.
Шунингдек, мазкур жиноий иш ҳуқуқ тартибот идоралари тарафидан қатор қонунбузарликлар билан олиб борилганини, жумладан “Ҳимоячилар фаолиятига тўсқинлик қилингани” ва гумонланувчи “қийноққа солингани”ни ҳам қўшимча қилади Назарова.
Эслатиб ўтамиз, Абдуллоҳ Нурматов ўтган йилнинг 15 сентябрида Қирғизистон Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитасининг Ўш бўлими ходимлари тарафидан қўлга олинган. Ундан бир ой аввал ўзининг “Одноклассники” ижтимоий тармоғида, ҳозирда 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган қорасувлик имом Рашод Камолов ва диний фаол Дилёр Жумабоевнинг суратларига “ёқди” белгисини қўйгани учун милиция ходимлари тарафидан ушланиб, кейинчалик қўйиб юборилган эди.
Ўтган йилнинг 15 сентябрида ҳавфсизлик идораси ходимлари Абдуллоҳнинг уйида уч соатдан ортиқ тинтув ўтказганлар ва натийжада мусиқа ёзилган флеш картани ашёвий далил сифатида қўлга киритганлар. Шу куннинг ўзидаёқ Абдуллоҳ Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитасининг вақтинчалик сақлаш жойида 48 соатга хибс этилиб, кейинчалик суд қарори билан уй қамоғига чиқарилган.
Ҳимоячиларнинг таъкидлашича, Нурматовни жиноий таъқиб этиш, у ўзини 20 августда милиция ходимлари тарафидан қийноққа солиниши юзасидан судга шикоят аризаси билан мурожаат қилганидан кейин бошланган.
Қийноқлар оқибатида жароҳат олган Абдуллоҳ, ўша куннинг ўзидаёқ, Қорасув ҳудудий шифохонасига ётқизилган. Унга ёпиқ мия тўқималари жароҳати, бош чайқалиши ва травматик жароҳат ташқислари қўйилган. Қийноққа солиш ҳолати суд-психологик ва суд-медицина экспертиза хулосалалри билан ҳам тасдиқланган.
Суд жараёнларида Абдуллоҳ ўзининг ноқонуний қўлга олиниши, қийноққа солиниши ва ижтимоий тармоқларининг яширин калитларини беришликка мажбур қилиниш холатларини айтган.
“Мени ҳақоратлаб, таҳқирлади ва урдилар. Мен ҳушимни йўқотдим. Эслолмайман, қанча вақт ўтганини. Менга сув сепишди ва яна уришди. Менга бу “ёқди” белгисни қўйдинг дедилар. Аслида мен унга ҳеч қандай белги қўймаганман. Мен бу яширин калитимни беришга ва босим остида қандайдир қоғозларга имзо қўйишга мажбур бўлдим. Шундан сўнгига, дадам ва адвокатим билан кўришишга руҳсат берди ва бизни ярим кечаси уйга қўйиб юбордилар” – дейди экстремистик маълумотларни сақлаганликда айбдор деб топилган Абдуллоҳ Нурматов.
ЎХҲ ахборот бўлими